Линклар

Ўзбекча клонлаштириш ёки “Эзгулик” кўпаймоқда

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Қарши шаҳрида худди шу номда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази рўйхатга олинишидан норозилик билдирди.

Қаршида Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Республика хотин-қизлар қўмитаси муассислигида “Эзгулик” маркази иш бошлагани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА хабар тарқатган эди.

Юқорида тилга олинган ҳар икки “Эзгулик” ҳам нодавлат ташкилот бўлиб, инсон ҳуқуқлари жамияти вакиллари икки ташкилотнинг бир номда рўйхатга олиниши мавжуд қонунчиликка хилоф эканини таъкидламоқда.

Ҳозирча Адлия вазирлиги бу ҳақда изоҳ беришдан ўзини олиб қочмоқда. Лекин “Эзгулик” жамияти вакили вазирликнинг жамоат ташкилотларини рўйхатга олиш бошқармаси бошлиғи Жалол Абдусатторов билан учрашишга муваффақ бўлган.

“Бошқарма бунақа ташкилот рўйхатга олинмаганини ва у ҳақда маълумот йўқлигини айтди. Лекин ЎзА бу бўйича адлия рўйхати борлигини, ҳокимлик бундан хабардорлигини ва бу расмий ташкилот эканини айтяпти”,- деди “Эзгулик” жамияти вакили.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охунов А.Ташанов ғаламислик, деб атаган бу иддаолар асоссиз эмаслигини таъкидлади.

“1990-йилларнинг бошида “Бирлик” халқ ҳаракати танилиб, ҳамманинг қулоғига етган ташкилот бўлгани учун ҳукумат бу ташкилот номини ўзига олиш мақсадида “Халқ бирлиги” партиясини тузган. Бу партияни халққа “Бирлик” халқ ҳаракати, деб кўрсатиб, аҳолини, фаолларни чалғитиб, ўз томонига ўтказишда шундай усул ишлатган”,- деди П.Охунов.

У ўша даврда клони пайдо бўлган партия фақат “Бирлик” бўлмаганини айтади.

“Шукрулло Мирсаидов “Адолат” партиясиними, ҳаракатиними тузганда ҳукумат ҳам “Адолат” социал демократик партиясини тузиб, номни ўзига олиб, Шукрулло Мирсаидов тузмоқчи бўлган партияни тўхтатган ва ундан олдин рўйхатдан ҳам ўтказиб олган”,- деб эслади Пўлат Охунов.

У эслаётган Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги вице-президенти эди. Ҳозир Ш.Мирсаидов қаерда, нима иш билан банд, ўзи борми бу дунёда – бу ҳақда мутлақо маълумот йўқ.

“Озодлик” Қаршида таъсис этилган “Эзгулик” марказини ҳам излади. Лекин топа олмади.

“Эзгулик” жамияти вакиллари фикрича, ишлаб турган бир ташкилотнинг номи билан бошқа бир ташкилотни номлаш нопок сиёсий технологиядан фойдаланишдир.
XS
SM
MD
LG