Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:48

Исмоил ота қишнинг заҳрини баҳор офтобида ювяпти


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Tb5CHqFJ0oN9aM:http://www.lmp.ucla.edu/images/Uzbek.GIF “Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бугунги сони географияси Россия, Тожикистон ва албатта, Ўзбекистон. Унда тилга олинадиган ўзбеклар - Қашқадарёлик Исмоил ота Раҳматуллаев, Шўрчи-душанбелик олим Ғаффор Мингниёзов, Россияда ишлаётган меҳнат муҳожири қўқонлик Шерзод ва бошқа мигрант ишчилар.

Исмоил отанинг 72-баҳори

Қашқадарёлик оқсоқол Исмоил ота Раҳматуллаев бу йилги қишдан ўлмай, соғ-саломат чиқиб олганига хурсанд. То пенсияга чиққунига қадар чорвадор бўлган 72 ёшли Исмоил ота Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган қаҳратон совуқда ҳам ХХI асрнинг 2007 йили қишидаги каби қийналмаган экан.

“Ўзбек дунёси”га ўзининг дунёсини очар экан, отахон сўнгги ўн саккиз йил ичидаги энг қувончли кунларим шу кунлар, деди. Ўзимни баҳорнинг офтобига солиб ўтирибман, деди.

Исмоил ота гапиради:

“Шу ëшга киргунимча ҳаëтимда 4 та энг оғир қишни кўрдим. Биринчиси 1943-1944 йилдаги қиш, иккинчиси 1964-1965, учинчиси 1969, охиргиси 2007 йилдаги ўтган қиш. Буларнинг ичида менга энг оғири бу йилги қиш бўлди. 1943-1944 йилларда оғир уруш йиллари бўлса ҳам биз сандал қилар эдик, ўчоқ қилар эдик. Бир бало қилиб уйимизни қиздирар эдик. Онамиз ҳарна бизни сандалда сақлаб, совуққа олдирмай олиб чиққан эди. Бу ерда энди 5 қаватли уйда турамиз. Бу йил совуқдан ўлиб қолаëздик. Айниқса, бу йил қишда бир қизиқ ўйин бўлди. 2007 йилнинг 22 ноябрь куни кранимиздан иссиқ сув келиб қолди. “Худо берди, хайрият. Бу ëқда қиш келяпти. Энди яхши бўлади, шекилли”, деб хурсанд бўлиб ванналарга сув олиб, ювиниб кайфиятимиз кўтарилган эди. Сув тармоғининг одамлари чопа-чоп қилиб келиб: “Иссиқ сув келдими? Ҳаммаси яхшими?” деб сўраб, анча меҳрибончилик кўрсатди. Биз ҳайрон қолдик. 23 декабрь куни сайлов бўлиб ўша хурсандчилик эвазига президентни сайладик. 25 декабрь куни кранимиздан келиб турган иссиқ сув тўхтади. Ана энди томошани кўринг. Бу ҳаëтнинг масхарабозлигини кўриб ҳайрон қолдик. Совет давридан қолган кийимларимни кийиб юрибман. Кундан-кунга ҳаëт оғирлашиб боряпти. Нафақа, ойлик, маошларни ҳар замонда президентимиз кўтаряпти. То бу ошган нафақа келгунча нарх-наво 2-3 баробар бўлиб кўтарилиб кетяпти. 1 апрелда ойликлар ошди ва ун, ëғ, шакар ва бошқа маҳсулотлар нархи ниҳоятда кўтарилиб кетди. Ўтган йил октябрь ойида килограмми 200-250 сўм турган картошка ҳозир 800 сўм. Рўзғорга кунда кетадиган нарсаларни оладиган бўлсак, бир суткада энг камида 8000 сўм кетади. Ҳар замонда ярим кило гўшт олишга тўғри келади”.

Сув келтирган ўзбек

Бу сарлавҳа ўзингиз билган “сув келтирган хор, кўза синдирган азиз” мақолидан.

Лавҳамиз қаҳрамонини хор, демоқчи эмасмиз. Лекин кўза синдирганларнинг азизлиги ҳам гумон. Кўза синганига анча – 15 –16 йил бўлиб қолди. Ўзбекистон ўз ёзувини кириллдан лотинга кўчиришга қарор қилдию, атрофдаги ўзбеклар кириллда қолиб кетаверди.

Яқин атроф – Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Қозоғистондаги ўзбеклар қарийб 3 миллион нафар атрофида. Шунча ўзбекнинг умумўзбек дунёсидан айрилиши алоҳида ўрганиладиган улкан масала.

Шунча ўзбекни умумўзбек дунёсидан айириш йўлидаги дастлабки қадам ташқаридаги ўзбек ўғил-қизларни дарсликсиз қўйиш бўлди. Ташқаридаги ўзбеклар ўз ёғига ўзи қовурила бошлади. Ўзбек мактаблари учун кирилл ёзувида дарслик ёза бошлади ташқаридаги ўзбеклар.

Педагог олим Ғаффор Мингниёзов таги сурхондарёлик. Олий маълумотни Тожикистонда олгач, она юрти Шўрчи туманига қайтиб ўқитувчилик қилди. Тожикистон педагогика институтида ўзбек факультети ташкил қилингач, у шу ўқув юртига ишга таклиф қилинди.

Ғаффор ака Тожикистондаги ўзбек мактаблари учун математика дарсликлари ёзган олим.

“Биз ҳақ берамизми, бермаймизми, сиз ўзбек фарзандлари учун меҳнат қилингда, деди. 5-синф ўқувчилари учун биринчи китоб 3 ойда тайëр бўлиши керак. Мен 3 ойда китоб ëзиб бўладими, дедим. Ҳа, энди ҳаракат қиласиз, ëзасиз, дейишди. Биринчи ëзишда анча қийин бўлди. Кечалари билан фарзандларим, оилам бир хонада бўлса, мен ошхонада ўтириб шуни ëздим. Кейин бу қўлëзма бўлди. Мен уни олиб бориб топширдим. Бу китоб чоп қилинди ва чоп қилинганда жуда кўп хатоликлар бўлди. Бир неча марта грамматик хатолар, математик белгилар нотўғри тушиб қолиши, баъзи бир масалалар тушиб қолиши бўлди. Шундай қилиб, қариб қолган бўлсам ҳам Тожикистондаги ўзбек ўқувчиларига шуни бажардим”,- дейди олим.

Бу 7-8 йил аввалги гаплар. Ўтган давр мобайнида доцент Ғ.Мингниёзов ёзган математика, геометрия дарсликлари 10дан ортиб кетди. Лекин ўзбекистонлик олимлар билан олим дарсликларни ёзиш жараёнида ҳамкорлик қила олмади.

“Чунки Ўзбекистонга бориш ҳозир жуда оғир. Икки йил олдин бир марта бордим. Икки кун овора бўлиб, тобим қочиб қайтиб келдим. Лекин уларнинг лотинча ëзган китобларидан доимо фойдаланиб келдим”,- деди олим.

Доцент Мингниёзов ёзган дарсликлардан қозоғистонлик ўзбек ўғил-қизлар ҳам фойдаланмоқда.

“Педагогика фанлари академияси президенти Лутфуллаев ва Қозоғистон педагогика фанлари органидан бир киши келиб: “Сиз Мингниëзовни танийсизми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, танийман. Биз бирга ишлаймиз”, дедим. “Ўша кишининг китобидан Чимкент вилоятидаги ўзбеклар фойдаланяпти. Раҳмат, деб айтинг. Биз ҳозир ўшандан фойдаланяпмиз”, деди. Эски урф-одатларимизни ҳам унутганимиз йўқ. Ўқувчилар билсин. Ўша 5-синфга дейилган дарсликка йилномадан кейин қўшимча материал сифатида қўшдим. Катта чилла қачон бошланади, кичкина чилла қачон бошланади, Ҳуд нима, ойларнинг эски мусулмонча номлари нима кабиларни киритдим. Мақсадим улар ўзимизнинг эски тарихимизни ҳам билсин”,- дейди олим.

Дарсликлар Ғаффор ака Мингниёзовнинг кичик дунёси. Унинг катта дунёси ҳам бор. Оиласидир ўша дунё. Фарзандларидир.

“Биттаси Москвадаги Кибернетика ва кимё-технология институтини тамомлаган. Биттаси Жисмоний тарбия институтида ўқ отиш бўйича мураббий. Биттаси врач. Кенжа ўғлим андролог ва қизим врач. Мен шу 4 та фарзандимни ўқитувчилик ойлигим билан олий маълумотли қилдим Худога шукур, мен фарзандларимдан минг марта розиман. Улар келиб хабар олади”,-деди суҳбат сўнггида Ғ.Мингниёзов

Сарсон-саргардонликда

Москва вилоятидаги Королёв шаҳрида уч ўзбекистонлик ва бир тожикистонлик меҳнат муҳожирининг жасадлари топилганини хабар берди 17 апрель куни бир қатор ахборот агентликлари. Жасадлар шаҳардаги мева-сабзавот базаси ҳудудидаги омбордан топилган.

Маълум бўлишича, нобуд бўлганлар ана ўша омборда яшаган ва тунда плитадан чиққан газ уларни элитиб қўйган.

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан баъзиларининг умри айнан шундай якун топаётгани тўғрисидаги хабарлар тез-тез пайдо бўлиб туради.

Шунинг учун уларнинг қандай шароитларда яшаётганига қизиқдик.

Асли қўқонлик, ҳозирда Рязань шаҳридаги қурилишлардан бирида ишлаётган Шерзод исмли йигитнинг фикрича, Россияда юрган ўзбекистонликларнинг ҳаммасиниям Королёв шаҳридаги сабзавот базасида ўлган йигитлардай омборхонада яшайди, деб бўлмайди.

“Эшитишим бўйича Россияга келганларнинг 30 фоизи худди шунақа шароитда яшар экан. Уларнинг қўлида, биринчидан, ҳунари йўқ ва иккинчидан, улар қул сифатида сотилган. Тахминан 50 фоизи ишлаш учун рухсатномаларни олиб яхши ишлаб кетади. 20 фоизи милициядан қочиб юриб яшайди. Уларнинг жойи бор, турмуш тарзи яхши, лекин ишлаш учун рухсатномаси йўқ. Мен Россиядаги ҳолатни тахминан шундай, деб ҳисоблайман”,- деди Шерзод.

Суҳбатдошнинг тахминлари ҳақиқий аҳволга мос, деб фараз қилайлик.

Баъзи маълумотларга қараганда, шу кунда Россияда камида 2 миллион ўзбекистонлик бор. 2 миллионнинг 30 фоизи 600 минг киши бўлади. Боринг, ана суҳбатдошимиз адашяпти, деб бу рақамнинг ярмини олайлик. Ўшандаям 300 минг киши ит ётиш, мирза туриш қабилида яшаётган бўлиб чиқади.

Ўшандай оғир ҳаёт кечираётганлардан бирини истаб-сўраб, Москвадаги қурилишлардан биридан топдик. Исмини айтмасликка ваъда берганимиздан сўнг саволларимизга жавоб берди.

Озодлик: Овозга нима қилди?

Мардикор: (бўғилиб) Томоғим оғрияпти. Совуқда иш қилишдан бўлган. Қорин оч.

Озодлик: Қаерда ётиб турасизлар?

Мардикор: Вагонда. Ҳаммом йўқ. Совуқ сувда ювамиз қўлларни. Қурилишнинг пастки томонида вагонлар бор. Ичига тахтадан кроват ясаб қўйганмиз. Вагонимизда олтита одам бор. Қолганларида 8 тадан, 10 тадан. Биз холи яшаймиз.

Холи яшаймиз, деб суюняпти суҳбатдош. Одам озроқ эмиш уларнинг вагонида. Фақат бемалол ўтириб, дам олишнинг иложи йўқ вагон ичида.

Мардикор: Унинг ичида фақат ўтирасиз. Юриш, туришнинг иложи йўқ. Жойларни икки қаватли қилиб қуриб олганмиз.

Вагонга кўчиб ўтгунларича суҳбатдош Москвадаги кўпқаватли уйлардан биридаги квартирада яшаган.

Мардикор: Битта хонада 16 та бола ëтардик. 2 хонали квартирада 32 та одам ëтардик. Битта матраснинг ярмига илишиб қолсангиз бўлди. Эрталаб туриб ванна-туалетга биринчи бўлиб кириб олсангиз, кириб олдингиз. Бўлмаса ишга ҳам кеч қоласиз.
XS
SM
MD
LG