Линклар

Қонундаги ўзгаришлар ногиронлар оғирини енгил қиладими?


Ўзбекистон парламентида “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.Янги қонун лойиҳасида ногиронларни иш билан таъминлашга катта эътибор қаратилган.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жисмоний имконияти чекланган 2 миллиондан зиёд фуқаро яшайди.

Бугунги кунда бу фуқароларнинг аксарияти ишсизлик боис қийналаётгани кўпчиликка маълум. Уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш жиддий муаммолардан бири экани кузатилади.

Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Ойбек Исоқов ногиронлар бошқаларга қарам бўлмаслиги учун уларга, аввало, иш ўринлари яратиб бериш жуда зарурлигини таъкидлади.

Биринчи гуруҳ ногирони бўлган самарқандлик 42 ёшли Садриддин Пўлатов ҳам айни пайтда ишсиз. Садриддин ака бугунги кунда ногиронлар кўплаб имтиёзлардан маҳрумлиги боис, ишлаб пул топмаса, рўзғор тебратиш жуда мушкуллигини айтади.

“Мен ўзим 1,5 йилдан бери ишсизман. Кўзи ожизлар вақтида турли имтиëзлардан фойдаланар эди. Лекин ҳозир ўша имтиëзлардан фойдалана олмайди. Масалан, ҳозир коммунал хизмат ҳақи шу даражада ошиб кетганки, тўлаш учун ҳеч қанақа имконият йўқ. Ҳозирги кунда токдан 300.000, газдан 200.000 сўм, коммунал хизматдан қарийб 1 миллион қарзим бор. Ҳатто болаларимни мактабга юборишга имкониятим йўқ. Очиғи, мактабга бора олмаяпти, оч, яланғоч, юпун. Кўчага чиқиш арафасида бўлиб қолганман. Энди тиланчиликка яқинлашиб қоляпти. Яна остеохондроз билан ҳам касалланганман. Қаерга иш сўраб мурожаат қилган бўлсам, қониқарли жавоб ололмаяпман. Жуда ҳам оғир аҳволдаман”,- деди С.Пўлатов.

Садриддин ака ишсиз ногиронларга қийинлиги, чунки ногиронлиги учун бериладиган нафақа пули оила боқишга етмаётганидан нолийди.

“70.000 сўм нафақа оламан. 4 та фарзандим бор. Хотиним нафақахўр эмас. Ҳеч қаерда ишламайди”,- дейди С.Пўлатов.

Кўпчилик ногиронлар эндиликда иш билан таъминланишига ишонмоқда. Чунки парламентда муҳокама қилинаётган уларга оид қонун лойиҳаси айнан ногиронлар ишсизлигига барҳам беришни кўзлаган.

Қонун лойиҳасига кўра, ишлаб чиқариш муассасалари ва ташкилотлар ногиронлар учун маълум миқдорда иш ўринлари яратиши керак. Аниқроғи, эндиликда 20дан ортиқ ишчига эга бўлган ташкилотлар ходимлар умумий миқдорининг уч фоизидан кам бўлмаган миқдорида иш ўрнини ногиронлар учун захира қилиб қолдириши шарт бўлади. Мазкур талабни бажармаган корхона ва ташкилот ўртача ойлик иш ҳақининг юз баробари миқдорида жаримага тортилади.

Ўзбекистон ногиронлар жамиятидан олинган маълумотга кўра, ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш учун мамлакатда шу кунга қадар ҳам бир қанча қонунлар қабул қилинган, лекин бу қонунлар амалда ишламаяпти.

Жамият раиси Ойбек Исоқовнинг айтишича, қонун бўйича ногиронларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши, протезлар ажратилиши керак. Амалда эса бундай хизмат кўрсатилмайди.

“Дори-дармонлар қимматлик қилади. Ногиронларнинг ўша дори-дармонларга пули етмайди. Қонун бўйича ногирон шифохонада бўлса, овқат пулини тўламайди. Лекин дори-дармонларга ногиронлар барибир тўлаши керак. Имтиëзлар бор, лекин оз. Масалан, коммунал тўловлар учун бизга имтиëзлар йўқ. Давлат транспортларида фақат кўзи ожизлар, Афғонистонда урушда бўлганлар, чернобилчиларга имтиëзлар бор. Лекин болаликдан ногиронлар ва бошқа ногиронларга бунақа имтиëз йўқ”,- деди О.Исоқов.

Ногиронларнинг асосий муаммоларидан яна бири таълим олиш масаласидир.

Хоразмда етти йилдан буён фаолият кўрсатаётган Ногирон болаларни қўллаб-қувватлаш жамияти раҳбари Назира Сафарбоеванинг билдиришича, хоразмлик ногирон болалар орасида ҳатто мактабга умуман бормаганлари ҳам бор. Уйда таълим оладиган ногирон болаларга ҳам кўнгилдагидай билим берилмайди.

“Тўғрисини айтсам, ўқитувчиларни бизнинг таълим олишимиз эмас, ойлик қизиқтиради”,- деди Н.Сафарбоева.
XS
SM
MD
LG