Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:54

Қозоғистон ҳам Каримовни совғасиз кутиб олмади


2005 йилги Андижон воқеаларида фаол иштирок этганликда айбланаётган Рафиқ Раҳмонов Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олингани, у Олмаотадаги 1-тергов ҳибсхонасида сақланаётгани хабар қилинмоқда.

Ўзбек қочқини Рафиқ Раҳмоновнинг Олмаота шаҳрида қўлга олингани ҳақида “Озодлик”ка бошқа бир ўзбек қочқини Алишер Жумаев хабар қилди.

“У Андижондаги тинч намойишларда қатнашган ва ўша вақтда видеога тушиб қолган. Ўша ерда намойишчилар орасида тинч ўтирган, қўлида ҳеч нарса бўлмаган. Тинч ҳолда ўтиргани ва видеога тушгани унинг айби бўлган. У 3 йилдан буён қочиб юрган, лекин Ўзбекистондаги сайловдан ижобий натижа кутиб, янги президент бўлади, мен ватанимга қайтиб бораман, деб БМТнинг қочқинлар идорасига мурожаат қилмаган экан. Апрель ойи бошида у қочқинлар идорасига мурожаат қилди ва идора талаби билан миграция полицияси рўйхатидан ўтиш учун бориб қўлга олинди, ҳозир ҳибсда. Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи бор. Ўзбекистонда жиноят иши очилган. Март ойида ҳам уни Ўзбекистон телевидениеси орқали кўрсатиб, қидирув эълон қилишган”,- деди Алишер Жумаев.

Инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг Олмаота ваколатхонаси вакили Денис Живаго Рафиқ Раҳмонов Ўзбекистон ҳукумати томонидан террорчилик, одам ўлдириш ва давлат тўнтариши қилишга уринганлик каби оғир жиноятларни содир этишда айбланаётганини билдирди. У Р.Раҳмоновга қўйилаётган барча айблар сохта эканига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

Д.Живаго ўзбек қочқинининг ҳибсда сақланаётгани масаласига тўхталиб: “Аслида Қозоғистон қонунчилиги ва “Қочқин мақоми тўғрисида”ги конвенция бўйича расмийларимиз қонуний йўл тутмоқда. Конвенцияда агар бошпана сўраётган шахс яшаб турган давлатининг миллий хавфсизлиги учун хатар туғдирса, ўша давлат ҳукумати уни ўз юртига бериб юборишга ҳам ҳақли”,- деди.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Бош прокуратураси Рафиқ Раҳмоновга қўйилаётган айбловлар бўйича тўлиқ маълумот сўраб, ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилган ва жавоб олинмагунча қочқин ҳеч қаерга экстрадиция қилинмайди.

Рафиқ Раҳмоновнинг Қозоғистондаги таниши бўлган бошқа бир қочқиннинг маълум қилишича, Р.Раҳмонов Олмаота шаҳри криминал полицияси тергов ҳибсхонасида сақланмоқда ва у ерга Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келиб кетган.

БМТ қочқинлар идорасининг Олмаотадаги ваколатхонаси матбуот котиби Геля Реррих эса айни пайтда Р.Раҳмоновнинг қаерда экани номаълум эканини билдирди.

“Биз буни аниқлаш учун Қозоғистон Бош прокуратурасига расмий мурожаат юбордик, бироқ ҳозирча жавоб ололганимиз йўқ. Иккинчидан, унинг олдига ҳуқуқ ҳимоячилари киришига рухсат борми ёки йўқми - буни ҳам билмаймиз. Биз ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идораларидан ўз сўровларимизга жавоб кутяпмиз”,- деди Геля Реррих.

Баъзи кузатувчилар ўзбекистонлик қочқиннинг мазкур мамлакат президенти Ислом Каримовнинг Остонага расмий ташрифи олдидан ҳибс этилганини изоҳлаб, буни Қозоғистон ҳукуматининг ўзбек президентига бир туҳфаси ўлароқ баҳоламоқда.

Шундай фикрни билдираётган Ўзбекистондаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова бу борада гапириб: “Масалан, И.Каримовнинг Россияга боришидан аввал ҳам Путиннинг шунга ўхшаш совғалари бўлган. Жумладан, 2002 йилда “Бирлик халқ ҳаракати” партияси фаоли Ҳамроев Москвада ушланиб, қамаб қўйилган эди. Унинг ўртасида Каримов билан учрашувлар, қандайдир келишувлар бўлган”,- деди.

В.Иноятова маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Рафиқ Раҳмонов тақдирига бефарқ бўлмаслиги жоизлигини айтиб, қўшни мамлакатларда вақтинча яшириниб юрган ўзбекистонликлар қўлга олиниб, юртига экстрадиция қилингач, уларни ҳар қандай ҳолатда узоқ муддатли қамоқ жазоси кутишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG