Линклар

logo-print

Норентабел соҳани ривожлантириш аҳоли зиммасига юкланди

  • Сарвар Усмон

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Az36mznwVoGX1M:http://belnetmon.bn.by/reports/rae/060617/large/_3644.jpg Ўзбекистон президентининг 21 апрелда эълон қилинган қарорини шарҳлаётган таҳлилчилар мамлакатда чорвачилик норентабел соҳа экани, шунинг учун ҳукумат бу ишни аҳоли зиммасига юклаётганини таъкидламоқда.

“Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”дир ўша қарор.

Мол-қўй боқиш оддий ўзбекистонлик учун пулни қадрсизланишдан сақлаш, кўпроқ боқса, 3-4 сўм топиш имконияти бўлса, бу ишнинг Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим сиёсий жиҳати ҳам бор.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА 21 апрель кунги қарорни шарҳлар экан, жумладан, бундай ёзди:

“Қонунчиликда шахсий ëрдамчи ва деҳқон хўжаликларида қорамол парваришлаш билан банд шахслар иш билан банд аҳоли тоифасига киритилиши, уларга меҳнат дафтарчаси берилиши ва иш стажи ҳисобга олиниши, улар нафақа ëшига етганда нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган”.

Демак, қорамолингиз борми, ишсиз эмассиз.

Қорамоли бор одам ишсиз эмас, деб тан олинар экан, бундан, демак, қорамолни боқишдан кўриладиган фойда уни боққан одамнинг пулга бўлган эҳтиёжини тўла таъминлайди, деган маъно келиб чиқади.

Бироқ фарғоналик Жамолиддин ака қорамол сотиб олишга шошилмаяпти. Қорамолни эмас, қўйни назарда тутиб, у киши мана буларни айтди.

“13-14 талаб қўй боқдим. Лекин у пайтда озуқа арзон эди. Ҳозир яқинига бориб бўлмайди. Масалан, 1 кг шелуха 220-230 сўм. Кунжара 400 сўмга яқинлашиб қоляпти. Мол боқадиган бўлсангиз, жуда катта пул кетади. Ҳозир бизнинг шароитда умуман мол боқиб бўлмайди”,- деди Жамолиддин ака.

Тўғриси, 21 апрель кунги қарор матнидан уни тайёрлаганлар ва имзолаган президент Жамолиддин ака айтаётган аҳволни билади, деган фикр ҳам келиб чиқади. Ҳужжатда қорамол сотиб олиш учун микрокредитлар ажратиш, суғориладиган далаларда ем-хашак етиштириладиган майдонларни кенгайтириш ва бошқа қатор чораларни амалга ошириш назарда тутилган.
Лекин айни пайтда қарор билан танишар экансиз, нима учун Ўзбекистон ҳукумати гўшт етиштиришнинг ривожланган мамлакатларда қўлланилаётган усулидан фойдаланиш йўлидан, яъни махсус комплексларда замонавий технологияларни қўллаш йўлидан бормай, бу ишни оддий аҳоли зиммасига юклаб қўйяпти, деган савол пайдо бўлади.

Бу саволга жавоб берар экан, ўзбекистонлик таҳлилчи Абдусалом Эргашев: “Бир томондан олиб қарасангиз, чорвачилик Ўзбекистон шароитида совет давридан жуда норентабел соҳа бўлган. Мол гўшти таннархи 6 рублдан ортиқ эди. Давлат дотация бериб 2 рублдан камроққа сотар эди. Ҳозир ҳам чорвачилик Ўзбекистонда рентабелли эмас ва шунинг учун ҳам агар давлат буни ўз монополиясига олиб ривожлантирамиз деса, жуда катта зарар кўради. Худди мана шу зарар оддий халқни бўйнига қўйиляпти”,- деди.

ЎзА хабарига кўра, ҳозир Ўзбекистонда 7 миллион 400 минг бош қорамол бўлиб, қарийб 7 миллиони шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларида.

Президент қарори тўла бажарилгудай бўлса, 2010 йилга бориб шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги қорамол сони 8,5 миллион бошдан ортади.
XS
SM
MD
LG