Линклар

Расмий сафарнинг салбий оқибатимикин?

  • Сарвар Усмон

http://www.minjust.uz/images/contact_photo.jpg Расмий Тошкент нуқтаи назарини баён қилувчи “Press-uz.info” ахборот агентлиги Адлия вазирлиги Ўзбекистондаги Қозоқ маданий маркази фаолиятини тўхтатиб қўйишга асос бўла оладиган қўпол қонунбузарликларни аниқлагани ҳақида хабар берди.

Ўзбекистондаги миллий маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб турувчи Республика байналмилал маданий маркази ходимининг “Озодлик”ка айтишича, шу пайтгача биронта ҳам маданий марказ фаолияти тўхтатилган эмас, аксинча бундай марказлар очилиб, улар сони кўпайиб боряпти.

Демак, ёпилса, Қозоқ маданий маркази фаолияти тўхтатилган биринчи марказ бўлади.

Хўш, бу жамоат ташкилоти йўл қўйган қўпол қонунбузарликлар нималардан иборат?

Бу ҳақда “Press-uz.info” мухбирига Адлия вазирлигининг масъул ходими айтиб берган.

Мана ўша қонунбузарликларнинг қисқа мазмуни:

республика қозоқ маданий маркази ўз адресини ўзгартиргани тўғрисида;

ўтказмоқчи бўлгани тадбирлар режаси тўғрисида;

ходимлари сони ва ҳоказолар тўғрисида тегишли давлат идораларига хабар бермаган;

шаҳар ва туманлардаги бўлимларини расмий қайддан ўтказмаган.

Бундан ташқари, маданий марказ аъзолари ҳатто ташкилот раҳбарларини сайлаш тартибини бузганликда ҳам айбланган.

“Озодлик” бу айбловларни шарҳлаб беришини сўраб, Қозоқ маданий маркази раҳбари Усен Асқаровга мурожаат қилди. У эса бу бўйича иш тўлиқ тугамагани учун ҳозирча бирор изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

“Press-uz.info”нинг ёзишича, шу кунда Ўзбекистонда 140 дан зиёд миллий-маданий марказ бор.

Шу пайтгача улардан биронтасининг ҳам фаолияти тўхтатилмаган. Бундан қарийб 150 ташкилотдан фақат биттаси – қозоқларники тартиббузару қолганларнинг ҳаммаси батартиб ишлаяпти, деган маъно келиб чиқадими?

Республика байналмилал маданий марказининг “Озодлик” билан гаплашган ходими ҳатто Қозозоқ маданий маркази ёпилиш хавфи остида эканидан бехабар эканини маълум бўлди.

Байналмилал марказ биладими-йўқми, бундан қатъи назар, Адлия вазирлиги Қозоқ маданий марказини қоидабузарликда ошкора айблаб бўлди ва энди ташкилот фаолияти тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Айбловнинг айнан 24 апрель, президент Ислом Каримов Остонадан қайтган куннинг эртасига пайдо бўлгани Ўзбекистон раҳбарининг Қозоғистонда қилган аччиқ-тирсиқларини эслатди ва бу икки воқеа ўртасида ўзаро боғлиқлиқ йўқми, деган шубҳани пайдо қилди.

“Биласизми, мен 100 фоиз аминманки, бу ўртада боғлиқлик бор,- дейди муҳожиратда яшаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. - Ўзбекистон жамиятнинг ҳамма қирралари жуда ҳам мустаҳкам назорат қилинадиган шунақа авторитар давлатки, Адлия вазирлигининг фаолияти орқали ҳам Қозоғистон давлатига ва жамиятига маълум бир сигналлар бериляпти, деб қабул қилиш мумкин. Бу шуни кўрсатадики, И.Каримов Қозоғистонда ўзининг олдига қўйган мақсадларига эришмади ва Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов сўраган нарсаларга йўқ, деган бўлиш эҳтимоли жуда ҳам кўп. Шу нуқтаи назардан, бу шундай даражадаги сигналки, бундан кейин биз Қозоғистоннинг манфаатларига ëки унинг МОдаги интилишларига ўзимизнинг ветомизни қўйиб келамиз, деган сигналдир”.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев фикрича эса Қозоқ маданий марказининг ёпилиши ёки фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилишининг Каримовнинг Қозоғистонга сафари билан бир пайтга тўғри келиши Ўзбекистон президенти Қозоғистоннинг ташаббусларига ва умуман, Қозоғистоннинг минтақадаги ролига ғашлик билан муносабат билдираётганидан даракдир.
XS
SM
MD
LG