Линклар

logo-print

Тожикистон жаҳон уран бозорида фаоллашмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатда мавжуд уран захираларидан фойдаланиш ва бунинг учун тегишли қонуний база яратиш юзасидан тегишли идораларга топшириқ берди.

У мамлакат парламентига йиллик ҳисоботида жаҳондаги уран захираларининг 13-14 фоизи Тожикистонда жойлашгани ва бу захиралардан фойдаланишга доир дастур ишлаб чиқиш борасида сўз очди.

Тожикистон раҳбарининг топшириғига кўра, дастур ишлаб чиқиш учун ҳукумат ишчи гуруҳи ташкил этилди.

“Бу ишчи гуруҳнинг асосий мақсади, аввало, уран захираларини аниқлаш ва ундан фойланишга доир дастур ишлаб чиқишдан иборат. Мамлакатимизда уранни қайта ишлаш заводи бор. Шўролар даврида бу завод йилига 1 миллион тоннадан ортиқ хомашёни қайта ишлаб, ундан уран оксиди олар эди”,- деди Тожикистон атом энергияси агентлиги раиси Ўлмас Мирсаидов.

Унинг билдиришича, совет даврида уран Сўғд вилоятининг Тобошар, Адрасман туманларида қазиб олинган. Ҳозирги кунда бу ҳудудларда қайта ишланган урандан қолган минглаб тонна чиқинди сақланмоқда.

“Ҳозир жаҳон бозорида уран нархи жуда қимматлигини назарга олган ҳолда биз шу чиқиндилардан фойдаланиш йўлларини ҳам ахтармоқдамиз”,- деди Ўлмас Мирсаидов.

Агентлик раҳбари Тожикистоннинг амалдаги қонунларига кўра, уран фақат давлатга тегишли заводларда қайта ишланиши кераклигини, аммо зарурат туғилса, қонунга ўзгартиш киритиб, қайта ишлаш соҳасига хорижий сармоядорларни ҳам жалб этиш зарурлигини айтди.

“Россиянинг бир қанча компаниялари Тожикистонга бу борада ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билан мурожаат этган. Лекин ҳозирча биз, аввало, ўзимизда мавжуд уран захиралари миқдорини аниқлашимиз, шундан сўнггина ҳамкорлик борасида келишиб олишимиз керак”,- деди Ўлмас Мирсаидов.

Совет даврида Тожикистон урани Сўғд вилоятининг Чкаловск шаҳридаги “Востокредмет” заводида қайта ишланарди. Аммо хомашё йўқлиги сабабли завод 1991 йилдан бери ишламайди.
XS
SM
MD
LG