Линклар

Тожикистон қўшниларидан сўраб ўтирмайди

  • Гулнора Равшан

Душанбеда иш бошлаган “Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, сув ва энергетика захираларидан унумли фойдаланиш” мавзуига бағишланган халқаро анжуманда Тожикистон расмийлари сув ва энергетика иншоотлари қуриш учун қўшни давлатлар рухсати олинмаслигини очиқ баён қилди.

Икки кунлик тадбирга Ўзбекистон вакиллари қатнашмади. Умуман минтақа давлатлари ўртасида энергетик ҳамкорлик, сув ва энергетика захираларидан унумли фойдаланиш борасида келишиб олиш учун йиғилган Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон ва Марказий Осиё сувларини бошқариш бўйича давлатлараро комиссия вакиллари фақат Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳамон ўз ечимини кутиб турган сув ва энергетика иншоотлари қурилишига доир муаммолар атрофида баҳслашди.

Тожикистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Пўлат Муҳиддинов “Марказий Осиё сув захираларидан фойдаланиш”га доир концепция Ўзбекистон томонидан имзоланмагани сабабли шу кунга қадар бу муҳим ҳужжат тақдири муаллақ қолаётганидан норозилик билдирди.

Концепциянинг расмийлар иштирокида бўлиб ўтган аввалги муҳокамалари чоғида Тожикистон ўз ҳудудида сув омборлари ва энергетика иншоотлари қурилиши қўшни давлатлар рухсатисиз амалга оширилиши, аммо бу давлатлар расман огоҳлантирилиши таклифини киритган эди. Аммо Ўзбекистон Тожикистоннинг бу таклифига қарши чиқиб, ҳар қандай сув омборлари ва энергетик иншоотлар қурилиши учун, албатта, қўшнилар рухсати олиниши шартлигини таъкидлаганди. Айни шу масала атрофида мавжуд ўзаро келишмовчиликлар боис, сув захираларидан унумли фойдаланишга доир ўта муҳим ҳужжат имзоланмай қолмоқда.

Энди Тожикистон томони бу масалада ўз позициясини белгилаб олган кўринади. Ҳар ҳолда Душанбедаги халқаро анжуманда сўз олган тожик расмийлари маърузаси руҳи шундан далолат бериб турди.

“Роғун ГЭС қурилишида биз қўшнилар рухсатини кутиб ўтирмаймиз. Бу қурилиш учун ҳукумат ўз бюджетидан маълум миқдорда маблағ ажратди. Ундан ташқари, маҳаллий ва хорижий сармоядорлар ҳам жалб этилишига доир тадбирлар бошлаб юборилган. Шунинг билан бирга, Роғун очиқ акциядорлик жамияти ҳам ташкил этилиб, унинг низоми Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Тожикистон ҳукумати халқаро консорциум тузади, барча хорижий сармоядорлар ва давлатлар бу консорциумга аъзо бўлиши мумкин”,- деди П.Муҳиддинов.

Бироқ Марказий Осиё сувларини бошқариш бўйича давлатлараро комиссия вакили Денис Сорокин Тожикистон расмийси фикрларига қўшилмаслигини таъкидлади.

“Бу масала юзасидан мен умум фикрини ифодалай оламанми- йўқми, аммо ўз давлатимиз ичкарисида бир иш қилишдан олдин биз барибир ўз қўшниларимизни ҳам ўйлашимиз зарур. Кўп ҳолларда биз гўё фақат Ўзбекистон манфаатларини кўзлаган ҳолда иш кўраётганимиз ва Роғун ГЭС қурилиши, умуман бошқа иншоотлар масаласида ҳам нотўғри хулосалар чиқараётганимиз айтилади. Аслида ундай эмас. Биз Роғун ГЭС қурилишига қарши эмасмиз. Аммо, келинг, бу иншоот қурилиши ва унинг тўғони баландлигини собиқ шўро давридаги лойиҳа асосида амалга оширайлик. Токи бошқа давлатлар экологик вазияти, қишлоқ хўжалиги, одамлар ҳаётига хавф туғдирмасин”,- деди Денис Сорокин.

У ҳозир Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ва Хоразм воҳасида қурғоқчилик юзага келгани ва Ўзбекистон ҳукумати бу ҳудудларда мавжуд муаммоларни мустақил ҳал этаётгани, аммо қўшниларнинг бу муаммога лоқайдлиги яхши қўшничилик сиёсатига тўғри келмаслигини қайд этди.

Кузатувчилар эса энергетик иншоотлар қурилиши ҳамда минтақада сув тақсимотига доир баҳслар сиёсий хусусиятга эгалигини айтмоқда.

Мустақил кузатувчи Қосим Бекмуҳаммадов сўзларига кўра, келишмовчилик минтақа давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида мавжуд, холос. Бу ҳам бўлса, икки давлат раҳбарларининг худбинлиги ва бир-бирига ишончсизлиги сабаблидир.

“Ўйлайманки, бу муаммо фақат Тошкент ва Душанбе ўртасида музокара йўли билан ҳал бўлади. Ундан ҳам муҳими, икки давлат раҳбарлари бир-бирига ва хусусан, олиб бораётган сиёсатига ишонч туғдиришдир. Агар бу икки президент бир-биридан ҳуркиш одатларини тарк этса, икки халқ осудалиги ва мамлакатлар тараққиёти ҳамда хавфсизлиги таъминлана боради”,- деди мустақил кузатувчи.
XS
SM
MD
LG