Линклар

logo-print

Сув омборлари ва каналлар ҳамкорликда тозаланади

  • Гулнора Равшан

Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мамлакатдаги сув омборларини лойқадан тозалашга киришмоқда. Бу тадбир Ўзбекистоннинг Бекобод, Ховос, Янгиер ҳудудлари аҳолисини сув билан таъминловчи, Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманидан ўтувчи Дилварзин каналидан бошланади.

Тожикистон сув ва мелиорация вазири ўринбосари Ҳакимжон Ҳасановнинг билдиришича, Мастчоҳдан ўтувчи икки – Қуйи ва Юқори Дилварзин каналлари бор.

“Асосан, Ўзбекистоннинг Янгиер, Ховос ва Бекобод туманлари аҳолиси ҳамда қишлоқ хўжалигини йил бўйи сув билан таъминлайдиган Қуйи Дилварзин канали Тожикистон учун хизмат қиладиган Юқори Дилварзиндан анча пастда жойлашган. Шунинг учун бу канал тез-тез лойқага тўлади. Ҳозир ҳам Қуйи Дилварзин лойқага тўлгани сабабли Ўзбекистон ҳудудига сув жуда кам оқиб ўтмоқда. Бизнинг ҳозирги асосий вазифамиз Қуйи Дилварзинни лойқадан тозалаш ва қўшниларнинг сув муаммоларини ҳал этиб беришдир”,- деди Ҳ.Ҳасанов.

Унинг сўзларига кўра, Қуйи Дилварзин Тожикистон ҳисобидан тозаланади. Бироқ Тожикистоннинг шимолий қисмида жойлашган сув омборлари ўзбекистонлик ҳамкасблар билан биргаликда тозаланади.

“Қайроққум сув омборида бир миллиард куб метр лойқа тўпланган. Агар биз уни тозаламасак, келгусида асосий истеъмолчи бўлган Ўзбекистон учун сув билан боғлиқ катта муаммолар туғилиши табиий. Ўзбекистон ҳукумати ҳам бу муаммони тушунган ҳолда жорий йил май ойи бошларига қадар бир гуруҳ мутахассислари ҳамда лойқа тозалаш кемаси учун зарур ёқилғини Сўғд вилоятига юбориши борасида келишувга эришган. Ўзбекистонлик ва бизнинг мутахассислар биргаликда Қайроққумни лойқадан тозалашга киришади”,- вазирлик ўринбосари.

Ҳ.Ҳасановнинг таъкидлашича, ҳар бир квадрат метр майдонни лойқадан тозалаш учун 1 АҚШ доллари миқдорида маблағ зарур бўлади. Сув омборини лойқадан тозалашга кетадиган маблағ Ўзбекистон ва Тожикистон томонидан тенг сарфланади.

Ҳ.Ҳасанов Норак сув омбори масаласига тўхталиб, аслида унга 10 миллиард куб метр сув сиғиши, лекин лойқа тўпланиб қолгани сабабли айни пайтда унинг ҳажми 4,5 миллиард куб метрга тушиб қолганини билдирди.

“Афсуски, биз Норак сув омборини лойқадан тозалаш имконига эга эмасмиз. Чунки унинг чуқурлиги 300 – 350 метрни ташкил этади. Бизда мавжуд лойқа тозалаш кемаси эса атиги 15 метр чуқурликдаги лойқани тозалай олади”,- деди Ҳ.Ҳасанов.

Унинг айтишича, Норак сув омборини лойқадан тозалашнинг бир йўли бор. У ҳам бўлса, Роғун ГЭСни қуриб ишга туширишдир. Ундан ташқари, Тожикистон раҳбари Норакда тўпланган катта ҳажмдаги лойқани тозалашнинг қулай ва самарали йўлини топиш борасида маҳаллий олимларга топшириқ берган.

Ҳ.Ҳасанов Марказий Осиё сув захиралари ва трансчегара дарёлар сувидан фойдаланишга доир концепциянинг Ўзбекистон томонидан имзоланмагани ва икки орада мавжуд келишмовчиликни хорижий экспертлар ҳам ҳал эта олмагани борасида тўхталар экан: “21-23 апрель кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Сув ва мелиорация ҳамда Энергетика вазирликлари вакиллари айни шу мавзуда йиғилиш ўтказади ва унда концепция тақдири ҳал бўлади”,- деди.
XS
SM
MD
LG