Линклар

Қозоғистоннинг қарори қўшниларни оғир аҳволга солиши мумкин

  • Барно Анвар

Қозоғистон ҳукуматининг 2008 йил сентябрь ойига қадар буғдой экспортини тўхтатгани Европа Иттифоқи расмийлари томонидан танқид қилинмоқда.

ЕИ ташқи савдо алоқалари коммисари Петер Манделсон фикрича, буғдой эскпортини тўхтатиш билан Қозоғистон нафақат ўз ҳудудида, балки қўшни давлатларда ҳам озиқ-овқат таъминоти хавфсизлигига катта путур етказади.

Айни вақтда қозоқ буғдойининг асосий харидорларидан бўлган Ўзбекистонда ун ва дон маҳсулотларининг нархи баландлигича қолмоқда. Тез орада мамлакатга Қозоғистон дон ва ун маҳсулотларининг кириб келмаслиги эса бу вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.

Дунё давлатлари етакчилари шу кунларда тез орада юз бериши муқаррар, деб кўрилаётган озиқ-овқат бўҳронига чора кўриш ҳаракатида. Миср, Камерун, Гаити каби давлатларда бўҳроннинг дастлабки учқунлари чақнагач, озиқ-овқат маҳсулотлари таъминотида ҳозир ҳам аҳволи бир нави бўлган давлатлар хорижий давлатларга экспортни тўхтатишга қарор қилмоқда. Жумладан, Индонезия ўз фермерларига омборидаги гуручни сотмасликни тавсия қилмоқда.

Қозоғистоннинг ҳам шундай йўл тутиб, буғдой экспортини чеклаш қарори ЕИ расмийлари танқидига учради.

ЕИ ташқи савдо алоқалари комиссари Петер Манделсон баёнотида айтилишича, Индонезия, Қозоғистон каби давлатлар шундай сиёсат билан ўз миллий озиқ-овқат саноати аҳволини ўнглай олмайди. Аксинча, бу нафақат биргина шу давлат, балки қўшни мамлакатларни ҳам жуда оғир оқибатларга дучор қилиши мумкин.

“Албатта, мен ҳукуматларнинг дарҳол шундай чора-тадбир қўллашга киришаётгани сабабларини тушунаман. Аммо экспорт маҳсулотларига чеклов ёки тақиқ жорий қилиш билан мамлакат иқтисодини кўтариб бўлмайди. Шундай маҳсулотни етиштиришга ихтисослашган қишлоқ хўжалигини ҳисобга оладиган бўлсак эса бу умуман мантиқсиз чора бўлиб чиқади”,- деди П.Манделсон Европарламент йиғилишида қилган чиқишида.

Айни вақтда у озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишининг ўзига хос ижобий жиҳатлари борлигини ҳам унутмаслик кераклигини таъкидлади.

“Бу озиқ-овқат маҳсулотларини етиштираётган, асосан, қишлоқ хўжалигига мослашган ривожланаётган мамлакатлар учун ўзига хос имконият. Уларга ишлаб чиқариш воситаларини етказиб бериш ва савдо бозорларини яратиш билан ҳам озиқ-овқат нархини назорат қилиш мумкин”,- деди ЕИ расмийси.

Ҳозирча Қозоғистон ҳукуматининг буғдой экспортини тўхтатиш ҳақидаги қарори ортидан Тожикистон Хитой ва Австралиядан ғалла сотиб олиш ҳаракатини кўрмоқда. Аммо қозоқ ун ва дон маҳсулотларининг асосий харидорларидан бири бўлган Ўзбекистон ҳукумати қандай чора кўраётгани ҳозирча қоронғу. Хусусан, “Ўздонмаҳсулот” давлат акциядорлик компанияси бу масалага ойдинлик киритишни истамаяпти. Бироқ айрим таҳлилчилар 22-апрель куни Қозоғистонга сафар қилиши кутилаётган президент Ислом Каримов қозоқ ҳамкасби билан айнан буғдой масаласини ҳам муҳокама этишини таъкидлаётир.

Зеро, раҳбарияти 6 миллион 200 минг тонна буғдой етиштирилди, деб эълон қилган Ўзбекистонда яқинда битган қишнинг қировли кунлари бирданига ун ва буғдой ҳам тақчил бўлди, нархи эса кескин қимматлаб кетди. Ҳозирга келиб ун тақчиллиги ортда қолгани, аммо нархи ҳануз аҳолининг асосий қисми учун қимматлиги, шунга қарамай, бозорларда ўзбек унига нисбатан қозоқ уни харидорлари кўпроқлиги айтилмоқда. Чунки ўзбекистонликлар нон ёпишда қозоқ унидан фойдаланишни афзал билади. Чунки Ўзбекистон уни тандирга ёпилиши қийин.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Ҳосил Абдураҳмонов аслида Ўзбекистонда ғалла мустақиллигига эришиш имконсиз ва мамлакат келгусида ҳам Қозоғистон буғдойига муҳтожлигича қолади, деб ҳисоблайди.

“Биринчидан, бизда буғдойнинг кўпи, асосан, суғориладиган ерда экилади. Суғориладиган ерда етиштириладиган буғдой ун ва нон учун ярамайди. Лалми, яъни суғорилмайдиган ерда экилган буғдой нон учун ярайди. Россия, Канада ва бошқа давлатларда буғдой суғорилмайдиган ерга экилади. Шунинг учун ҳам кўпинча одамлар Қозоғистон унини қидиради. Бу ерда ғалла мустақиллигига эришиш жуда қийинлигини мен яхши биламан”,- дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Ҳосил Абдураҳмонов.
XS
SM
MD
LG