Линклар

Янги қонун одам савдосини камайтирадими?


Ўзбекистонда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди. Кўпчилик ўзбек эркакларининг алдов, товламачилик ва қўрқитув йўллари орқали қулликка тушиб қолиш ёки ўзбек қизларининг фаҳш ишларга жалб қилиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани шароитида бу қонун ўта долзарблиги айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида ҳуқуқ-тартибот органларига траффик қурбони бўлган шахслар томонидан 1000дан зиёд ариза тушган.

Тошкентдаги “Истиқболли авлод” ташкилотига бу борада мурожаат қилганлар сони эса анчайин кўп.

“Бутун фаолиятимиз давомида 5000дан ошиқ мурожаатлар бўлган. Шулардан 2000дан ошиғига бугунгача ëрдам бердик. Биз айнан траффик қурбони, деб тан олинганларга ëрдам берамиз”,- деди ташкилот ходимаси Умида Каримова.

Хўш, янги қабул қилинган қонун ўзбекларни қулликдан сақлай оладими?

Кузатувчи Тўрабек Сано фикрича, Ўзбекистонда одам савдоси ҳукумат доирасидаги шахслар томонидан бошқариб турилганлиги боис ҳам янги қонуннинг амалдаги ижроси сезилмайди.

“Ўзбекистонда одам савдоси билан шуғулланаëтган ва ноқонуний бизнес турини ўзига касб қилиб олган шахслардан бири Гулнора Каримовадир. Шунинг учун бу қонунни ҳаëтга тадбиқ этиш мумкин эмас. Агар тадбиқ қилинадиган бўлса, Гулнора Каримованинг ишларига қарши курашишга тўғри келади”,- деди Т.Сано.

Гулнора Каримованинг одам савдосига алоқадорлиги борасида бирорта расмий маълумотни учратиш қийин. Лекин бир пайтлари Гулнора Каримованинг молиявий маслаҳатчиси бўлган Фарҳод Иноғомбоев ҳам Гулноранинг ўзбек қизларини Бирлашган Араб Амирликларига фоҳишалик учун жўнатганлиги ҳақида матбуотни хабардор қилганди.

Яқинда эса Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Матлуба Бурхонова ҳам одам савдосига алоқадорлиги ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган ва кейинчалик депутат хоним ўз хоҳишига кўра депутатликдан кетганди.

Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ўз фуқаролари тақдирига бефарқ қараб келгани ва эндиликда бу масалага эътибор қаратиши таҳсинга лойиқ эканини айтади Қозоғистондаги “Сана сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишова. У шу пайтгача Қозоғистонда бу каби қонуннинг йўқлигини билдириб, бундай қонун жуда муҳимлигини таъкидлади. Зеро, одам савдоси уюшган жиноятчилик бўлиб, унга қарши курашиш учун кучли қонунлар зарур бўлади.

Кузатувчи Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, ўзбекистонликларнинг траффик қурбонига айланиши олдини олиш учун мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш ва ишсизликни тугатиш зарур.

“Одам савдосига қарши қонун чиққани билан барибир ишламайди. Аҳволни яхшилаш учун, аввало, мамлакат иқтисодини юрғизиш керак, ижтимоий аҳволни яхшилаш керак, ишсизликни тугатиш керак. Ахир ўзбеклар ўтроқ халқ. Шу пайтгача ҳеч қаëққа чиқмас эди. Ҳозир ўзбеклар дунëнинг барча мамлакатларига тарқалиб кетган. Чунки мамлакатда ҳаëт кечиришнинг имкони йўқ. Шунинг учун аëллар ҳам, эркаклар ҳам мардикор бўлиб чиқиб кетяпти. Бир хиллари саводи пастлиги учун, шароитни билмагани учун қулликка тушиб қоляпти. Янги қабул қилинган қонун билан одам савдосини тугатиб бўлмайди”,- деди Т.Йўлдошев.

“Истиқболли авлод” ташкилоти ходимаси Умида Каримова эса янги қонун одам савдосига курашиш учун жуда катта ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлайди.

“Қонуннинг 3 та асосий принципи бор. Биринчиси, одам савдоси билан шуғулланувчиларга қарши жиноий жавобгарликни ошириш, иккинчиси, одам савдоси қурбонига айланганларга ëрдам кўрсатиш ва учинчиси, ҳамкорлик. Ҳамкорлик жуда кенг қамровда бўлиши керак. Давлат, нодавлат, халқаро ташкилотлар билан турли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигини ўрнатиш лозим. Умуман олганда, бизда шу 3 принципдан 2 таси ишларди ҳозиргача - жабрланувчиларга ëрдам кўрсатиш ва ҳамкорлик. Лекин буни янада жадал амалга ошириш учун бизда қонунчилик етишмас эди. Мана, энди қонун бор. Шунинг учун биз 3 та принципни дадил қадамлар билан амалга ошириб, одам савдосига қарши курашни фақатгина кучайтиришимиз мумкин”,- деди У.Каримова.

Лондондаги таҳлилчи Алишер Илҳомов эса янги қонун ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини таъкидлади.

“Бу каби қонуннинг қабул қилиниши жуда яхши, лекин бу ундан самарали ишлар кутиш мумкинлигини кафолатламайди. Ўзбекистонда шу пайтгача қабул қилинган қонунларнинг амалдаги ижроси деярли сезилмайди. Демократия йўқ мамлакатда қонунларнинг ҳаётга тадбиқ қилиниши жуда қийин”,- дейди Алишер Илҳомов.
XS
SM
MD
LG