Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:36

Тақирбошлар Россиянинг ўзига ҳам хавф солмоқда


Россия Ички ишлар вазирлигининг илмий тадқиқот институти сўнгги тўрт ой мобайнида рус тақирбошлари томонидан Москва шаҳри ва вилоятида 40 киши ўлдириб кетилгани ёки оғир тан жароҳати етказилганини маълум қилди.

Россия ИИВга қарашли Бутунроссия илмий тадқиқот институтининг катта илмий ходими Игорь Сундуев “Интерфакс”га берган интервьюсида Москва вилоятида миллатчилик руҳида жиноят қилганликда гумонланиб 20 киши қўлга олингани, сўнгги тўрт ой мобайнида эса 37 киши рус тақирбошлари томонидан ўлдириб кетилганини билдирди.

Мазкур институт тадқиқотчилари фикрича, Россияда экстремизм жуда кенг қулоч ёймоқда ва унинг терроризмга айланиб кетиш хавфи пайдо бўлмоқда.

Игорь Сундиевнинг айтишича, тақирбошлар миллати рус бўлмаган одамларга ҳужум қилишнинг янги ва янги йўлларини қидириб топишга ҳаракат қилмоқда. Бу усуллардан бири “флешмоб”, деб аталади. Яъни электрон почта орқали тақирбошларга шаҳар шароитидаги жанговар ҳаракатлар қўлланмаси юборилади. Қўлланма ўрганилгандан кейин маълум бир кунда, маълум бир соатда уларнинг маълум бир жойга тўпланиши айтилади. Йиғилган гуруҳдан ҳеч ким бир-бирини танимайди ва улар биринчи дуч келган славян бўлмаган одамни калтаклаб пичоқлаб, қочиб кетади.

Москва шаҳрида ишлаётган Бобожон исмли йигит ҳам “Озодлик” билан суҳбатда тақирбошлар Марказий Осиёдан борганлар учун жуда хавфли эканини айтади.

“Улар Гитлернинг тарафдорлари. Улар Ўрта Осиëдан келганларни, мусофирларни, қораларни электричкаларда, вокзалларда, кўчаларда битта- иккита бўлиб юрсангиз, гуруҳ-гуруҳ бўлиб уриб кетади. Нима қилиб юрибсан, нимага юрибсан, деб сўрамайди. Кечқурун, байрам кунлари юриб бўлмайди. Кеч бўлгандан кейин ҳеч биримиз кўчага чиқмаймиз. Уларга рўпара бўлишдан Худонинг ўзи асрасин. Улар жуда ëмон. Уларнинг ëнига ҳам ҳеч ким бормайди. Ҳатто органлар ҳам бормайди”,- дейди Бобожон.

Тақирбошлар хавфининг ортиб бораётганини россиялик ҳуқуқшунослар ҳам рад қилмайди.

Экспертларнинг айтишича, ҳозир Россияда инқилобий вазият юзага келган. Бу вазиятда экстремизм мамлакат учун терроризмдан ҳам даҳшатли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

“Ҳамма гап шундаки, тақирбошларнинг бу жиноятлари ҳам терроризмдир. Фақат танлаб қилинадиган терроризм. Гап экстремист ғоялари эмас, балки ксенофобия ва ирқчилик мафкураси ҳақида бормоқда. Ана шу мафкура бугун Россия давлатига ҳам, жамоатчиликка ҳам хавф солмоқда. Агар Россия бу соҳадаги сиëсатини қайта кўриб чиқмас ва терроризмни келтириб чиқараётган бу оқимларга қарши курашмас экан, унинг Ҳамдўстлик давлатлари билан иттифоқчилик шартномаларига путур кетади”,- деди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова.

Москва инсон ҳуқуқлари бюроси эксперти Семён Чарнийнинг таъкидлашича, тақирбошлар ҳужумидан энг кўп марказий осиёликлар жабр кўрмоқда. Энг кўп ўлдириб кетилганлар ҳам ўзбеклардир.

“Албатта, бу Россия аҳолиси ва ҳукумати олдида турган жиддий муаммо. Аҳоли бир қисмининг ўзга миллатларга тоқатсизлиги бор. Ўтган йили Россияда ксенофобия замирида 250дан ортиқ жиноят содир қилинди. Бу ҳужумлар оқибатида 80 киши ҳалок бўлди ва 325 киши жабрланди”,- деди Семён Чарний.

Расмий маълумотларга кўра, шу йилнинг икки ойида Россияда экстремистик характердаги 58 жиноят содир этилган. Агар 2005 йилда 152 та шундай жиноят қайд қилинган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич икки ярим баравар ошиб кетди.
XS
SM
MD
LG