Линклар

“Ўзбеклар Приморье ўлкасидан хитойларни сиқиб чиқармоқда”

  • Сарвар Усмон

Бу – “PrimaMedia” ахборот агентлиги 17 апрель куни тарқатган хабарлардан бирининг сарлавҳаси. Агентлик хабарига қараганда, Владивостокка иш излаб бораётган МДҲлик мигрант ишчиларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбекистонликлардир.

Владивосток – география тугайдиган жой. У ёғи океан. Тошкент билан Владивосток орасидаги вақт тафовути 6 соатдир. Тошкентликлар энди кечки овқатга уннаётган вақтда владивостокликлар учинчи тушни кўраётган бўлади. Ўзбек муҳожирлари ўша жойларни ҳам забт этмоқда.

“Биз келганда ўзбеклар деярли йўқ эди. Ҳозир 20-30 баробар кўпайди, деса ҳам бўлаверади. 10 та руснинг орасида, албатта, 2 таси ўзбек бўлади”,- дейди 5 йилдан бери Приморье ўлкасида ишлаётган йигит “Озодлик” билан суҳбатда.

Ўзининг қайси қишлоқдан экани у ёқда турсин, ҳатто қайси вилоятдан эканини ҳам айтишни истамаган ўзбекистонлик йигит Владивостокка тирикчилик мақсадида келганини яширмади.

“Қорним очлигидан, уй қура олмаганимдан уй қураман, деб яхши ниятлар билан келдим. Бу ерда ўзбеклар қурилишда ишлайди. Савдода эса фақат фуқаролиги борлар ишлайди. Қолганлар қурилишда ишчи, кўчада фаррошлик қилади. Бу ерда ўзбеклар ўртача 12-15 минг рублдан (500-600 доллар) топади”,- дейди суҳбатдош.

Унинг билдиришича, вақт ўтган сайин оддий владивостокликларнинг ҳам, милицияю бошқа маъмурларнинг ҳам ўзбекларга муносабатида аввалги илиқлик йўқолиб бормоқда.

“Айб ўзимизда. Милицияси бошқа шаҳарларникига қараганда муносабати яхши. Лекин ўзимизникилар секин пул беришларга ўргатиб қўйяпти”,- деди йигит.

“PrimaMedia” ахборот агентлиги хабарига кўра, биргина 2007 йилнинг ўзида Приморье ўлкасида ўзбекистонлик 13 минг киши, 3200 қирғизистонлик, 2800 тожикистонлик миграция қайдидан ўтказилган. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида яна 8 минг нафардан зиёд марказий осиёлик миграция идорасига қайд этиб қўйишларини сўраб мурожаат қилган. Бу ўтган йилнинг худди шу давридагидан 26 фоиз кўпдир.

“2007 йилда МДҲ мамлакатларидан Приморьега иш излаб келганлар худди шу мақсадда келган хитойликлардан илк бор кўп бўлди”,- деб ёзди агентлик.

МДҲ мамлакатларидан келаётганлар орасида эса кўпчиликни ўзбекистонликлар ташкил этмоқда.
XS
SM
MD
LG