Линклар

Президентликка номзодликка номзодлар мамлакатни тарк этди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг икки аъзоси - Абдулла Тожибой ўғли ва Аҳтам Шоймардонов Ўзбекистонни тарк этди ва айни пайтда қўшни мамлакатлардан бирида яширинган.

Бу икки шахс Ўзбекистон президентлигига ўз номзодларини кўрсатиш ниятида бўлган, бироқ улар номзодлар рўйхатига киритилмаганди.

Абдулла Тожибой ўғлининг яқинлари у 12 апрель куни мамлакатдан чиқиб кетганини тасдиқлади.

“Оила аъзоларидан ҳеч кимни олиб кетгани йўқ. Нега чиқиб кетганини билмаймиз”,- деди унинг яқинлари.

А.Тожибой ўғли ва А.Шоймардоновнинг мамлакатни тарк этганини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева ҳам тасдиқлади.

“Ҳа, улар мамлакатни тарк этди. Улар мамлакат ичкарисида ўзларига нисбатан бўлаётган тазйиқ ва босимлардан қочиб, яширинишга мажбур бўлган. Уларга нисбатан жуда кучли босим мавжуд эди. Улар жиноий жавобгарликка тортилиши ва озодликдан маҳрум қилиниши мумкин эди”,- деди Елена Урлаева.

Унинг бидиришича, айни пайтда ҳам Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари судида Аҳтам Шоймардонов устидан суд жараёни давом этяпти.

Кейинги пайтда альянс фаолларига ҳукумат босими кучайганини айтган Е.Урлаева бунга пикетлар вақтида ҳуқуқ фаолларининг калтакланишини мисол қилиб келтирди. Жумладан, Абдулла Тожибой ўғли ва Аҳтам Шойимардонов ҳам пикетлар пайтида бир неча бор калтакланган, ҳибсга олиниб, судга тортилган ва турли миқдордаги жарима тўлаш билан жазоланган.

Ҳозир Абдулла Тожибой ўғли ва Адҳам Шойимардоновнинг қаерда экани номаълум. Улар Ўзбекистонга қўшни давлатлардан бирига яширингани ва яқин орада БМТ қочқинлар идорасига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG