Линклар

Ғалла заҳираси инқироздан чиқаришга етадими?

  • Замира Шукур

Марказий Осиëда ғалла ҳосилини ҳамон қўлда ўриш давом этмоқда.

Марказий Осиëда ғалла ҳосилини ҳамон қўлда ўриш давом этмоқда.

Кейинги пайтларда БМТ, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, ЕИ раҳбарлари, қолаверса, кўплаб бою камбағал давлатлар етакчилари жаҳонда озиқ-овқат бўҳрони пишиб етилаëтгани ҳақида ваҳимали баëнотлар қилмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, кейинги ўн йиллар давомида барқарор бўлиб келган ун ва гуруч каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 2008 йилнинг биринчи уч ойи ичида 75 фоиздан 125 фоизгача ошган. Нарх–навонинг бундай сурункали кўтарилиб бориши ун ва гуручнинг тақчиллашиб бораëтгани ифодаси ва ҳукуматлар тез орада муқобил чоралар қўлламаса, дунë бўйлаб 100 миллиондан ошиқ одам очлик билан юзма-юз қолиши мумкин.

Хўш, ҳатто жаҳонда нархлар ошиб, тақчиллик ва етишмовчилик бошланган тақдирда йиллардан бери ғалла мустақиллиги ҳақида гапирилаëтган Ўзбекистонда ўз аҳолиси эҳтиëжига етадиган ун ва бошқа дон маҳсулотлари борми? Бўлса, у ўзбекистонликларни бўҳрондан эсон-омон олиб чиқишга етадими, аниқроғи, бу захира қанчага етади? Ўзбекистонда ҳам ун тақчиллиги бошланиб, миллионлаб одамнинг оч қолиш эҳтимоли ҳақидаги ваҳималарга асос борми?

Президент Ислом Каримовга ишонгудек бўлинса, бундай ваҳимага мутлақ асос йўқ¸ зотан: “Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ғаллага бўлган эҳтиëжини қоплабгина қолмай, МДҲ таркибидаги қўшни мамлакатларга, Афғонистон, Эрон ва бошқа давлатларга ғалла ва ун маҳсулотларини экспорт қилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, ғалла мустақиллигининг қўлга киритилиши мамлакатимиз аҳолисини нафақат ун ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш, айни пайтда унинг сут ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиëжини барқарор равишда ўз ҳисобимиздан қондириш масаласини ҳам ҳал қилиш имконини берди”.

Узоқ йиллар “Ўздонмаҳсулот” давлат концернини бошқарган Олим Отаев И.Каримовнинг бундай баëноти ортида ëлғон ҳисоб-китоб ва рақамлар ëтгани, аслида Ўзбекистонда у айтаëтган миқдордаги ғалланинг ярми бўлиши мумкинлиги, қолгани қўшиб ëзиш ва кўзбўямачилик маҳсули эканини айтади.

“Вазирлар Маҳкамасининг февраль ойида бўлиб ўтган йиғилишида айтилган рақамларга назар ташлайдиган бўлсак, 6 миллион тоннадан зиëд ғалла ишлаб чиқарилган ва унинг, албатта, 50 фоиздан зиëди давлатга сотилади. Ҳақиқатда шу рақам тўғри бўладиган бўлса, ҳозирги кунда ҳеч қандай қийинчилик бўлиши мумкин эмас. Бу деганимиз 50 фоизини давлат сотиб олган бўлса, 50 фоизи яна ўша фермерларда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш корхоналарининг ўзлари ички бозорга чиқариб эркин нархда сотиш учун қолади. Қани ўша 50 фоиз? Уни ҳеч қаердан топа олмайсиз”,- деди О.Отаев.

Ўзбекистонда узоқ йиллар, содда қилиб айтганда, дон вазири бўлиб ишлаган собиқ маъсулнинг мамлакатда Тошкент раҳбарлари мақтанаëтган миқдордаги ғалла йўқлиги ҳақидаги гапига жиззахлик ғаллакор фермер Маъмуржон Азимов ҳам ўзи гувоҳ эканини билдирди.

“2007 йил мобайнида биз 6 миллион 200 минг тонна ғалла йиғиб олдик, деб айтилган билан ярми қоғозда эди. Мана, биз ўзимиз қанчадан-қанча раҳбарлар фермерларга қўшиб ëзиш орқали ғалла режасини бажартирганини биламиз. 2007 йилда ғалланинг ўзи бўлмади. Агар ҳақиқатдан 6 миллион 200 минг ғалла йиғиб олинганида, бу йил ўзбек халқи ун ëки ғалладан қийналмас эди. Ҳозир шу кеча-кундузда ўзимиз ҳам бориб магазиндан одам бошига 3 килограммдан ун оляпмиз. Одамлар ура-ур, тўполон. Ўзбек халқи 3 килограммдан ун олиб кун кўриб келяпти”,- деди М.Азимов.

“Ўздонмаҳсулот” концерни “давлат захирасидаги донга оид ахборот оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга мўлжалланган эмаслиги, бу ҳам сирлигини” айтиб, бу ҳақдаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Аммо “Ўздонмаҳсулот”нинг собиқ раҳбари Олим Отаев бу сирнинг кўп ҳам сирлиги йўқлигини ва бу борада мавжуд қонун ва нормативлар борлигини айтади.

“Давлат захираси энг камида 3-4 ойга етадиган бўлади. Масалан, бир ойда 350 минг тонна дон ишлатилса, 1 миллион 400 минг захирада туриши керак. Рақамлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин мен буни тажриба ҳисобидан айтяпман. Худо кўрсатмасин, уруш бўлганда ëки очарчиликда давлат бу захирани ишлатишга рухсат беради. Бу захира энг охирги даражадаги фавқулодда ҳолатда ишлатилади”,- деди Олим Отаев.



У Ўзбекистонда ҳам қора кунга аталган ва фақат давлат раҳбари буйруғи билангина очиладиган дон захирасидан ташқари давлатнинг дон ресурси ҳам борлигини қўшимча қилди.

“Давлатда ўзининг ресурси бўлади. Бир йилга етиши керак. Бу дегани, сентябрь ойига қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ғалла, сифати макаронга, нонга ишлатишга аарзийдиган импорт қилинган ғалла етарли даражада бўлиши керак. Чунки мавсумда ғалла нархи анчагина паст бўлади”,- деди Олим Отаев.

Олим Отаев давлатнинг уч ойга етадиган дон захираси борлигига ишонса бўлиши, аммо бир йилга етиши кўзда тутиладиган дон ресурси борлигига кўзи етмаслигини таъкидлади. Зотан, Ўзбекистон шароитида порахўр амалдорларнинг бу ресурсларни енг учида сотиб юборган бўлиши ëки бу ресурснинг асли ўзи бўлмаган бўлиши жуда эҳтимолга яқин.

Афтидан, Ўзбекистонда аҳолининг бир йиллик эҳтиëжига етадиган дони йўқлигини яхши билганидан сешанба куни президент И.Каримов ўз буғдойи экспортини сентябрга қадар тақиқлаб қўйган Қозоғистонга келди. Мустақил манбалар Остона сўзлашувлари давомида И.Каримов ўзининг эски рақиби Нурсултон Назарбоевга айрим сиëсий ëн беришлар қилиб бўлса-да, уни Ўзбекистонга ун сотишни давом эттиришга кўндиришга уринишини айтмоқда.

Олим Отаев ҳозирги шароитда И.Каримов ҳукуматининг нима қилиб бўлса-да, четдан ун сотиб олишдан бошқа чораси йўқлигини таъкидлади.

“Халқнинг асосий емиши нон бўлгандан кейин озиқ-овқат бўҳрони қанчалик чўзилса, халққа шунчалик қийин бўлади, шунчалик халқ норози бўлади. Чунки инсон дастурхонга бир нарса қўйиб, бола-чақасига бериши керак-ку”, - деди Олим Отаев




Акс ҳолда, деб давом этади собиқ дон вазири, “туя бир танга, қани танга, туя минг танга, мана минг танга, қани туя” маталидаги каби бозорда ун тақчиллашаëтганидан ваҳимага тушган халқ бор-йўғини сотиб бўлса-д, ун ғамлашга киришади ва унда вазият назоратдан чиқиб кетиши мумкин.

“Ҳозир одамлар кўнглида васваса бошланди. Агар оилага икки қоп буғдой керак бўладиган бўлса: “Ун ҳозир кўп бўлди-ку. Бунинг таги йўқ-ку. Мен 5 қоп олиб қўяман”, деб ҳар қандай нархда 5 қопни олиб қўяди. Эртага шу 5 қопдан 1-2 қопи чириб кетади. Ўзбек халқи менталитети шу-ку. Бола-чақасини боқиши керак. Асосий емиш шу бўлса, инсон нима қилиши керак. Мана шундай васваса бўладиган бўлса, одам охирги пулини ишлатиб, сотиб олишга мажбур. Шу сабабли ҳозирги васавасани босиш учун эҳтиëжни икки баробар ошириш керак. Дўконларга бирданига ташлаб тўлғазиб қўйиш керак. Ўшанда халқ ўзига керагича олади. Имкони борича икки баробар нархда Россияданми, бошқа жойданми, сотиб олиш керак энди”,- деди Олим Отаев.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимов эса Ўзбекистон дўконларида эркин нархдаги, хусусан, нонга яроқли Қозоғистон уни аллақачон сийраклашиб қолганини билдирди.

Ўзбекистонда рўйхатга олинмаган Аграрлар ва тадбиркорлар партияси раиси Марат Зоҳидов ҳам мамлакатда ун ва дон билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашиб бораëтгани ҳақдаги фикрни тасдиқлайди.

“Ўзбекистонда одамлар гўштга ўтгани, балиқ ва товуқ еяётгани тарғибот қилинмоқда. Аслида эса вилоятларда бу маҳсулотлар тугул нон ҳам етмаяпти. Нон етмаяпти вилоятларда? Ким шунақа ахборот беряпти президентга, мен билмайман. Ҳаммаси бутун алдов билан овора. Биз шу аҳволга келдик”,- дейди М.Зоҳидов.
XS
SM
MD
LG