Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:15

Президентдан ёрдам сўраб, милицияга тутилганлар


Уйлари Душанбе шаҳри ҳокимлиги қарори билан асоссиз текисланиб ташланаётганидан норози қирқтача аёл ва эркак бу адолатсизликка давлат раҳбари эътиборини тортиш учун Тожикистон президенти саройи ёнида намойиш ўтказди.

Бироқ Тожикистон президенти маъмурияти вакиллари намойишчилар арзини эшитишни истамади. Аксинча, Исмоил Сомоний тумани ички ишлар бўлими ходимлари намойишчиларга куч ишлатиб, уларнинг ҳаммасини автобусга жойлаб, Фирдавсий тумани ИИБнинг вақтинчалик сақлаш изоляторида бир муддат сақлаб туриш учун олиб кетди.

Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг босими остида тушунтириш хати ёзган айрим намойишчи кун ярмидан оққанда изолятордан қўйиб юборилди.

“Бугундан эътиборан биз уйсиз, бошпанасиз қолдик, ўз ҳуқуқларимизни сўраб, президентга мурожат этган эдик. Аммо, афсуски, биз адашган эканмиз”,- деди ўз исмини айтмаган намойишчи аёл.

“Нега президентимиз ҳарбий кийимда бориб, бизни Афғонистондан йиғиб келди, ўша қочқинлигимиз ватанда уйсиз қолганимиздан афзал эмасмиди? Агар бизни уй-жой билан таъминлай олмас экан, бор уйларни ҳам асосиз текислаб ташлар экан, бизни яна Афғонистонга олиб бориб ташласин”,- деди суҳбатга қўшилган бошқа бир аёл.

Ўзини Ибодулло, деб таништирган йигит эса президентдан ёрдам сўраб келган кекса онаси ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аёвсиз калтакланганидан шикоят қилди.

“Онамни калтаклаган милиция ходимлари уни ўзлари шифохонага олиб кетди. Врачларнинг айтишича, онамнинг қовурғалари, бош суяги қаттиқ лат еган”,- деди Ибодулло.

Марказга яқин бўлган Цементзавод маҳалласидаги юзга яқин уй Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоевнинг пойтахтни қайта қуриш бош режасига оид имзоланган қарори асосида текислатиб ташланмоқда. Уй-жойи текислатиб ташланаётган аҳолига эса оила аъзоларининг сонидан қатъи назар, бир хил ер ажратилиши айтилмоқда.

Ўзини Зуҳурбек, деб таништирган суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ажратилган ерда уй ҳукумат томонидан, аммо аҳоли маблағи эвазига қурилади.

“Ҳар бир оила ҳукуматга 50 минг доллар тўлаши айтилди. Агар бунча маблағга эга бўлганимизда шаҳар четидаги қишлоқлардан уй сотиб олган бўлар эдик, шунча ғавғо орттирмай. Аммо оладиган иш ҳақимиз бир халта унга етмайди. Қаердан оламиз шунча пулни? Бу халқни очиқдан-очиқ талаш эмасми”,- дея зорланди суҳбатдош.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Душанбедаги намойиш шоҳиди бўлган вакиласи Андреа Берг намойишчиларга куч ишлатилаётгани, улар ҳуқуқлари кўр-кўрона бузилаётганидан ташвишланиб гапирди.

“Қарийб 500дан ортиқ аҳоли бошпанасиз қолаётгани ҳеч кимни ўйлантирмаётгани жуда ташвишлидир. Ҳар бир демократик давлатда фуқаролар ўз ҳуқуқлари ҳимояланишини сўраб, давлат раҳбари ёки бошқа масъулларга мурожат этишга ҳақлидир. Аммо мен дунёга ўзини демократик давлат сифатида тақдим этаётган Тожикистонда буни кўрмадим”,- деди Андреа Берг.

Қайд этиш жоизки, сўнгги икки йил давомида биргина Душанбе шаҳрида мингдан ортиқ аҳоли шаҳар ҳокими қарори асосида уй-жойсиз қолдирилди.
XS
SM
MD
LG