Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:54

Қозоқ ҳукумати қарори Ўзбекистонда ун нархини янада кўтариши мумкин


Қозоғистон ҳукуматининг сентябрь ойигача ғалла экспортига тўлалигича тақиқ қўйгани қўшни мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистонда ун ва ун маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишига олиб келиши таъкидланмоқда.

Қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Беринтоев ғалла экспортига тақиқ қўйиш унчалик тўғри эмаслиги, чунки бу масала қўшни мамлакатларни ҳам четлаб ўтмаслигини билдирди.

“Қозоғистондан доимий равишда буғдой сотиб олаётган қўшни давлатлар озиқ-овқат хавфсизлиги айнан ғалла экспортига тақиқ қўйилганидан кейин хавф остида қолиши мумкин. Шунинг учун Қозоғистон ва унга қўшни давлатларда буғдой нархини бир меъёрда сақлаб қолиш учун Қозоғистон ҳукумати ғалла экспортига тақиқ ўрнига унга монополия ўрнатиши, яъни буғдой экспорти ҳуқуқини фақатгина давлат компанияларига бериши керак”,- деди иқтисодчи Қанат Беринтоев.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса гарчи Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришганини даъво қилган бўлса-да, Қозоғистоннинг ғалла экспортига қўйган тақиқи унга ҳам маълум даражада салбий таъсир қилиниши айтди.

Бироқ ўзбекистонлик иқтисодчи Виктор Ивонин Қозоғистоннинг ғалла экспортига қўйган тақиқи Ўзбекистон иқтисодига у қадар катта зиён келтирмайди, деган фикрда.

“Гап шундаки, биз деярли 80 фоиз ўзимизни ун билан таъминлаб келмоқдамиз. Бу ерда гап фақат уннинг сифатида ҳақида кетиши мумкин. Қозоғистон уни Ўзбекистонникига нисбатан анча сифатли. Ўзбекистон буғдойининг навлари паст ва биз улардан ем-хашак сифатида фойдаланамиз. Шунингдек, унни бир қанча давлатларга, жумладан, Афғонистонга экспорт қиламиз. Лекин ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати Қозоғистоннинг ғалла экспортига қўйган тақиқи ички бозорга салбий таъсир қилмаслиги учун зарур чоралар кўради ва биз ўз кучимиз билан юзага келиши мумкин бўлган инқирозни бартараф этамиз”,- деди Виктор Ивонин.

Аксар ўзбекистонликлар маҳаллий ундан кўра, Қозоғистонникидан фойдаланишни афзал билади. Шу боис, Қозоғистоннинг ғалла экспортига қўйган тақиқи оддий ўзбекистонликлар ҳаётига таъсир этмай қолмаса керак.

“Бизда Қозоғистон уни шундай ҳам қиммат. Одамлар олиб ишлатиши қийин бўлиб қолди. Бир кило қозоқ уни 1,5 минг сўм. Қиммат, роса қимматчилик бўлиб кетди. Энди нархлар яна ошади-да бўлмаса. Ўзимизнинг қоп-қора ердек ун 1000 сўм бўлиб кетади. Бу ундан тандирга ёпсангиз оқиб кетади”,- дейди андижонлик Сайёра опа.
XS
SM
MD
LG