Линклар

logo-print

Чернобилчиларнинг соғи қолмади

  • Садриддин Ашур

http://gdb.rferl.org/AB76E83F-3EE9-455C-AF6F-B4D7C71FBEF7_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/AB76E83F-3EE9-455C-AF6F-B4D7C71FBEF7_mw800_mh600.jpg 26 апрель куни Чернобил фожеаси содир бўлганига 22 йил тўлади. Юз минглаб одамлар саломатлигига жиддий зиён етказган бу фожеанинг асоратлари бугунги кунда ҳам сезилаётир.

Минглаб одамлар нурланиш орқали орттирган касаллик туфайли эрта хазон бўлмоқда, фарзандлари ҳам ногирон бўлиб туғилмоқда. Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ чернобилчи бор эди. Лекин улар ҳозир 7,5 минг киши қолди. Қолганларининг ҳам ҳаммаси ногирон.

Ўзбекистон чернобилчилар уюшмаси раиси Юрий Никонов ҳам «Озодлик» мухбири қўнғироқ қилганида шифохонада экан. У хаста овоз билан зўрға гапирди.

«Биз бу ерда, шифохонадамиз, албатта, бу фожеа асоратларидан ҳалок бўлган дўстларимизни эртага хотирлаймиз»,- деди Юрий Никонов.


Чернобилчилар уюшмасининг Сергели тумани бўлими бошлиғи Собит Зуфаровнинг айтишича, ҳозир чернобилчилар ичида тўрт мучаси соғ одам қолмаган.

«Қолганларнинг кўпчилиги оққон билан касалланган. Қонларимиздаги оққон касаллиги, ошқозондаги саратон билан кўпчилик бевақт оламдан кўз юмяпти»,- деди С.Зуфаров.

Собит Зуфаров ўзининг қон босими касалига чалинганини айтар экан: «1993 йилдан бери умрбод иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиққанман. Ҳозирги кунда қон босими касаллигига дучор бўлганман. Асабийлашиш, оëғимдаги оғриқлар, оëқ бўғинларида оғриқлар, ҳар хил жойларда оғриқ грижалар пайдо бўлган. Лекин энг даҳшатлиси, чернобилчилар ичида оққон касалига чалинганлар кўп»,- деди.

С.Зуфаров Чернобил фожеасининг яна бир даҳшати туғилган барча болалар ҳам ногирон эканини билдирди.

«Чернобил фожеасидан кейин туғилган 4 та фарзандим бор. Уларнинг ҳам соғлиғи заифлашиб боряпти. Ҳаммаси касалманд. Болаларимизда ҳар хил асоратлар келиб чиқяпти. Соч тўкилишлар, баданлардаги оқ доғлар, ҳеч аниқлаб бўлмайдиган касалликлар келиб чиқяпти»,- деди С.Зуфаров.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат чернобилчиларга етарли эътибор қаратяпти: «Дори-дармонларимиз текин. Даволаниш текин. Давлат транспортларида текин юрамиз. Ҳар йил самолëтда текин учиб, давлатларга бориб соғлиғимизни тиклаб келамиз. 6 ойда МДҲ мамлакатларига бемалол бориб, соғлиғимизни тиклаб келамиз».

Собит Зуфаровнинг билдиришича, уларнинг ҳуқуқлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган. Иккинчи гуруҳ ногирони 178 минг сўм, учинчи гуруҳ ногирони эса 90 минг сўм пенсия олади.

Лекин «Озодлик»ка интервью берган яна бир чернобилчи Анатолий Кучерявий бу пенсиянинг бугунги бозор иқтисоди шароитида ҳеч нарса эмаслигини айтади.

«Албатта, бугун ҳаммага қийин, лекин бизнинг ёшимиз ўтган ҳамда доим беморларга ҳаммадан ҳам оғир»,- дейди Анатолий Кучерявий.

Иккинчи гуруҳ ногирони Абдумалик Турсунов ҳам чернобилчилар учун берилган имтиёзлар бора-бора камайиб бораётганидан шикоят қилади.

«Имтиëзлар унақа жуда етарли эмас. Шифохонага ëтиб чиқамиз. Имтиëзлар илгари яхши эди, ҳозир унақа нарсалар йўқ. Дори-дармон деярли йўқ бўлди ҳисоби. Олдин бериб турарди. Ҳозир дориларни олиб ташлаяпти, дейишди. Охирги пайтда 2-3 ойда бир марта берса беради инсулинни»,- деди А.Турсунов.

Чернобилчилар уюшмаси раҳбари Юрий Никонов ҳам дори-дармонлар билан таъминлаш муаммо бўлиб турганини тан олди.

Кузатувчилар Украина, Россия ва Чернобил фожеасини бартараф қилишда иштирок этган бошқа давлатлар раҳбарлари ўзаро келишиб, бу одамлар ва уларнинг фарзандлари учун ягона марказий даволаниш мажмуаси яратса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG