Линклар

Уч йиллик уқубатлар сабаблари

  • Сарвар Усмон

“Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ. Чунки ҳақиқат эгилиши, букилиши, лекин синмаслиги тасдиғини топди. Яхшилик билан ëмонлик баробар бўлмайди, деганини ҳақиқатда биз бугунги кунда бошимиздан кечириб, кўриб турибмиз”.

Бу “Иваново ўзбеклари”дан бирининг Европа суди қарори ўзлари фойдасига бўлгани ҳақидаги хабарни эшитганидан кейин айтган гаплари. Аслида андижонлик ўзбеклар бўлган жабрдийдалар бу кунни уч йил кутди.

Ҳукмга кўра, Россия “Иваново ўзбеклари” – 12 ўзбекистонлик ва бир қирғизистонликни экстрадиция қилиши мумкин эмас. Боз устига, Россия ҳукумати етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш учун уларнинг ҳар бирига 28 минг 228 доллардан, жами 366 минг 964 доллар товон пули тўлаши керак.

Бу ҳақда 24 апрель куни “Ассошиэйтед пресс”, “Рейтер” ва бошқа қатор ахборот агентликлари хабар қилди.

Хўш, “Иваново ўзбеклари” киму, уларнинг иши нима учун Европа судида кўрилди?

Мана уларнинг исмлари:

Умарали Алимов
Илҳомжон Исмоилов
Қобил Қосимхўжаев
Аббосхон Маҳмудов
Абдурауф ва Иззатулло Муҳаммадсобировлар
Рустам Наимов
Маҳмуд Рустамхўжаев
Шукрулло Собиров
Сардор Улуғхўжаев
Искандар Усмонов
Мамиржон Тоштемиров
Ҳотамжон Ҳожиматов
ва
Хуршид Ҳамзаев.

“Ростекс” ширкати соҳиблари ва хизматчилари бўлган бу ўзбекистонлик йигитларнинг ортда қолган уч йиллик кўргиликларини бирма-бир айтиб ўтиришга, табиийки, вақт етмайди.

Келинг, яхшиси, “Иваново ўзбеклари” иши юзасидан матбуотда эълон қилинган юзлаб мақоладан бир нечасининггина сарлавҳасини келтирайлик.

“Ивановодаги ўзбекларни пахта савдоси билан шуғулланганликлари учунгина қўлга олдилар”.

“Ивановода ҳибсда ушлаб турилган 14 ўзбек очлик эълон қилди”.

“Ивановолик ўзбеклардан бири суд ҳукми билан озодликка чиқарилиши керак, лекин ҳибсда ушлаб турилибди”.

Бундай сарлавҳаларни яна кўплаб ўқиш мумкин. Лекин ниҳоят мана бу сарлавҳа ҳам пайдо бўлди:

“Страсбург ивановолик ўзбекларнинг учинчи мамлакатга чиқиб кетишига рухсат берди”.

“Иваново ўзбеклари” 2005 йилнинг 18 июнида Россия маъмурлари томонидан Ўзбекистоннинг талаби билан қўлга олинган эди. Расмий Тошкент уларни Андижон воқеаларига алоқадорликда айблаган.

Адвокат Ирина Соколованинг айтишича, экстрадицияни талаб қилар экан, Тошкент уларга қарши гувоҳлар кўрсатмалари борлигини рўкач қилган, холос. Россия маъмурлари уларнинг диний-экстремистик гуруҳларга алоқаси бор-йўқлигини текширган ва Федерал хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси далиллар топилмагани тўғрисида маълумотнома берган.

Шунга қарамай, боз устига, БМТ уларни бошпана изловчи шахслар сифатида тан олганига қарамай, ўтган 3 йил давомида бу ўзбекларнинг эктрадиция қилиниш хавфи сақланиб тураверди.

Шунча вақт давомида агар Россия маъмурлари қонунларни мутлақ менсимаганида ва энг муҳими, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази, “Фуқаровий кўмак” қўмитаси каби ташкилотлар аралашмаганида балки “Иваново ўзбеклари” аллақачон Ўзбекистонга бериб юборилган бўлар эди.

“Фуқаровий кўмак” қўмитаси вакили Елена Рябинина Страсбург суди қароридан хурсандлигини яширмади.

“Страсбург қочиб кетгани йўқ. Лекин бу шаҳарда жойлашган Европа инсон ҳуқуқлари судига етиб бориш осон эмас”,- дейди Е.Рябинина.

Агар москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлмаганда ёши улуғи 48га, энг кичиги ҳали 30гаям кирмаган “ивановолик ўзбеклар”нинг бу судга етиб боргунча сочи оқариб кетган бўлармиди.

“Иваново ўзбеклари”га адвокатни “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ёллаб берди. Адвокат эса йигитлар номидан судга мурожаат қилди.

Европа суди ҳукми Европа конвенциясининг бир қатор, жумладан, 3, 5, 6-моддаларига биноан чиқарилди. Яъни суд уларни қийноққа солиниш, инсон учун номуносиб шароитларда ҳибсда сақланиш, мустақил ва объектив бўла олмайдиган судда судланиш хавфи таҳдид қилаётган шахслар, деб тан олди.

Ортда қолган 3 йилдан буён “Иваново” ўзбеклари иши бўйича эълон қилинган мақолаларнинг барчасида бу ишнинг сиёсий экани тўғрисида сўз борди.

Лекин бугунги эшиттиришга тайёргарлик кўрар эканмиз, бу ҳақда ёзилган дастлабки материалларни ҳам топдик.

Масалан, “Курсив Иваново” газетаси ўзининг 2005 йил 28 июль сонида бундай ёзган эди:

“Ивановода 14 ўзбек 18 июнь куни қўлга олинишининг реал сабаби сиёсий эмас. Ёки ҳатто тамомила сиёсий эмас, балки сиёсий-иқтисодийдир. Ёхуд умуман фақат иқтисодийдир. Нима бўлганда ҳам Ўзбекистон пахтасини Ивановога етказиб берадиган “Ростекс” ширкати тор-мор қилинди. Ширкат эса Ўзбекистоннинг президенти ва диктатори курашиб келаётган Андижон кланига қарашли эди”.

Шундай ёзар экан, олис Россиядаги газета балки ҳақдир. Балки Андижон воқеаси баҳона Ўзбекистон пахтаси экспорти билан шуғуланган кучлар Иваново бозорини тортиб олмоқчи бўлгандир. Сиёсатнинг алоқаси йўқдир бу ишга?

Бу саволлар атрофида ҳам “Озодлик” “Иваново ўзбеклари” ҳимояси билан шуғулланган москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан гаплашди.

Озодлик: Балки Ўзбекистондан пахта экспортини назорат қилаëтган кучлар буларни синдириш учун шуларни ўйлаб топгандир?

Елена Рябинина: Албатта, бу мотив ҳам бор эди. Мен уни айблар жиддийлиги жиҳатидан биринчи ўринга қўйган бўлардим. Назаримда, яхшилик билан якун топган бу ишнинг асосий сабаби сиëсийдир. Ўзбекистоннинг диний эътиқод устидан олиб бораëтган сиëсатининг натижасидир. Андижон воқеаларидан кейин ўзбек Миллий хавфсизлик хизмати ва рус Федерал хавфсизлик хизмати ўртасидаги ҳамкорлик ШҲТ доирасида кучайди ва у бугунги кунда халқаро қонун, ҳуқуқ ва келишувлар доирасидан чиқиб кетди.

Худди шундай фикрни бир неча йилдан буён Москвада яшайдиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев ҳам айтди: “Шундай бўлиши ҳам мумкин, лекин биринчи навбатда бу сиëсий. Чунки Россия ҳукумати ëки Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий ëки солиқ тўламади, деган баҳона билан уларнинг фирмаларини олиб қўйиши мумкин эди. Лекин мен сиëсий, деб қарайман, чунки тергов мобайнида Ўзбекистон ИИВдан келиб: “Булар акрамийларга ëрдам берган”, деган мазмунда кўпроқ гапирган”.

“Иваново ўзбеклари”дан бири, “Ростекс” ширкатида оддий хизматчи бўлиб ишлаган йигит бундан 3 йил аввалги, ҳибсга олинган чоғидаги аҳволи тўғрисида гапириб: “У ëқдан келган айблов қоғозларида кимгадир 200.000 доллар берилган, кимгадир қанчадир доллар берилган, деган гапларни ўқидик. Бу ҳаммаси уйдирма ва бўҳтон. 200.000 доллар жуда кулгили. Гапнинг очиғи, ўша пайтларда квартирага тўлашга пул топа олмай қолдик. Масалан, менинг бу ерга келганимга 3 ой бўлган эди. Уйдан 2005 йил 18 мартда чиқиб кетганман. Келиб бир фирмада 3 ой ишлаган бўлсам, шу 3 ой ичида уйга 100 доллар ҳам жўната олган эмасман. Менга қарши кўрсатма берган одамларни ҳатто танимайман. Шунақа, ўша пайтларда анча қизиқарли бўлган эди бу”,- деди.

Шундай қилиб, “Иваново ўзбеклари”нинг 3 йилга чўзилган иши ўзининг мантиқий якунига етди.

Бундай десак, уларни ҳимоя қилган ташкилотлар вакиллари: “Ҳали шошманг, ҳали иш кўп, ҳали хавф кўп”, деб огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG