Линклар

logo-print

Биологик ёқилғи ишлаб чиқаришга қаршилик кучаймоқда

  • Ҳасанжон

Дунё бўйлаб нефть нархининг рекорд даражада ошиб бораётгани энергетика захирасига эга бўлмаган давлатларни муқобил энергия манбаларини излашга мажбур қилмоқда.

Айрим давлатларда ўсимликдан биологик ёқилғи тайёрланаётгани иқлим исишининг олдини олиш баробарида энергия муаммосига ечим топилгандек бўлиб кўринди. Бироқ бу дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошишига сабаб бўлди.

Ҳозир АҚШда етиштирилаётган маккажўхорининг бешдан бир қисми “этанол”, деб аталаётган биологик ёқилғи тайёрлаш учун ишлатиляпти. Шакарқамишдан этанол ишлаб чиқараётган Бразилия биологик ёнилғи экспорт қилувчи дунёдаги энг йирик давлат ҳисобланади. Европа Иттифоқи 2020 йилга қадар тузилма ҳудудидаги транспорт воситаларининг 10 фоизи биологик ёнилғида юришини режалаштирган. Буюк Британияда 15 апрель куни кучга кирган янги қонунга кўра, мамлакатда сотилаётган барча бензин ва дизел ёнилғиси таркибида камида 2,5 фоиз биологик ёнилғи бўлиши шарт.

Бироқ сўнгги ойларда озиқ-овқат нархи кескин кўтарилиб, қатор давлатларда зўравонликлар юз берганидан кейин биологик ёқилғи энергия муаммосини ҳал этишнинг тўғри йўли экани ҳақидаги фикр шубҳа остида қолди. Шу ҳафтанинг ўзида Буюк Британия ташқи ишлар вазири Алистер Дарлинг биологик ёқилғи ҳақидаги халқаро дастурларни қайта кўриб чиқишга чақирди. Илмий маслаҳат комиссияси ЕИни 2020 йилга белгиланган режани тўхтатишни тавсия қилди. БМТнинг озиқ-овқат ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Жан Зиеглер оммавий равишда биологик ёқилғи ишлаб чиқаришни “инсониятга қарши жиноят”, деб атади.

Воқеаларнинг бундай ривожи озиқ-овқатни ёнилғига айлантириш мумкинми, деган ўринли саволни ўртага қўймоқда.

Вашингтондаги Ер сиёсати институти ходими Жанет Ларсен бу саволга шундай жавоб берар экан: “Автомобилларга ёнилғи олаётганимиз ғаллага бўлган эҳтиёж ортгани учун сўнгги бир йил ичида буғдой нархи икки баробар ошди, маккажўхори нархи қимматлашди, соя нархи ошяпти, гуруч нархи эса рекорд даражага кўтарилди. Кам даромадли оилалар ва буғдой импорт қилувчи давлатлар учун бу нимани англатади? Бу улар бор маблағини энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари учун сарфлаши кераклигини англатади”, – деди.

Танқидчилар биологик ёнилғининг айрим турлари атмосферага кўпроқ ис гази чиқариши баробарида ўсимлик ўстириб, ундан ёнилғи тайёрлаш учун кўп ёқилғи сарфланишини айтмоқда.

Айни пайтда биологик ёқилғи тайёрланадиган ўсимликлар одам истеъмол қиладиган қишлоқ хўжалик экинлари ўстириладиган майдонларни эгаллаб бормоқда. Танқидчилар озиқ-овқат нархининг ошишида биологик ёнилғи тайёрлаш ҳам қисман сабабчи, деган фикрда.

АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс шу ҳафтада қилган чиқишида биологик ёқилғи ва озиқ-овқат нархининг ошиши ўртасида боғлиқлик борлигини таъкидлади.

“Биз озиқ-овқат муаммоси, асосан, биологик ёқилғи билан боғлиқ эмас, деб ўйлаймиз. Озиқ-овқат бўҳрони қисман ўғит, озиқ-овқат маҳсулотлари ташишда ишлатилаётган энергия нархининг қимматлашгани билан ҳам боғлиқ”, – деди АҚШ давлат котиби.

Ҳозир ўсимликдан тайёрланаётган биологик ёқилғининг “биринчи авлоди” фойдали бўлгани масаласи тортишувларга сабаб бўлмоқда. Айрим кишилар ҳосилдан эмас, балки сомондан олинадиган биологик ёқилғининг “иккинчи авлоди” фойдали ва муваффақиятли бўлишига умид қилмоқда. Бироқ мутахассислар фикрича, агар етарли миқдордаги сармоя тўғри мақсадларда сарфланса, бу турдаги ёқилғи 4 – 5 йилдан кейин сотувга чиқиши мумкин.
XS
SM
MD
LG