Линклар

logo-print

Тожикистон ГЭСларни қўшнилари рухсатисиз қуради

  • Гулнора Равшан

Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭС ва яна ўнлаб энергетик иншоотларни қўшни давлатлар рухсатисиз қуришга қарор қилгани минтақада сув можаросини келтириб чиқариши айтилмоқда.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон парламентга йиллик мурожаатида мамлакатни оғир иқтисодий аҳволдан чиқариш ва яқин келажакда энергетика мустақиллигини қўлга киритиш учун Роғун ГЭС қурилиши билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш зарурлигини айтди ва бунинг учун қўшнилар рухсатини кутиб ўтириш шарт эмаслигига ишора қилди.

“Роғун ГЭС қурилиши яқинда бошланган эмас. Бу йирик энергетик иншоот қурилиши шўролар даврида бошланган бўлиб, шу кунга қадар қурилишнинг 40 фоизи битган ва 1 миллиард доллар қийматдаги техник жиҳозлар сотиб олинган. Бундан ташқари, 3 йилдирки, биз давлат бюджетидан бу иншоот қурилишига зарур маблағларни ажратмоқдамиз. Келгуси уч йил давомида Роғун ГЭСнинг илк агрегатларини ишга тушириш асосий мақсадимиздир”,- деди Тожикистон раҳбари.

У мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги тожик фуқароларини бу иншоот қурилишида ўз ҳиссаларини қўшиш ва унинг ишга туширилишида фаол қатнашишга чақирди.

Роғун ва шунга ўхшаш бошқа энергетик иншоотлар қурилишида Тожикистон ўз қўшнилари билан ҳисоблашмас экан, бу минтақа давлатлари ўртасида низо чиқишига туртки бўлмайдими, деган саволга жавоб берган “Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати раиси Шарифхон Самиев бу ГЭС қурилиши шўролар давлатида бошланмаганида қўшнилар гила қилса, ўринли бўлишини билдирди.

“Нега биз қўшнилар розилигини сўрашимиз керак? Газининг нархини оширишда қўшнилар бизнинг розилигимизни сўрамаяпти-ку!? Нега бирор қўшнимиз нефть қазиш, сув омбори қуришда бизнинг розилигимизни сўрамайди”,- деди асабийлашиб Ш.Самиев.

У Тожикистон Ўзбекистоннинг Роғун ГЭС тўғони баландлигига оид иддаоларига шу кунга қадар чидаб келганини ва аммо бу йилги қиш қаҳратонидаги азоб-уқубатлардан хулоса қилган ҳолда бундан сўнг Роғун ҳам бошқа энергетик иншоотлар Тожикистоннинг ўз ихтиёри бўйича қурилишини таъкидлади.

Тожикистоннинг бу қарори Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган қўшниларини ташвишга солаётгани кузатилади.

Эслатиш жоизки, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан суҳбати чоғида “Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар дарё бошланишидаги мамлакатлар томонидан қурилаётган энергетик иншоотлар туфайли сув танқислигидан азият чекмаслиги лозим”лигини таъкидлаганди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари Жаҳон банкига мурожаат этиб: “Агар сиз Роғун ГЭС қурилиши учун 300 миллион доллар сармоя ажратар экансиз, бу иншоотнинг ишга тушиши келгусида Қозоғистон ва Туркманистондаги экологик вазиятга салбий таъсир этмаслиги ва минтақада сув танқислигига сабаб бўлмаслигига кафолат берингчи”,- деган эди.

Айрим кузатувчилар Тожикистон ҳукуматининг энергетика иншоотлари қуришда қўшнилари рухсатини олмаслик қарори ўйламай босилган қадам эканини таъкидлаётир.

Улар фикрича, Тожикистон ўз энергетик иншоотларини қўшнилар маслаҳатисиз қурар экан, келгусида у иқтисодиёти ундан кучли бўлган бошқа қўшни давлатлар босими остида қолиши табиий.
XS
SM
MD
LG