Линклар

Қўйлиқда одам савдогарлари фаолият кўрсатади

  • Гулнора Равшан

Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бугунга қадар одам савдоси қурбони бўлган 2000 ўзбек фуқаросининг ватанига қайтишига кўмаклашди. Уларнинг аксарияти 16–25 ёшларда бўлган жувонлардир.

Душанбе шаҳрида “Йўқ бўлсин одам савдоси” мавзуида ўтказилаётган минтақавий йиғилишда қатнашаётган ваколатхона ходимаси Лилия Ҳамзаева бу ҳақда гапирар экан, ўзбек аёллари, асосан, Бирлашган Араб Амирликларидан қайтарилаётганини билдирди.

“Бундан ташқари, ўзбек қизлари энг кўп қулликка сотилаётган давлатлар сирасига Таиланд, Туркия, Сингапур ва Малайзия ҳам киради. Меҳнат муҳожирлиги туфайли одам савдоси қурбони бўлаётганлар кўпинча Қозоғистон ва Россияда кузатилмоқда”,- деди Лилия Ҳамзаева.

Унинг айтишича, Тошкентнинг Қўйлиқ мавзесидаги транзит нуқтада 16-18 ёшли қизларни қўрқитиш ва куч ишлатиш йўли билан олиб кетиб, қўшмачиларга сотадиган жиноий гуруҳ фаолият кўрсатади.

“Қўйлиқдан олиб келинадиган 1990–1992 йилларда туғилган ҳар бир қиз учун қўшмачи шахслар бу гуруҳ аъзоларига 400дан 800 долларгача пул беради. Бу гуруҳ қизларни мажбуран машинага жойлаб, асосан, Қозоғистон ҳудудига олиб кетади”,- деди Л.Ҳамзаева.

Унинг таъкидлашича, ўзбек қизларининг қулликка сотилиши ҳолатларини камайтириш мақсадида Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистондаги ҳуқуқ- тартибот идоралари билан биргаликда Қозоғистон, Россия ва БААдаги ҳамкасблари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Шунга қарамай, ўзбекистонлик қиз-жувонларнинг жинсий қулликка сотилиши ҳолатлари камаймаётир. Зеро, дунёда одам савдосига қарши курашиш учун биргина нодавлат ташкилотларнинг уринишлари иш бермайди. Бунинг учун бутун жамоатчилик, хусусан, фуқаролари алдов ёки зўрлик йўли билан, айрим ҳолларда била туриб қулликка тушаётган мамлакат расмийлари ташаббус кўрсатиши шарт.

Л.Ҳамзаева 2003 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланганликда айбланган 200 киши устидан жиноят иши ниҳоясига етказилганини маълум қилди. Аммо Ўзбекистондаги одам савдоси қурбонлари ва унда гумонланаётган кишилар сони Тожикистондагига солиштирилса, бу жуда оз.

Тожикистон бош прокурори ўринбосари Абдусами Дадабоев сўзларига кўра, Тожикистонда БААга одам сотиш билан шуғулланган атиги 33 кишига нисбатан жиноят иши очилиб, айни пайтда уларга қидирув эълон қилинган.

“Жорий йилда БААга қулликка сотилган фақат бир киши расман рўйхатга олинган, холос. Ўтган йилнинг шу даврида эса 13 та ана шундай ҳолат аниқланганди. Мамлакат ичкарисида эса жорий йилда балоғат ёшига етмаган болаларни сотишга оид 8 та ҳолат қайд этилди “,- деди А.Дадабоев.

Халқаро миграция ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси эса мавзу юзасидан батафсил маълумот беришни истамади.

Ваколатхонанинг билдиришича, яқин кунларда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Ўшанда хорижий давлатларда қулликка сотилган тожикистонлик фуқаролар ва бу жиноятда қўли борлиги гумонланаётган шахсларнинг аниқ сони ҳақида оммавий ахборот воситаларига маълумот берилади.
XS
SM
MD
LG