Линклар

logo-print

Исёнчи полковникни энди Интерпол қидиради

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукумати ўта хавфли жиноятчи сифатидан тан олинган исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиевга халқаро қилдирув эълон қилди ва зарур ҳужжатларни Интерполга топширди.

Бу ҳақда маълум қилган Хатлон вилояти прокурори Собиржон Охунов: “Умид қиламизки, яқин кунларда нафақат бизнинг мамлакат, балки бутун минтақа давлатлари учун ҳам ўта хавфли жиноятчи бўлган бу шахс Тожикистонга экстрадиция қилинади”,- деди.

У Маҳмуд Худойбердиевнинг ҳозир қайси давлатда яширингани ҳақида маълумотларга эга эмаслигини, бу ҳақда исёнчи полковник устидан жиноят иши очган Бош прокуратура тўлароқ маълумотга эгалигини таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов ҳар гал Маҳмуд Худойбердиев ва унинг сафдошлари ҳақида гап очилса, улар қўшни Ўзбекистонда яширинганини қайта-қайта айтишдан чарчамайди.

“Биз Ўзбекистон ҳукуматига минглаб марта расмий хат йўллаганмиз. Аммо улар бизга М.Худойбердиевни ҳам, у билан бирга бўлган бирорта жиноятчини ҳам қайтаргани йўқ”,- деган эди Б.Бобохонов яқинда ўтган бир матбуот анжуманида.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консули Миродил Абдураззоқов “Озодлик” билан суҳбатда агар М.Худойбердиев Ўзбекистон ҳудудида қўлга олинса, албатта, у ватанига экстрадиция қилиниши мумкинлигини билдирди.

Бироқ маҳаллий кузатувчилар бу борада Тожикистон ҳам, Интерпол ҳам бирор натижага эриша олмаслигини айтмоқда.

“Маҳмуд Худойбердиев ва унинг тарафдорлари Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида яшаб тургани ҳеч кимга сир эмас. Айрим маълумотларга кўра, у ўзбек махсус хизматларида ишлайди. Тожикистон ҳам, Интерпол ҳам бу жиноятчини ватанига экстрадиция қила олмайди. Чунки Ўзбекистон томони бу ўта тажрибали полковник ва жанговор синовлардан ўтган 500дан ортиқ жангчисини қўлдан беришни истамайди. Ўзбекистондаги айрим сиёсий доиралар мамлакат ичкарисида бош кўтариб чиқадиган ҳар ҳандай кучни бостириш учун Маҳмуд ва унинг қўшинидан фойдаланишни истайди”,- деди маҳаллий кузатувчи Маҳди Собир.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистондаги иқтисодий ва ижтимоий вазият тобора оғирлашиб бораётгани ва бу эса фуқаролар ўртасида норозиликлар туғдираётгани М.Худойбердиевга амалга ошмай қолган режаларини рўёбга чиқариш учун қулай фурсат туғдириши мумкин. Шунинг учун Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар орқали уни ватанга қайтариш ва ўзи учун таҳдид солаётган ўта хавфли душманини синдиришни кўзлаган.

Эслатиш жоиз, тожиклараро миллий ярашув битими имзолангандан сўнг Маҳмуд Худойбердиев расмий ҳукуматга қарши исён кўтарган, 1997 йилда ҳукумат кучлари билан тўқнашувда енгилгач, у ўз тарафдорлари билан Шаҳритуз туманининг Ўзбекистонга чегарадош Айваж маҳалласи орқали қўшни давлатга ўтиб кетгани ҳақида хабар тарқатилган.
XS
SM
MD
LG