Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:09

Путин “Саркози синдроми”га чалиндими?


Шу ҳафтада Россия ва халқаро ахборот агентликларида Россия президенти Владимир Путин рафиқаси Людмила билан хуфёна ажрашгани, бадиий гимнастика устаси, Давлат думаси депутати Алина Кабаевага уйланишга шайланаётгани ҳақида хабар тарқатди.

Россияда чиқадиган “Московский корреспондент” газетаси хабарига кўра, Алина Кабаева Санкт-Петербург шаҳрида бўладиган дабдабали никоҳ маросимига тайёргарлик кўрмоқда. Газетанинг иддао қилишича, тўй православларнинг Троица байрами нишонланадиган 15 июнга мўлжалланган.

Никоҳ тўйлари ўтказувчи ширкат директорига яқин бўлган манба иддаосига асосланиб “Московский корреспондент” газетасининг ёзишича, никоҳ маросими Санкт-Петербургнинг “Констатиновский” саройида бўлиб ўтади.

Бу ҳафта давомида Россия жамоатчилиги орасида қизғин муҳокама қилинаётган долзарб мавзу бўлди.

18 апрел куни В.Путин Италия бош вазири этиб қайта сайланган Силвио Берлускони билан Сардино оролида учрашди. Музокарадан кейин ўтказилган матбуот анжуманида В.Путин Алина Кабаевага уйланмоқчи экани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, шахсий ҳаётига бировларнинг аралашишини хоҳламаслигини айтди.

“Албатта, жамият ўз хизматида бўлган арбоблар қандай яшаётганини билиш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятда ҳам қандайдир чекловлар бор. Ҳар бир одамнинг ўз шахсий ҳаёти бор. Унга бировларнинг аралашишига рухсат берилмаган”, – деди Владимир Путин.

Алина Кабаеванинг матбуот вакили ҳам матбуотда тарқалган бу маълумотларни рад қилди.

Бироқ “Московский корреспондент” газетаси бош муҳаррири Григорий Нехорошев мухбирлар бу маълумотни ҳафталар давомида текширганини билдирди.

Унинг фикрича, ҳатто миш-миш бўлса ҳам жамоатчилик президентнинг ишқий ҳаётини билиш ҳуқуқига эга.

“Мен одамлар ўз раҳбарлари ҳақидаги бундай маълумотни билиши кераклигига 100 фоиз ишонаман. Муҳокама қилиш учун улар ҳатто миш-мишларни ҳам билиши керак”, – дейди бош муҳаррир.

Энди икки оғиз Алина Кабаева ҳақида. Алина Кабаева, паспортдаги исми бўйича Алина Марат қизи 1982 йил 12 майда Тошкентда туғилган. Миллати татар. Отаси Марат Кабаев “Пахтакор” футбол жамоасида тўп сурган. Ҳозир Тошкентда истиқомат қилади. Онаси Любовь Кабаева эса баскетболчи бўлган. У Москвада яшайди.

“Рonauz.info” сайти хабарига кўра, Алина Кабаева уч ëшлигидан бошлаб гимнастика билан шуғулланган. 1995 йилда Алина россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг назарига тушган. Шундан сўнг Алинага Москва ва катта спорт эшиклари очилган. Кабаева 1999 йилда жаҳон чемпиони бўлган. Кабаева 2001 йилда допинг истеъмол қилганликда айбланиб 2 йилга катта спортда иштирок этишдан маҳрум қилинган. Шундан сўнг Кабаева сиëсат билан шуғуллана бошлаган ва “ТВ 7” каналида “Спорт империяси” кўрсатувига бошловчилик қилган. Алина Кабаева Японияда суратга олинган “Қизил соя” фильмида ҳам иштирок этган.

Николя Саркози Франция президенти этиб сайланганидан кейин рафиқаси билан ажрашиб, машҳур модел Карла Брунига уйланган эди. Ҳозир кўпчилик Путин Саркози йўлидан бораётганини айтмоқда.

“Саркози синдроми, деган ибора пайдо бўлди. Менимча, бу тўғри. Мен буни у ёки бу арбобнинг шахсий ҳаёти сирасига қўшмаган бўлардим. Бу қайсидир маънода ҳокимият тимсоли. Алина Кабаева нафақат ёш ва қизиқарли аёл. Алина Кабаева тимсол, шубҳасиз секс тимсоли”, – дейди россиялик юморист Виктор Шендерович.
XS
SM
MD
LG