Линклар

logo-print

Тожикистон Хитой ва Австралиядан ғалла импорт қилади

  • Гулнора Равшан

Россия ва Қозоғистон ғалла экспортини вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг Тожикистон ҳукумати Хитой ва Австралиядан буғдой сотиб олишни режалаштирмоқда.

Тожикистон Божхона хизмати бошлиғи Гурез Зариповнинг айтишича, жорий йилда мамлакат ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 минг тонна кам ғалла сотиб олган. Ҳукумат давлат захираси учун бу йил 200 минг тонна ғалла импорт қилишни режалаштирган. Аҳоли эҳтиёжини қондириш учун йилига 700 минг тонна ун ва ғалла сотиб олиниши керак.

Дунёда дон маҳсулотлари нархи ошиб бораётгани тожикистонлик тижоратчиларнинг бу маҳсулотларни мамлакатга олиб келишига ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Шунинг учун уларга муаяйн имтиёзлар яратиб бериш эҳтиёжи мавжуд.

“Албатта, тижоратчилар томонидан ҳам айнан шундай талаб-таклифлар кўплаб тушган эди. Ҳукумат мамлакат бозорларини ғалла маҳсулотлари билан таъминловчи тижоратчилар учун қўшимча қиймат солиғини 10 фоизга камайтиради”,- деди Г.Зарипов.

Хўш, Россия ва Қозоғистон ғалла экспортига чеклов белгилаганидан кейин Тожикистон ўзи учун зарур 700 минг тонна ғаллани қаердан сотиб олмоқчи?

“Ҳукумат бу борада турли чора ва тадбирлар ўйламоқда. Яқинда ҳукумат махсус комиссияси Хитой ва Покистон ҳамда Австралияга жўнаб кетди. Айни кунларда бу мамлакатлар расмийлари билан Австралиядан Покистон орқали ва Хитойдан ғалла импорт қилиш борасида музокаралар давом этмоқда”,- деди Тожикистон Божхона хизмати раиси.

Айтиш жоизки, қаҳратон қишдан катта талафотлар билан чиққан Тожикистонда ғалла ва ун нархи сўнгги бир ой давомида 15 фоиз қимматлади.
XS
SM
MD
LG