Линклар

logo-print

Тобут устидаги ёлғон

  • Гулнора Равшан

“Тожикэйр” давлат корхонаси жорий йилнинг уч ойи давомида Россиядан 119 меҳнат муҳожири тобути ватанга қайтарилганини билдирди. Аммо Москвадаги тожик диаспораси раҳбарлари бу рақамлар анча катта эканини айтмоқда.

“Тожикэйр” раиси Ҳокимшоҳ Тиллоевнинг таъкидлашича, сўнгги уч ой давомида Россияда ҳалок бўлган тожикистонлик 119 меҳнат муҳожири жасади давлат ҳисобидан ватанига қайтарилган.

“Президент буйруғига биноан корхонамиз жорий йилдан бошлаб Россияда вафот этган тожикистонликлар жасадини ватанига текинга қайтаради”,- деди Ҳ.Тиллоев.

Аммо мавжуд вазият билан таниш таҳлилчилар ҳам, оддий фуқаролар ҳам бу гапларга ишонаётгани йўқ.

“Бир кунда бир маҳаллага икки, ҳатто уч кишининг жасади олиб келинади. Уларнинг яқинлари ўз жигарбандлари жасадини жуда катта маблағ эвазига олиб келганини гапиради. Бировда бор, бировда йўқ ўша пул. Аммо молини, рўзғор буюмини сотиб ҳам бўлса ҳам фарзандининг жасадини бегона юртдан олиб келаётган ота-оналар сон мингта”,- дейди Меҳринисо исмли аёл.

Москвадаги тожик диаспораси раҳбари Каромат Шарипов ҳам “Тожикэйр” раҳбари сўзларини очиқдан-очиқ ёлғон, дея баҳолади.

“Бир жасадни ватанга қайтариш учун 37 минг рубль сарфланади. На Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси, на “Тожикэйр”, на давлат раҳбарининг жасад жойланган тобут билан иши йўқ. Қолаверса, ўтган уч ойда 119 та эмас, балки 450 та тобут қайтарилган. Бу тобутларни аэропортга олиб боргунча барча харажатлар муҳожирлар томонидан қопланади. Қолган харажатларни эса ҳалок бўлган шахс яқинлари ўз зиммасига олади. Аммо шу кунга қадар Тожикистон ҳукумати тожиклар жасадини ватанга қайтариш учун бирор тийин сарфламаган”,- деди Каромат Шарипов.

У сўнгги йилларда Россияни ўзининг иккинчи ватани қилиб олган тожикистонликлар ўлими билан боғлиқ ҳодисалар кўплаб қайд этилаётганидан ташвиш билдирди.

“Мигрант ватандошларимиз камдан-кам ҳолларда касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар қурбони бўлмоқда. Бир бурда нон илинжида ўзга юртда юрган тожикларнинг аксарияти тақирбошлар қўлидан ҳалок бўлмоқда. Хотин – қизларнинг бегона миллатлар томонидан хўрланганини айтмайсизми? Бу ҳам ҳукуматимизнинг, давлат раҳбарининг ўз фуқаролари тақдирига лоқайдлиги натижасидир. Аммо ҳукумат масъуллари бутун бир миллат тақдирига масъулиятсизлиги учун, албатта, яқин келажакда жавоб беради”,- деди К.Шарипов.
XS
SM
MD
LG