Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:24

Мустақил радио фаолияти тўхтатилди


Тожикистонда “Имрўз” мустақил радиоси фаолияти тўхтатилди. Радио Тожикистон ҳукумати ва давлат мулозимлари фаолиятидаги нуқсонларни ёритгани учун ёпиб қўйилгани айтимоқда.

Бироқ Тожикистон телевидение ва радиоэшиттиришлар давлат қўмитаси раиси Асадулло Раҳмонов “Имрўз” фаолияти тўхтатилганида ҳеч қандай сиёсий омил йўқлигини, радио фақат айрим техник сабабларга кўра FM тўлқинидан олиб қўйилганини билдирди.

“Яқин кунларда “Имрўз” радиосидаги мавжуд муаммолар ижобий ҳал этилади, деган умиддамиз”,- деди Асадулло Раҳмонов.

Аммо радио раҳбари Рустам Жоний қўмита раисининг сўзлари ҳақиқатдан йироқлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, “Имруз” фаолияти тўхтатилишидан икки кун илгари телевидение ва радиоэшиттиришлар давлат қўмитаси масъуллари жорий йил 6 ва 7 апрель кунлари радио мухбирлари томонидан ҳозирланган лавҳалар муаллифлари билан қўмита раиси кабинетида ҳозир бўлишни сўраган.

“Бу ўринда Тожикистон ҳукумати Жаҳон банкига ёлғон маълумотлар бериш орқали қарз олгани, социал демократларнинг Тоғли Бадахшон вилоятида митинг ўтказа олмагани сабаблари, 4 йилдан сўнг тожик муҳожирлари сони 4 миллионга етиши ва президент саройи ёнида уйсиз қолган тожик аёллари намойишига доир таҳлилий лавҳалар муаллифлари назарда тутилмоқда”,- деди Рустам Жоний.

Гарчи расмийлар Тожикистонда цензура йўқлиги, журналистлар матбуот тўғрисидаги қонун талабига мос ҳар қандай маълумотни эълон қила олишини таъкидлаётган бўлса-да, кузатувчилар “Имруз” раҳбари ва мухбирлари давлат мулозимлари ҳузурида ҳисобот беришга чақирилиши журналистларни ўз-ўзини цензура қилишга мажбурлашдан бошқа нарса эмаслигини айтмоқда.

Таҳлилчи Хуршид Атоулло сўзларига кўра, “Имрўз” радиоси фаолияти тўхтатилишига мустақил радио мухбирлари томонидан давлат сиёсатидаги ишкалликлар ва айрим мулозимларнинг қора ишлари очиқдан-очиқ танқид остига олингани сабаб бўлган.

“Имрўз” ўзининг жуда қисқа фаолияти давомида мамлакатда мавжуд муаммолар ва давлат ички сиёсатидаги масалаларни очиқ қаламга олиши билан ўз тингловчилари эътиборини қозонган эди. Бу давлат мулозимлари ғашига тегмай қолмади. Менимча, Хоруғда социал демократлар митинги нега ўтказилмагани, Жаҳон банкининг Тожикистон ҳукумати томонидан алданганига оид лавҳалар унинг фаолияти тўхтатилишига сабаб бўлган бўлса ҳам ажаб эмас”,- деди мустақил таҳлилчи.

“Имрўз” мустақил радиоси ўтган йил июнда ташкил этилган, FM тўлқини орқали бутун мамлакатда кўп сонли тингловчиларига эга эди. Айрим норасмий манбалар тарқатган маълумотларга кўра, радио фаолиятдан тўхтатилгунга қадар Тожикистон президентининг қайноғаси, “Ориёнбанк” раиси Ҳасан Саъдуллоев томонидан молиялаштирилиб келинган.
XS
SM
MD
LG