Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:23

Қозоғистоннинг айрим таклифлари таклифлигича қолди


http://uza.uz/ru/images/472t.jpg Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 22-23 апрель кунлари Қозоғистонга қилган расмий ташрифи давомида томонлар ўртасида муҳокама қилинган масалалар орасида ўзаро келишувга эришилмаганлари ҳам борлиги айтилмоқда.

Расмий маълумотларда кўра, икки давлат раҳбарлари ўзаро товар айрбошлаш ҳажми икки баравар ўсганини қайд қилган.

Қозоғистондаги “Хабар” телевидениесининг хабар беришича, агар икки давлат ўртасидаги сунъий иқтисодий тўсиқлар олиб ташланганда бу кўрсаткич янада ошган бўларди.

“Энг аввало, чегаралардан ўтказилиши тақиқланган товарлар ҳақида гап боради. Шунингдек, икки давлат ўртасида валютани ва банклардаги корреспондент ҳисобларини ўзаро конвертация қилиш механизми ҳанузгача йўқ. Бундан ташқари, Қозоғистон томони чегараларда ўтказув пунктларини кўпайтиришни ва бу пунктларда “битта тўхташ жойи” принципини жорий этишни таклиф қилди”,- дейилади “Хабар” телевидениеси хабарида.

Лекин бу таклифлар бўйича ҳеч қандай ҳужжат имзоланмади. Қозоғистон томони таклифлари таклиф даражасида қолиб кетди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев Остонада ўтказган учрашувларида Марказий Осиё давлатлари иттифоқи тузиш ҳақида гапирган эди. Бу ҳақда Н.Назарбоевнинг И.Каримов билан ўзаро учрашувларида гап бўлмади. Фақат Ўзбекистон телевидениеси мухбири бу ҳақда матбуот анжуманида эслатганидан кейин И.Каримов бу иттифоқни қўлламаслигини узил-кесил айтди.

Кузатувчилар таъкидича, Ўзбекистон президенти бу учрашувларда ўзини жуда асабий тутган. Унинг норози кайфияти сўзларида ҳам акс этиб турган.

Расмий хабарларга кўра, икки давлат раҳбарлари фақат савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш хусусидаги масалаларни муҳокама қилиб, эркин савдо ҳудуди яратишга келишган. Шунингдек, Марказий Осиёдаги сув ресурсларидан фойдаланишда ҳаммага ўзаро фойдали бир механизм ишлаб чиқиш учун ҳар иккала томон ҳам қизиқиш билдирган. Томонлар фикрича, бу борада Марказий Осиё сув-энергетика концорциуми тузилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Кимдир сувдан олинган электр энергияни товар сифатида сотишни хоҳлайди, биз эса бу сув бизга суғориш учун етиб келишини истаймиз. Ана шу манфаатларни яқинлаштириш керак. Биз шунинг устида ишлаймиз”,- деди Нурсултон Назарбоев.

Расмий ташрифнинг иккинчи куни Ислом Каримов Остона шаҳрида янги қурилган савдо-кўнгилочар мажмуини ва республика нейрохирургия илмий марказини бориб кўрди. Шу билан Ислом Каримовнинг Қозоғистонга қилган сафари якунига етди.
XS
SM
MD
LG