Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:43

Европа суди “Иваново ўзбеклари”ни оқлади


Европа инсон ҳуқуқлари суди Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, Россиянинг Иванова шаҳрида 2005 йил 18 июнда қўлга олинган 13 кишига нисбатан оқлов ҳукми чиқарди.

Суд қарорида айтилишича, 12 ўзбекистонлик ва бир қирғизистонлик фуқаро Россияда асоссиз айблар билан 20 ой ноқонуний қамоқда ушлаб турилган.

Европа судининг бу қарори ивановалик ўзбекларни қувонтириб юборди.
Ва ниҳоят, қарийб уч йиллик азобу уқубатлардан сўнг “Иваново ўзбеклари” Европа суди томонидан бутунлай оқланди. Бу қарорни эшитган “Иваново ўзбеклари”дан бири Шукрулло Собиров ўз хурсандлигини яшира олмаслигини айтади.

“Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Чунки ҳақиқат эгилиши, аммо синмаслиги ўз тасдиғини топди. Яхшилик билан ëмонлик баробар бўлмайди, деганини ҳақиқатда биз бугунги кунда бошимиздан кечириб, кўриб турибмиз. Мана, уйдагилар билан гаплашиб уларни ҳам хурсанд қилдик. Улар ҳам 3 йилдан бери нима бўлди экан, деб кутиб ўтиришибди. Қариндош-уруғлар ҳам бугунги кунни кутиб турган эди. Шу хабарни эшитиб ҳаммалари хурсанд бўлди”,- деди Ш.Собиров.

Иваново шаҳридаги “Ростекс” фирмасида ишлаётган 12 ўзбекистонлик ва бир қирғизистонлик Россия милицияси томонидан қамоққа олинган эди.

Ш.Собировнинг айтишича, уларни тез фурсатда Ўзбекистонга экстрадиция қилиш мўлжалланган эди. Лекин инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Россия Бош прокуратурасига ва Европа судига қайта-қайта мурожаат қилганидан сўнг экстрадиция вақтинчалик тўхтатилди. “Иваново ўзбеклари” ҳар бир суд жараёнида ўзларининг айбсиз эканини, Андижон воқеаларига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаб келган бўлса-да, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари уларни 20 ой қамоқда ушлаб турди.

“Ниҳоят, Европа суди ва Россия ҳуқуқ-тартибот органлари орасида келишув бўлди. Бизни Европа судининг қарори қабул қилингунча Ўзбекистонга жўнатиб юбормайдиган бўлишди”,- дейди Шукрулло Собиров.

У Европа судига ёзган аризаларининг қисқача мазмунини баён қилиб: “Бизнинг асосий талабимиз - Россиядан қочқин мақомини беришини сўраганимиз. Кейинги талабимиз бизни Ўзбекистонга жўнатиб юбормаслик талаби эди. Учинчиси суд жараëнида анча нотўғри қарорлар қабул қилинган эди”,- деди.

Ўзбекистон ҳукумати “Иваново ўзбеклари”ни Андижон воқеаларини молиявий қўллаб-қувватлаганликда айблаб келади. Лекин улар бу айбловларнинг сохта ва ёлғон эканини билдирмоқда.

“У ëқдан келган айблов қоғозларини ўқидик. Кимгадир 200.000 доллар берилган, кимгадир қанчадир доллар берилган, деган гапларни ўқидик. Бу ҳаммаси уйдирма ва бўҳтон. 200.000 доллар жуда кулгили. Гапнинг очиғи, ўша пайтларда квартирага тўлашга пул топа олмай қолдик. Масалан, менинг бу ерга келганимга 3 ой бўлган эди. Уйдан 2005 йил 18 мартда чиқиб кетганман. Келиб бир фирмада 3 ой ишлаган бўлсам, шу 3 ой ичида уйга 100 доллар ҳам жўната олган эмасман. Менга қарши кўрсатма берган одамларни ҳатто танимайман. Шунақа, ўша пайтларда анча қизиқарли бўлган эди бу”,- дейди Ш.Собиров.

Айни пайтда Иванова шаҳрида яшаётган ўзбеклар БМТнинг қочқин мақомини олган. Улар адолат қарор топишида уч йил уларни ҳимоя қилиб келган инсон ҳуқуқи фаолларига ва адвокатларига ўз миннатдорлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG