Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:55

Душанбе ҳокими газетфурушлар товоғига чанг солди


Тожикистон пойтахтида қўлда газета сотиш тақиқланди. Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев имзолаган янги қарорга кўра, мамлакатда тарқаладиган барча нашрлар махсус дўконларда сотилиши шарт.

Бу қарор фақат мустақил газеталарга тегишли, дейиш мумкин. Чунки ҳукуматга қарашли тўртта нашр, асосан, тўғридан-тўғри ўз обуначилари қўлига етиб боради. Бироқ катта тиражларда нашр қилинадиган мустақил газеталар қўшимча даромадга эҳтиёжманд нафақахўрлар ёрдамида муштарийларга етказиб берилади.

Пойтахт ҳокими ўз қарорини шаҳар кўчаларида тартиб ўрнатиш ўлароқ баҳоламоқда. Бироқ мустақил газеталар вакиллари бу қарор Душанбеда тартиб ўрнатишга таъсир этмаслиги, аксинча газета тарқатиб кун ўтказаётган 500дан ортиқ инсон учун мушкулликлар туғдиришини таъкидлаётир.

Журналистлардан бирининг айтишича, мустақил нашрлар кўпинча амалдаги ҳукумат сиёсатидаги камчиликлар, жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, амалдорларнинг порахўрлиги каби нуқсонларни қаламга олаётгани учун ҳам шаҳар ҳокими матбуотчилар ва муштарийлар ўртасида қасддан тўсиқ яратаётир.

Газета тарқатиш эса, юқоридаги таъкидланганидек, кўпгина душанбеликларнинг кун кечириш манбаи бўлиб қолганди.

“Уч йил бўлди, турмуш ўртоғим Россияга ишга кетган. Аммо ҳозирга қадар ундан хат ҳам, ёрдам ҳам йўқ. Ёш болаларимга нон топиш учун газета сотар эдим. Шаҳар раиси етим болаларимни ҳар кунлик нонидан маҳрум этди”,- дея куйинди газета тарқатувчи бир аёл.

Ортда қолган ҳафта бошида Тожикистон журналистлари уюшмаси раиси ҳамда бир қанча мустақил нашрлар бош муҳаррирлари шаҳар ҳокимига расмий мактуб орқали мурожаат этиб, ундан қарорини бекор қилишни талаб қилган эди. Бироқ шу кунга қадар амалдордан бирор жавоб бўлгани йўқ.
XS
SM
MD
LG