Линклар

Икки ўзбек ёнғин қурбони бўлди


Қозоғистон пойтахти Остонадаги ресторанларнинг бирида ёнғин чиқиши оқибатида бу ерда официант бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик икки фуқаро ҳалок бўлди.

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати вакилининг билдиришича, “Байрам” ресторанида 13 апрель куни кечки соат 7да бошланган ёнғиндан сўнг бу ердан икки жасад топилган. Улар Ўзбекистон фуқаролариники экани аниқланган.

“Бу шахслар шу ресторанда официант бўлиб ишлаган. Ҳозирча уларнинг жинси аниқ эмас, бироқ иккаласи ҳам 1980 йилда таваллуд топгани маълум бўлди. Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг қайси шаҳардан экани ва исми-шарифини ҳам айта олмайман. “Байрам” ресторанидаги ёнғин маиший асосда содир бўлган ва ресторан хизматчиларидан фақатгина ўзбекистонлик икки фуқаро ҳалок бўлган, холос”,- деди ФВВ матбуот хизмати ходими.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ҳам бўлиб ўтган воқеадан хабардор экан.

“Лекин биз воқеани ўрганиш учун Остонага учиб бора олмаймиз. Консул жуда ҳам банд эканини кўриб турибсиз-ку. Бизга мурожаат этган ҳар бир кишига ёрдам кўрсатишга кучимиз етмайди. Биз бирор хабар эшитсак, ўша жойнинг милицияси ва миграция хизмати билан боғланиб, керакли маълумотларни оламиз. Кейин уйидагиларига хабар етказиш учун бу маълумотларни Тошкентга жўнатамиз. Уларни қанақа қилиб Ўзбекистонга жўнатиш масалаларида ҳаракат қиламиз”,- деди элчихонанинг ўз исмини айтмаган ходими.
XS
SM
MD
LG