Линклар

Ал-Маликий қўшниларни танқид қилди


Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий қўшни мамлакатлар Ироққа ёрдам бермаётганини кескин танқид қилди.

“Биз барча қўшни мамлакатларни ўз чегараларида хавфсизликни кучайтириб, жангариларнинг Ироққа ўтишига йўл қўймасликка чақирамиз. Шунингдек, биз қўшни давлатлар ҳудудидан туриб Ироқ халқига ҳужум қилишни ва бу ердаги сиёсий жараёнларга путур етказишни режалаштирган террорчи гуруҳлар бартараф этилишини талаб қиламиз”,- деди Нурий ал-Маликий.

Қувайтда иш бошлаган халқаро анжуманда чиқиш қилган Нурий ал-Маликий шу пайтгача қўшни давлатлар иштирокида Ироқ хавфсизлигига бағишланиб ўтказилган барча йиғинлардан ҳеч қандай натижа бўлмаганини айтди. Шу билан бирга, у Ироқда ижобий ўзгаришлар амалга оширилганини тан олди.

Бош вазирнинг таъкидлашича, ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакат парчаланиб кетиш хавфидан холи бўлган.

Шунингдек, Нурий ал-Маликий қўшни мамлакатларни Саддам Ҳусайн режими давридан қолган ташқи қарзлардан воз чекишга чақирди. Қувайтдаги анжуманда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳам иштирок этди.
XS
SM
MD
LG