Линклар

logo-print

Парад миллий мотамга айлантирилишига бир баҳя қолди

  • Барно Анвар

Кобулда Афғонистон совет қўшинларидан озод этилганининг 16 йиллигига бағишлаб мамлакат президенти ва бошқа юқори мартабали расмийлари иштирокида ўтказилаётган ҳарбий парад ўққа тутилди.

Кутилмаганда бошланиб кетган отишма тадбирни эфирга жонли узатаётган афғон телевидениеси орқали миллионлаб томошабинларга намоён бўлди. Бироз саросимадан сўнг телевидение жонли трансляциясини тўхтатди.

Афғонистон парламентининг тадбирда қатнашган аъзоси Муҳаммад Солиҳ Салжуқийнинг “Ассошиэйтед пресс” агентлигига айтишича, ҳукумат расмийлари ва хорижлик дипломатлар ўтирган ўриндиқлар ёнига иккита граната келиб тушган ва тинимсиз равишда автоматдан ўқ узилган.

Президент Ҳомид Карзайга ҳеч қандай зиён етмади. Аммо парламентнинг бир аъзоси қурбон бўлгани айтилмоқда.

Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Муҳамад Амин Фотимийнинг маълум қилишича, ҳужумда уч киши, жумладан, 10 ёшли болакай қурбон бўлган, яна 9 киши жароҳатланган. Жароҳатланганлар орасида икки депутат, 4 ҳарбий ва хавфсизлик кучларининг бир неча аскари ҳам бор. Афғонистон хавфсизлик кучлари ҳужумни уюштирганликда гумонланаётган 6 киши қўлга олинганини билдирди.

Воқеадан сўнг Афғонистон миллий телевидениеси орқали халқига мурожаат қилган Ҳомид Карзай: “Бугун – мужоҳидлар ғалабасининг 16 йиллиги санасида афғон халқи душманлари байрам тантанасини бузишга ва террорни ёйишга ҳаракат қилди. Бахтимизга афғон хавфсизлик кучлари уларни вақтида тўхтатиш ва айримларини қўлга олишга муваффақ бўлди. Ҳозир ҳаммаси жойида”,- деди.

Ҳодиса Афғонистон совет қўшинларидан озод қилинганининг 16 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган ҳукумат тантанасини тўхтатиб қўйди. Толибларнинг матбуот вакили ҳаракат етакчилари ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олганини маълум қилди.

Воқеадан сўнг “Озодлик”нинг афғон бўлимига телефон орқали интервью берган толиблар матбуот вакили ҳужумни ҳаракатнинг 6 аъзоси содир этгани ва уларнинг уч нафари ўлдирилганини билдирди.

Айни вақтда собиқ бош вазир Гулбиддин Ҳикматёр издошларининг “Ҳизбу Ислом” ҳаракати етакчилари ҳам бу ҳужум учун масъулиятни зиммасига олмоқда. Ҳаракат матбуот вакили уларнинг жангчилари тадбир бўлаётган жойга ракетадан ўқ узганини иддао қилди.

Афғонистон парламенти аъзоси Шукрия Вориқзай “Озодлик”ка берган интервьюсида бу ҳужумни президент Карзайга қарши суиқасд, деб баҳолади.

“Ҳомид Карзайга қарши ҳужум Аҳмадшоҳ Маъсудни хотирлаш маросимида ҳам содир этилган эди. Айрим мужоҳидлар ўзини сиёсий саҳнадан четлаштирилган, деб ҳисобламоқда”,- деди Шукрия Вориқзай.

Президент Ҳомид Карзай ҳокимиятга тепасига келганидан буён бир неча суиқасдни бошдан кечирди. 2007 йилнинг 9 сентябрида Аҳмадшоҳ Маъсудни хотирлаш маросимида нутқ сўзлаши кўзланган Ҳ.Карзай афғон хавфсизлик кучлари огоҳлантируви билан муқаррар суиқасддан омон сақлаб қолинган эди. Кўплаб собиқ мужоҳидлар, жумладан, Ҳ.Карзайнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Қосим Фаҳим ўзларига ҳукумат таркибида кучлироқ ваколат берилишини талаб қилиб келади.
XS
SM
MD
LG