Линклар

logo-print

Тожикистон раҳбарияти Роғунни халқ ҳисобидан қурмоқчи

  • Гулнора Равшан

Тожикистон раҳбарияти мамлакат фуқароларига мурожаат этиб, Роғун ГЭС қурилишига ўз улушларини қўшишга чақирди ҳамда май ва июнь ойлари маошларининг 50 фоизини ушбу қурилишга ажратишни сўради.

Тожикистон парламентининг юқори палатаси - Миллий Мажлис раиси, Душанбе шаҳри ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллоев фуқароларга мурожаатида агар икки ойлик маошининг 50 фоизини ажратса, фақат пойтахтликларгина ГЭС ҳисобига 10 миллиондан доллардан ортиқ маблағ йиға олишини билдирди.

Парламент матбуот маркази парламентнинг ҳар иккала палатаси вакиллари бир ойлик иш ҳақини тўлалигича Роғун ГЭС ҳисобига ўтказишга қарор қилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Бироқ оддий тожикистонликлар – корхоналар, давлат идоралари ва таълим муассасалари ҳамда бошқа турли ташкилотларда ишлаётган кўп сонли фуқаролар ҳукуматнинг бу таклифини норози бўлиб кутиб олди. Айримлар парламент раҳбарининг мурожаати фақат мойли жойларда ишлаётган одамларгагина тегишли экани, чунки бошқа тоифа кишиларнинг аксарияти зўрға кун кечираётганини таъкидлади.

Оддий тожикистонликларни Роғун ГЭС қурилишида фаол қатнашишга чақириқ бундан аввалроқ мамлакат президенти Имомали Раҳмон оғзидан янграган эди.

Ҳозир Тожикистондаги аксарият корхоналар ёлчитиб ишлаётгани йўқ. “Нафиса” тўқимачилик фабрикаси , “Тожиккимёсаноат” каби энг йирик саноат корхоналари фаолияти бутунлай тўхтаган. Йиллар давомида бу корхоналарда ишлаб рўзғор тебратган тожикистонликларнинг кўпи муҳожирликка, қолган қисми эса бозорга чиқиб кетган.

Шу кунгача бир амаллаб фаолиятини давом эттириб келган бармоқ билан санарли корхоналар ҳам ўтган қиш қаҳратонида рўй берган энергетик инқироз сабабли фаолиятдан тўхтатилган эди. Айни пайтда электр энергиясига белгиланган чеклов боис, Тожикистон алюминий заводидан ташқари қолган барча корхоналар 50 фоиз қувват билан ишламоқда.

Баъзи кузатувчилар Роғун ГЭСни қуришда идора, корхона ва ширкатлар ходимлари маошини сўраган ҳукумат мулозимлари ё ерлик эмас, ёки мамлакатдаги иқтисодий шароитдан яхши огоҳ эмаслигини киноя қилмоқда. Айрим кузатувчилар эса Тожикистон раҳбариятининг бу таклифи ўз халқи устидан кулишдан бошқа нарса эмаслигини айтаётир.

Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭС тўғони баландлиги масаласида келиша олмагандан сўнг Россиянинг “Русал” компанияси билан ГЭС қурилиши борасида имзоланган шартномани бир томонлама бекор қилиб, бу лойиҳани ўз кучи билан амалга оширишини овоза қилган эди. Бироқ мустақил кузатувчи Ҳамдам Қаҳҳоров Тожикистон ҳукумати ўз халқидан садаға йиғиш йўли билан бу йирик иншоотни қура олмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG