Линклар

ҲРУ: “Ўзбекистон билан фақат санкциялар воситасида гаплашиш мумкин”

  • Фаррух Юсуфий

“Ҳьюман райтс уотч” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа Иттифоқига мурожаат йўллаб, Андижон воқеалари боис Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий қилинган санкцияларни кучда қолдиришга чақирди.

Санкциялар масаласи келаси ҳафта Брюсселда Европа кенгаши мажлисида кўриб чиқилади.

“Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият аянчлилигича қолмоқда ва ЕИ санкцияларни бекор қилиши учун белгиланган мезонларга мутлақ тўғри келмайди,- деди ҲРУнинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари директори Вероника Голдстон “Озодлик” билан суҳбатда. - Шу сабабдан Ўзбекистон ҳукумати илгари сурилган барча мезонларга тўла жавоб бермагунча ЕИ жазо санкцияларини кучда сақлаб қолиши керак, деган фикрдамиз”.

Бироқ сўнгги ойларда Ўзбекистон ҳукумати бир неча ҳуқуқ ҳимоячиси, жумладан, Европа тақдим этган фаоллар рўйхатидаги Саиджаҳон Зайнобиддинов, Умида Ниёзова, Ихтиёр Ҳамроев қамоқ жазосидан озод қилинди.

Ўзбекистон ҳукуматининг айни муруввати ЕИ томонидан юқори баҳоланди ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун қўйилган самимий қадам, дея қабул қилинди. ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг бу яхши ниятлари Брюссель ва Тошкент ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ўтказилаётган мулоқот маҳсули эканини таъкидлаганди.

ҲРУ вакиласи Вероника Голдстон ҳуқуқ ҳимоячиларининг озод этилгани ўзига хос ижобий ҳодиса эканини тан олади. Лекин у ўнлаб ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқда қолаётгани, бундан ташқари, айни кунларда шоир Юсуф Жуманинг қамалгани Тошкент режими ЕИнинг “юзига туширган тарсаки” эканини айтмоқда.

“Ўзбекистонда сиёсий сабабларга кўра қамалганларнинг озод этилиши ижобий ҳолдир, албатта. Биринчидан, улар аслида қамалмаслиги лозим эди. Бегуноҳ инсонларнинг озод этилиши ижобий ҳодиса эканини тан оламиз, лекин Ўзбекистонда сиёсий сабабларга кўра қамалаган ўнлаб фаоллар тақдири ноаниқ қолаётгани ва ўтган ҳафта диссидент шоир Юсуф Жуманинг беш йилга қамалиши инобатга олинса, ижобий қадамлар ҳақида гапириш ярашмайди”,- дейди В.Голдстон.

Расмий Тошкентга қарши санкциялар бекор қилиниши мумкинлиги ортидаги хавотирларнинг бошқа сабаблари ҳам бор. Сўнгги пайтларда Брюссель идораларида санкциялар умуман олганда самарасиз ва Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларни яхшилашга ғов бўлмоқда, дейдиганлар кўпайиб қолди. Энергия масаласида Россияга тобеъликдан қутулишни истаётган ЕИнинг газга бой Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлиш хоҳиш-истаклари эса анча жиддий эканини билдирмоқда кузатувчилар.

Вероника Голдстон эса бу фикрларга қўшилмайди.

“Санкциялар бўлмаганида ўша айтилган бир нечта ижобий қадамни ҳам кўрмаган бўлар эдик. Шунинг учун санкцияларга беписанд қараётганларга ҳозир Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқот қилишда, афсуски, санкциялардан бошқа восита йўқлигини эслатмоқчиман. Санкциялар мутлақ самарали демоқчимасмиз. Лекин ҳозирча бундан бошқа восита йўқ. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш учун ҳукуматнинг сиёсий иродаси керак, лекин афсус, бугунги кунда бундай ирода йўқ. Ўзбекистон ҳукумати ЕИ талаб қилаётган сиёсий ислоҳотларни амалга оширишдан бош тортиб келаётган шароитда у билан фақатгина санкциялар воситасида гаплашиш мумкин. Албатта, агар биз инсон ҳуқуқлари борасида қайғурсак. Мен ЕИ Ўзбекистон билан муносабат қилмасин демоқчимасман, аксинча биз муносабатлар бўлиши тарафдоримиз. Андижон воқеаларидан қарийб уч йил ўтиб, адолат ўрнатилмагани шароитида санкциялар бекор қилинадиган бўлса, Ўзбекистон ҳукумати билан муносабат қилишнинг бошқа воситаси қолмайди”,- деди Вероника Голдстон.
XS
SM
MD
LG