Линклар

logo-print

Гулнора Олтиева: “Ноҳақликлар рўëбга чиқиши учун ўзимни ëқаман”

  • Садриддин Ашур

Бундан бир неча кун муқаддам беш йилга озодликдан маҳрум этилган исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жуманинг хотини Гулнора Олтиева Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга очиқ мактуб йўллади.

Мактубда айтилишича, Юсуф Жума ҳақ сўзлагани учун ноҳақ қамалган ва бу учун шахсан президентнинг ўзи жавобгар.

“Мен бугун шахсан сизнинг буйруқларингиз туфайли жабр кўраётган жабрдийда она ва адолатпеша шоирнинг рафиқаси сифатида сизни Аллоҳга солдим.

Турмуш ўртоғим ва болаларимни Худога омонат топширдим.

Сиз дўст, деб ўйлаётган дўстларингиздан бири, маслаҳатчингиз Хайриддин Султонов: “Юсуф Жумаев ҳукмини шахсан Ислом Каримов буйруғи билан ўзим ëздим”, деб айтган.

Сизга яна бир бор инсоф ва мардлик тилайман.

Мард шоҳ агар халқнинг кўпчилик қисми томонидан сайланган бўлса ва ўзи ҳам бунга ишонса, “Истеъфо бер, кет!” дея ҳайқирган шоирнинг сўзидан қалтираб қолмайди.

Мард шоҳ ўз оиласини кўкка кўтариб, бошқаларнинг оиласини, аёлини, онасини қувғинга олмайди.

Мард шоҳ ўз фарзандини мансабга миндириб, ўзгаларни фарзанд доғида ёндирмайди.

Мард шоҳ мард бўлади. Сизга мардлик тилайман”,- дейилади мактубда

Гулнора Олтиеванинг “Озодлик”ка айтишича, агар Ўзбекистон президенти ноҳақ қамалган эрини қамоқдан озод қилмаса, халқаро ташкилотлар ҳам бу ҳолатга бефарқ бўлса, у энг сўнгги чора сифатида ўзига олов қўяди.

“Эшитинглар, мен ўзимни ўзим ëқиб юбораман. Агар эримни чиқаришмаса, ва ЕИ санкцияларини бекор қилса, халқаро ташкилотлардан қайси бирига оëғим етса, унинг олдида ўзимни ëқаман. Келажак ноҳақлик қурбони бўлганимни кўрсин ва эсласин. Мен дунëдан тўйдим. Келажак учун ўзимни ëқаман. Ноҳақликлар рўëбга чиқиши учун ўзимни ëқаман. Мен ўзимни ўзим ëқишга аҳд қилдим ва мен аҳд қилган йўлимдан қайтган эмасман”,- деди Г.Олтиева.

Хўш, Гулнора Олтиева айтган бу гаплар, унинг мактуби ва шу қаторда Ўзбекистондаги ҳақсизликдан арз қилиб, президент номига ёзилган минглаб хатлар ўз эгасига етиб борадими? Президент ёки унинг девони бу хатларга жавоб берадими ёхуд бу мактублар ўрганиладими?

Президент девонидан “Озодлик”ка бу ҳақда гапирган манбага кўра, девонга келиб тушган барча хатлар кўриб чиқилади ва энг муҳимлари президентга олиб кирилади. Бошқа мактублар эса текшириш учун тегишли ташкилотларга юборилади.

Лекин оддий кишилар президентга ёзилган мактублар давлат раҳбарига етиб боришига ишонмай қўйган.

“Президентимизнинг ўзи бу хатларни ўқимайди. Ўқийдиган одамлари бор. Керакли хатларни киргизишса керак. Ҳа, президентга яхши хатлар келар экан, дейдиган хатлар киритилади. Муаммо билан, ҳақини талаб қилиш билан ëзилган хатлар кирмаса керак”,- дейди қўқонлик бир суҳбатдош.

Илгари хўжалик раиси бўлиб ишлаган қорқалпоғистонлик суҳбатдош ҳам шикоятлар президентга етиб бормаслигини айтади.

“Ҳа, мен шу аҳволга тушганман. Хўжайли туманининг аввалги ҳокими Давлатназар Султонов қилган ишлар ҳақида ёзганимдан кейин президентимиз ҳар томонлама хатлардан қўриқланганлигига кўзим етди. Интернетларга чиқиб ўқимаса, президентимиз қулоғини бир тўда одамлар асрайди. Оддий фуқаронинг аризаси етиб бормаса керак. Мен шу ҳолатни ўз бошимдан ўтказганман. Ҳатто бош прокурорга ҳам хат етиб бормас экан”,- деди собиқ раис.

Унинг сўзларига кўра, вилоят ҳокимлари ва бошқа катта амалдорларнинг президент девони билан ўзига хос алоқаси бор. Шунинг учун ҳам президент номига ёзилган мактублар яна вилоятларнинг ўзларига текшириш учун қайтиб келаверади.

“Маълумот учун яна шуни айтишим керакки, вилоятларда ўтирган раҳбарлар ўз вилоятидан президент девонига, Бош прокуратурага, ҳатто Олий суд девонига келган мактубларни қўлга киритишга ҳаракат қилар экан. Агар вилоятдаги катталарга зарарли хат келиб қоладиган бўлса, бизга хабар берсангиз, дейишаркан. Буни бир мен эмас, катта давлат идораларига шикоят қилганларнинг ҳаммаси айтяпти”,- деди қорақалпоғистонлик суҳбатдош.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, президент номига ёзилган хатларнинг мингдан бири унга киритилиши мумкин. Қолгани девонда қолиб кетаверади.

“Президент девони ҳаттоки шу хат, шикоят ëзувчиларга жавоб ëзишни ҳам ўзига муносиб кўрмайди. Бу эса халқ билан ҳокимият орасида умуман алоқа йўқлигидан дарак беради”,- деди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG