Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:52

Россия қарори Вашингтонда салбий қаршиланди


АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россиянинг Грузиянинг исёнкор ўлкалари билан иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақидаги қароридан Вашингтон “жиддий хавотир”да эканини билдирди.

Кондолиза Райс бу масалани телефон орқали Россия ташқи ишлар вазири ва Грузия президенти билан муҳокама қилганини айтди.

18 апрель куни Эстония президенти Тумас Хендрик Илвисни қабул қилган Кондолиза Райс Вашингтон расмийлари Грузиянинг ҳудудий яхлитлиги тарафдори эканини таъкидлади:

“Биз Россия президенти қароридан жиддий хавотирдамиз. Мен бугун ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан гаплашдим. Бир кун олдин Грузия президенти Михаил Саакашвили билан сўзлашдим. АҚШ Грузия ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди. Биз Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия билан музокара олиб бориш дастурини амалга ошириши учун уриниш бўлиши керак, деган фикрдамиз”, – деди К.Райс.

16 апрель куни Россия президенти Владимир Путин ўз ҳукуматига Абхазия ва Жанубий Осетия халқларини қўллаб-қувватлаш вазифасини топширган эди. АҚШ, НАТО ва Европа Иттифоқи Россияни Абхазия ва Жанубий Осетия билан қонуний алоқа ўрнатиш ҳақидаги қарордан воч кечишга чақирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Михаил Каминин афтидан вазиятни юмшатиш мақсадида 18 апрель куни Россия Грузияга нисбатан жорий қилган иқтисодий санкцияларни енгиллаштиришга киришганини эълон қилди.

“Мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатновини қайта тиклаш ҳақида амалга оширилган қарорга қўшимча равишда яқин кунларда почта алоқаси қайта тикланади. Шунингдек, Федерал органлар ва ижроия ҳокимиятларига Грузия фуқароларига қарши жорий қилинган маълум виза чекловларини бекор қилиш бўйича чоралар кўриш ҳамда Юқори Ларс чегара пунктини реконструкция қилиш ишларини тезлатиш, Грузияда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Россия бозорига киритиш учун икки томон мутахассислари ўртасида маслаҳатлашув бошлаш вазифаси топширилди” – деди Михаил Каминин.

Айни пайтда Грузия Бош вазири ўринбосари Георгий Барамидзе “Озодлик”ка берган интервьюсида Россиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия хусусидаги хатти-ҳаракатини кескин танқид қилди.

“Бу нафақат хатарли, балки мамлакатимиз ва минтақада беқарор вазият келтириб чиқарувчи ғаламисона хатти-ҳаракатдир. Грузия ҳар қандай ҳарбий қарама-қаршилик, айниқса, ўз ҳудудида ҳарбий қарама-қаршилик юзага келишидан манфаатдор эмас. Грузия тинчлик бўлишини хоҳлайди. Шу боис, биз ҳарбий конфронтация ёки ҳарбий режа ҳақида гапирмаяпмиз. Биз амалга оширмоқчи бўлган дипломатик, қонуний ва сиёсий чоралар ҳақида гапиряпмиз” – деди Г.Барамидзе.
XS
SM
MD
LG