Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:01

Альянс аъзолари сиёсий бошпана сўради


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянсининг яқинда Ўзбекистондан чиқиб кетиб, қўшни давлатларда бирида яшириниб юрган аъзолари Абдулла Тожибой ўғли ва Аҳтам Шоймардонов БМТнинг қочқинлар идорасидан сиёсий бошпана сўради.

Абдулла Тожибой ўғли “Озодлик” билан суҳбатда уларга одатий равишда ғаламисликлар уюштирилиши, милиция бўлимларига олиб кетилиши, маъмурий жавобгарликларга тортилиши уларни жиноий жавобгарликка тортишга тайёргарлик ҳаракатлари бўлганини билдирди.

“Агар Ўзбекистонда қолганимизда ва ҳибсга олинишимизни кутиб ўтирганимизда сохта айблар билан узоқ муддатларга қамаб юборилишимиз мумкин эди”,- деди А.Тожибой ўғли.

Унинг сўзларига кўра, кейинги уч ой давомида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси томонидан ҳар пайшанба куни Бш прокуратура олдида ўтказилган пикетлар пайтида уларга нисбатан турли фитналар уюштирилган. Пикетлар пайтида ҳуқуқ фаоллари бир неча бор калтакланган, ҳибсга олиниб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Айниқса, сўнгги пикетлардан бирида маҳаллий лўлилар билан пикетчилар ўртасидаги жанжалдан кейин уларга нисбатан таҳдид ва босимлар кучайган.

“Ҳукумат сайтларида, матбуотда гўëки ўша ерда бўлган тўполонда лўлилардан бир боланинг ўлгани ҳақида туҳмат, уйдирмалар кўтарилди. Шахсан менга ИИБ ходимлари қўнғироқ қилиб, қандайдир тушунтириш хати ёзиб беришимни талаб қилишди. 12 апрель куни, албатта, чақирув қоғози билан келишларини айтишди. Биз 12 апрелни куриб ўтирмай, самолётда учиб кетдик”,- деди А.Тожибой ўғли.

А.Шоймардонов ҳам кучли босимлар бўлиб, жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олинишдан қўрқиб яширинишга мажбур бўлганини айтди. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари судида унинг устидан суд жараёни давом этаётир.

А.Шоймардоновнинг айтишича, бир пикет вақтида милиция ходимлари уни судга мажбуран олиб кетган.

“Биринчи сафар судга куч билан олиб келишса, иккинчи сафар жиноятчи сифатида олиб келишлари аниқ эди”,- дейди Аҳтам Шоймардонов.

Абдулла Тожибой ўғли эса кейинги пайтда алъянс аъзоларининг барчасига босимлар кучайганини таъкидлади.

“Сўнгги вақтлардаги фаол ҳаракатларимиз, сафларимизнинг кенгайиши Ўзбекистон раҳбарияти кўнглига ғулғула солди. Яъни бу қандайдир кучга айланиб кетишидан қўрқди. Оқибатда пикетчиларга нисбатан ҳар хил ғаламисликлар уюштирила бошлади. Бу бизни ташвишга солди. Охир-оқибат биз Ўзбекистондан бошқа давлатга мажбур бўлиб чиқиб кетдик”,- деди А.Тожибой ўғли.

Абдулла Тожибой ўғли ва Аҳтам Шоймардонов Ўзбекистон президентлигига ўз номзодларини кўрсатиш ниятида бўлган, бироқ улар номзодлар рўйхатига киритилмаганди.
XS
SM
MD
LG