Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:22

Муяссар Ҳошимова: “Эримнинг уйга кириб келиши мен учун энг масъуд дақиқалар эди”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:4wYDevcU3ynJQM:http://kp.belkp.by/readyimages/25777.jpg “Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бу галги қаҳрамони Ўзбекистоннинг талаби билан турмуш ўртоғи Россиянинг Тюмень вилоятида ҳибсда сақланаëтган Муяссархон Ҳошимовадир.

40 ëшни қоралаган М.Ҳошимова асли Намангандан. Аммо тақдир тақозоси билан Россиянинг Қўрғон вилоятидаги Шагрин туманининг татарлар истиқомат қиладиган Юлдуз овулида яшайди.

Муяссар Ҳошимова: Турмушга чиқмасимдан олдин Наманганда тўқувчи бўлиб фабрикада ишлаганман. Турмуш қурганимдан кейин болаларнинг тарбияси билан бўлиб ишдан бўшадим, уйда пайпоқ ва бошқа нарсалар тўқиб бозорга олиб чиқиб сотадиган бўлдим.

М.Ҳошимованинг эри Абдуллажон Исоқов Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Усмоновнинг 2005 йил октябрь ойида Тюмень шаҳри ИИБ номига йўллаган мактуби асосида қамоққа олинган. У исломий ташкилот фаоли сифатида кўрилмоқда.

Муяссар Ҳошимова: Мана уч йилдирки, мен ва болаларимнинг кўзлари нигорон. Ҳали 4 марта суд бўлди. Судда энди билмадим нима дейишган эди. Судга бизни киргизишмайди-ку. Ëпиқ суд бўлади. Бизнинг турмуш қурганимизга 16 йил бўлиб қолди. Яхши яшаб келаëтган эдик. Булар қўяëтган айблардан бирортасини мен шунча йил турмуш ўртоғи бўлиб туриб Ўзбекистонда яшаган вақтимизда ҳам, Россияда яшаган вақтимизда ҳам сезмаган эдим. Бирданига 3 йил олдин ишлаб келаман, деб кетди. Шундан кейин қайтмади.

Озодлик: Нима бўлди ўзи?

Муяссар Ҳошимова: 3 йил олдин хўжайиним Тюменда ишлаб юрар эди. “Мен пропискаларимни кўчириб шу ерга келаман. Мен узоқда юриб сизларга ҳам қийин бўлди”,- деди ва кетиб қолди. 25 апрелми шунақа эди. 1 йил бўлиб қолди. Шундан сўнг қайтиб келмади. Кутамиз йўқ. Орадан 3 йил ўтгач, ҳозир Тюмендаги изоляторда ўтирган экан, деб хабари келди.

Озодлик: Қанақа айб қўйишибди?

Муяссар Ҳошимова: Қанақадир бир диний айб қўйишибди. Нима десам экан, бир ақлга сиғмайдиган, бўлмаган ишлар. У вақтларда эрим Россияда ишлаб юрган.

Озодлик: Эрингиз беш вақт намоз ўқийдиган эътиқодли мусулмонми?

Муяссар Ҳошимова:Ҳа, шу Қуръон билан суннатга амал қилиб юрамиз, деган мусулмонлардан.

Озодлик: Олдин Ўзбекистондаги ҳаëтингиз қандай эди?

Муяссар Ҳошимова: Ўзбекистонда ҳам ҳаëтимиз яхши эди. Бу ерда ҳам яхши эди. Ҳозир шундай бўлиб қолди.

Озодлик: Россияда нима иш қиласиз? Нима билан машғулсиз?

Муяссар Ҳошимова: Ҳозир мен турган овулда ҳеч қанақанги иш йўқ. Энди қариндошларимизнинг ëрдами билан, шу ердаги қўшниларнинг ëрдами билан иккита бола билан яшаяпмиз.

Муяссархон Наманганда туғилиб вояга етганида ҳали совет ҳукумати оëқда эди. Суҳбатдошимиз ўша кунларни эслайди.

Муяссар Ҳошимова: Нима десам экан. Ҳар бир инсон ҳаëтда ўзини тута билса, нима бўлишидан қатъи назар, инсонийлигини йўқотмаса, шунинг ўзи етарли. Совет даврида ëш бўлганмиз, ота-она бағрида бўлганмиз. Ҳаëт нима эканини билмаганмиз. Қийинчиликларини кўрмаганмиз. Турмушга чиқиб ўзимиз мустақил ҳаëтга кирганимиздан кейин қийинчиликлари ҳам бўлди, енгилликлари ҳам бўлди.

Озодлик: Бахтли онларингизни эслайсизми?

Муяссар Ҳошимова: Алҳамдулиллаҳ, биз турмуш қурганимиздан бери доимо бирга бахтли яшаганмиз.

Муяссархоннинг эри Абдуллажон тез-тез олис сафарларга бориб турар ва қўлида совға-салом билан сафардан қайтар эди. Эримнинг уйга кириб келиши мен учун энг масъуд дақиқалар эди, деб эслайди Муяссархон.

Муяссар Ҳошимова: Турмушга чиққанимдан кейин эрим Россияда бизнес иши билан юрар эди. Олдин мевалар олиб кетар эди. Кейин кийим-кечаклар. 15 кун-1 ойда бир марта қайтиб келар эди. Мен қизчам билан бирга қоладиган эдим. “Ассалому алайкум, яхши ўтирибсизларми”, деб эшикдан кириб келиши мен учун қувончли эди. Доимо оиламиз тиклансин, бахтли ҳаëт кечирайлик, деб юрарди. Ота-онасига ëрдам берарди. Бахтли онларимиз кўп бўлган. Ҳар бир лаҳзада бахтли бўлганмиз, десак бўлади.

Озодлик: Бундан 16 йил олдин турмушга чиққанингизда Россияга кетаман, шунақа муаммоларга дуч келаман, деб ўйлаганмидингиз?

Муяссар Ҳошимова: Йўқ, биз ҳеч унақа ўйламаганмиз. Ҳатто хаëлимизга ҳам келмаган эди.

Озодлик: Россияда ва ўша сиз яшайдиган қишлоқдаги татарлар сизга қандай қарашади?

Муяссар Ҳошимова: Биласизми, шу 3 йил йўқ бўлганида: “Террорчи экан бунинг эри. 3 йилдан бери хабар олмайди. 2 та бола билан ташлаб кетди”, деган турли гап-сўзлар бўлди. Лекин шу қишлоқ халқининг кўпчилиги яхши муносабат билан қарашади. 3 йил олдинги оғир вақтларда ҳам, ҳозирги оғир вақтда ҳам доимо кўнглимизни кўтариб, қўлларидан келганча ëрдам беради. Битта-иккита кишиларнинг гапларини ҳисобга олмасангиз, қишлоқ аҳлининг бизга муомаласи яхши. Ўзбекистонда ҳам яхши яшаган эдик. Бунақанги қайғуларимиз бўлмаган эди. 3 йил ичида шу ҳолатга тушиб қолдик. Ўзим ҳам билмайман нимага шунақа бўлганини.

Озодлик: Мана, Ўзбекистондан минглаб одам ишлаш учун Россияга келяпти. Сиз яшаётган қишлоқда ишлаëтган ўзбеклар борми?

Муяссар Ҳошимова: Қишлоғимизга келиб ишлаëтган ўзбеклар йўқ. Шаҳарга борган вақтларимизда кўриб қоламиз. Бозорга у-бу нарса олгани борганда кўриб қоламиз.

Озодлик: Қишлоқлар ҳувиллаб қоляпти, тобут кўтаришга эркак йўқ, дейишяпти...

Муяссар Ҳошимова: Албатта, оилада ҳар бир кишининг ўз ўрни бор. Албатта, эркакларимиз олдимизда бўлса, деб юрардик. Энди иш йўқ бўлгани учун у ëқ бу ëққа чиқиб ишлаб юрдилар. Шу ернинг ўзида иш бўлса, эрта кетиб кечқурун оиласи бағрига қайтиб келса, деб ўйлардик.

Муяссархон ҳар куни эшик тиқилласа, эшикка қараб, эрим қамоқдан келмадимикан, деб энтикади. Умид ва соғинч билан яшайди.

“Бир ўғил, бир қизим бор. Оталарини кунда эслашади. Қизимнинг исми Розия, ўғлимники Зубайр”,- деди Муяссархон.

Муяссархон ўзи бошдан кечирган сўнгги 16 йиллик даврни ҳеч кимга раво кўрмайди.

“Бундай кунни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бирор кишига қалбимда ëмонлик йўқ. Биз бундай ҳолатни ҳеч кимга раво кўрмаймиз”,- деди у.

“Қамоқдагилар “Озодлик” радиосини эшитар экан, мабода эрим ҳам эшитиб қолса, унга айтадиган гапларим бор,- дейди Муяссар. - Аллоҳ сабр берсин. Худо хоҳласа, яхшиликлар бўлса, ишлари ўнгланиб қолса, оиламизга, фарзандларини бағрига қайтсинлар. Биз у кишини кутамиз. Яхшиликлари бўлсин, деб ўйлаймиз ва шундай деб дуо қиламиз”.
XS
SM
MD
LG