Линклар

Фермер заводни судга бериб ҳам ҳақини ундира олмаяпти


Урганч тумани пахта тозалаш заводига топширган пахтасининг ҳақини ололмагани учун завод маъмуриятини судга берган хоразмлик фермер Отаназар Оллаберганов ҳунузгача ҳақини ундира олмаяпти.

О.Оллабергановнинг “Шарифбой” фермер хўжалиги 10 гектар ерда деҳқончилик қилади. 2005 йилда фермер 8 гектарга пахта экиб, давлатга 25 тонна пахта топширган.

Унинг айтишича, ҳанузгача пахта ҳосилининг тахминан 700 АҚШ доллари миқдоридаги пулини ололмаяпти. Хоразм вилояти хўжалик суди фермер фойдасига қарор чиқарганига қарамай, ўз ҳақини ҳануз ундиргани йўқ.

“Суд пахта тозалаш заводидан 889.900 сўм пулимизни ундириш тўғрисида қарор чиқарган. Прокурорга мурожаат қилсак, у ҳам қонунни бажаришдан қочади. Суд ижрочиси ëнига борсак, қоғозимизни ҳам қабул қилмайди. Почта орқали жўнатсак, бизга жавоб ҳам келмайди. Адлия вазирлигига, президент девонига ëзиб чарчадик. Шу пулни пахта заводи тўлай олмади ва ҳозир ҳам тўлай олмайди. Бу пулни олиш учун анча жанжаллашиш керак. Масалан, бу йил топширилган пахтанинг пулини келаси йил сентябрь ойигача беришади”,- деди О.Оллаберганов.

Вилоят мутасаддиларининг билдиришича, айни пайтда Урганч тумани пахта тозалаш заводи тугатилгани боис, фермерга завод қарзини ундириш масаласи кечиктириляпти.

Хоразм вилояти фермерлар уюшмаси раҳбари Ибодулла Қўчқоров сўзларига кўра, уларга ҳақини ололмаётган фермерлар мурожаат қилган тақдирда бу муаммони ҳал қилишга кўмаклашишлари мумкин.

“Ҳозиргача бизга пахта заводидан пулини ола олмагани тўғрисида мурожаат қилган одам бўлмади”,- деди И.Қўчқоров.

Хоразмлик фермердан фарқли равишда хўжайлилик фермер Кубай Ортиқов суд орқали ўз ҳақини ундиришга муваффақ бўлган.

“Олдинги йилдан қолган 800.000 сўм пулимни суд орқали ундириб олдим. Мен 2006 йилни назарда тутяпман. Лекин ўтган йилги пахта ҳосилидан 4 миллион пулимни ололмаётибман. Шу сабабли ҳам фермерлар халққа қарздор бўлиб, хонавайрон бўляпти. Пахтани сота олмаяпмиз, пахта толаси ўтмаяпти, дейди. Дардимизни президентга етказишнинг иложи ҳам йўқ. Фермерлар билан очиқдан-очиқ мулоқот ҳам йўқ. Оқибатда қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик нормал ишламаяпти”,- дейди К.Ортиқов.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов бу вилоятда ҳам ҳақини ололмаётганлар кўплигини билдирди.

“Фермерлар ҳар битта техникани нақд пул билан ишлатади. Чунки давлат томонидан етарли техника йўқ. Фермерларнинг ўзида кам. Нақд пул бермасангиз техника ишлата олмайсиз. Давлатдан эса нақд пул олиб бўлмайди. Натижада фермерлар молини сотиб, техника ишлатишга мажбур бўляпти”,- деди М.Азимов.

Фермер хўжаликларининг давлатга топширган пахта ҳосилининг ҳақини нега ўз вақтида ололмаётгани сабабини маҳаллий ҳокимликлар вакиллари изоҳлашни хоҳламади. Улар бу каби ҳолатларда фермерлар судга мурожаат қилиб, ўз ҳақларини ундириши мумкинлигини таъкидлади, холос.
XS
SM
MD
LG