Линклар

Апелляциядан ҳам умид кам


22 апрель куни Бухоро вилояти жиноят ишлари судида қашқадарёлик 12 намозхон устидан апелляция тартибида суд бошланди. Дастлабки суд уларни 16 йилдан 20 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этганди.

Дастлаб судланувчилар сони 14 киши эди. Бухоро вилояти жиноят ишлари судининг 2008 йил 25 февралдаги ҳукми билан айбланувчи Асад Турсунов амнистия асосида суд залидан озод қилинган, 34 ёшли Бекмурод Юсупов 20 йил, 21 ёшли Сарвар Хидиров 19 йил, 37 ёшли Орифжон Исмоилов 18 йил, қолган 10 намозхон эса 16 йилданга қамоқ жазоси олганди.

Судланганлардан 12 нафари апелляция тартибида шикоят аризаси ёзган ва эндиликда шу иш бўйича суд жараёни бошланди.

Намозхонлардан 6 нафарини ҳимоя қилаётган адвокат Рустам Тўлагановнинг “Озодлик”ка билдиришича, дастлабки судда судланувчилар Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм, қўпорувчилик, жиноий гуруҳ ташкил қилиш, босқинчилик, қотиллик каби жами 8 та моддаси бўйича айбдор топилган.

“Аммо бу айбловларнинг ҳаммаси асоссиз ва далилларсиз. Чунки улар ҳокимиятни ағдармаган, бирор жойни портлатмаган. Уларга қўйилган модда талаблари бўйича портлатишдан қандайдир зиён бўлиши керак. Ҳеч бўлмаса, қўпорувчиликка тайёргарлик моддасини қўллаш керак эди. Одам ўлдиришда айбланяпти ва айбловда: “Шахсини аниқлаш имкони бўлмаган шахсни ўлдирмоқчи бўлди”, деб ëзилган. Аниқлай олмаса, буларни одам ўлдиришда нега айблайди? Айбловда шундай зиддиятли нуқталар кўп”,- деди адвокат.

Намозхонлардан бири, шаҳрисабзлик 21 ёшли Худоёр Исоқов ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Худоёр Россияда 1,5 йил давомида ишлаб, Қашқадарёга қайтиб келганидан икки ҳафта ўтиб, яъни 2007 йилнинг 5 сентябрь куни Қашқадарё миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Маълум бўлишича, судланувчиларнинг барчаси битта жиноий гуруҳга аъзоликда айбланган, лекин улардан фақат саккизтаси ўзаро таниш бўлиб, қолган беш киши умуман бир-бирини танимаган.
Адвокат Руҳиддин Комиловнинг “Озодлик”ка айтишича, қашқадарёлик намозхонлар “Жиҳодчилар” номли янги диний оқимга алоқадорликда айбланган.

“Бу янги оқим вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси ва тергов органлари томонидан тўқиб чиқарилган. “Ваҳҳобий” ëки “Ҳизб ут-таҳрир”, деса одамлар тушунади. Биз эса янги оқим қааердан пайдо бўлганига ҳайронмиз”,- деди Р.Комилов.

Адвокатлар фикрича, апелляция ҳал қилув қарори дастлабки суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириши мумкин.
XS
SM
MD
LG