Линклар

Андижонлик амалдорлар қамоққа равона бўлди

  • Садриддин Ашур

“Press-uz.info” ахборот агентлиги Андижон вилоятининг бир гуруҳ мансабдор шахслари давлат мулкини ўзлаштирганликда айбланиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўтган жума куни Андижон вилояти судида мазкур жиноят иши юзасидан 22 киши судга тортилди. Энг кўп қамоқ муддати, яъни 16 йил шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи Лазизбек Мамадалиевга берилди. Шунингдек, “Андижондонмаҳсулотлари”, “Андижонэлектродвигатель”, “Андижонёғмой”, “Кардо” хусусий фирмаси раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар ҳам жавобгарликка тортилди. Суд жараёнларидан маълум бўлишича, солиқ бошлиғи Лазизбек Мамадалиев ана шу шахслар билан ўзаро тил бириктириб, бюджетга тушиши лозим бўлган 1 миллиард 677 миллион сўмни ноқонуний ўзлаштирган. Тергов давомида бу пулларнинг ҳаммаси қайтариб олинган.

Андижонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саодатхон Отахонованинг айтишича, бу воқеадан сўнг раҳбарлар қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолган.

С.Отахонова Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам коррупция ва мансабни суиистеъмол қилиш авж олиб кетганини, лекин бунга қарши жиддий кураш олиб борилаётганини таъкидлайди.

“Оддий халқ амалдорлар пул билан қутулиб кетишига ишониб қолган. Яқиндан бери қисман бўлса ҳам амалдорлар ўртасидаги бундай нарсаларга чек қўйиляпти. Билишимча, ҳозир амалдорлар ўз ишига жуда масъулиятли қараяпти. Чунки ҳозир уларнинг амалдор ëки амалдорнинг ўғли эканига қараб ўтиришмаяпти. Қонун олдида ҳамма баробар, деган нарсани Андижон вилояти рўëбга чиқарди”,- деди С.Отахонова.

Лекин андижонлик ўқитувчи суҳбатдош бу фикрларга қўшилмайди.

Унинг фикрича, аслида бугун Ўзбекистонда коррупция кириб бормаган бирорта ҳам соҳа қолмаган. Бу амалдорларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши эса бу соҳада кенг кўламли кураш олиб бориляпти, деган маънони бермайди.

“Фикримча, ҳаммаëқ коррупция ботқоғига ботиб бўлган. Фуқаролар ҳам буни нормадек қабул қилади. Бу тобора авж олиб кетяпти. Системали тарзда коррупцияга қарши курашиш учун демократик механизмларни ишлатса ҳам маълум давргача давом этиб, секин-аста барҳам топиши мумкин. Бунинг учун мухолиф кучлар, матбуот эркин бўлса, кўпроқ коррупциячиларни топиб суд қилган бўлар эди. Энди ҳукуматнинг нияти ўта кетган сурбетларни анча-мунча топиб, бизда ҳам кураш бор, деган томошани кўрсатиш бўлса керак. Аслида эса катта амалдор шахслар тўрга илинмайди. Чунки улар наҳанглар. Тўрга эса ўрта бўғиндаги амалдорлар тушади. Улар доим қурбон қилинишга захирада туради”,- дейди андижонлик ўқитувчи.
XS
SM
MD
LG