Линклар

logo-print

Тошкентда хавфсизлик масалалари муҳокама қилиняпти

  • Абдулла Искандар

27 апрель куни Тошкентдаги “Интерконтинентал” меҳмонхонасида ЕХҲТ ва АҚШ Тараққиëт дастури расмий Тошкент вакиллари билан биргаликда Марказий Осиё хавфсизлигига бағишланган анжуман ташкил қилди.

Тошкент ислом университети, Минтақавий сиëсат жамғармаси, Стратегик тадқиқотлар институти ҳам анжуман мезбонлари рўйхатига киритилган

Анжуман ташкилотчиларидан бири, Ўзбекистондаги Минтақавий сиëсат жамғармаси вакиласининг “Озодлик”ка билдиришича, тадбир тўлалигича МОдаги барқарорлик ва беқарорлик омилларига бағишланган.

“Кўрилаëтган мавзу “Хавфсизликни таъминлаш ва МОнинг изчил ривожланиши”дир. Тадбирга бизнинг Минтақавий сиëсат жамғармамиз мезбонлик қилмоқда. Анжуманда Афғонистон бўйича америкалик таҳлилчи Кристофер Майкл Баланкард, россиялик шарқшунос Сергей Лузянин, туркиялик тадқиқотчи Вурал Олтин ва Буюк Британиядан Ширин Акинер иштирок этмоқда”,- деди жамғарма вакиласи.

“Озодлик” мухбири МОдаги барқарорлик масаласида айрим сиёсатшуносларнинг фикрларини ўрганди.

“Мен барқарорлик ва минтақа хавфсизлигига жуда катта ҳисса қўшадиган йўналишлар, омилларнинг иккитасини ажратиб кўрсатган бўлардим: биринчиси, демократик ислоҳотлар ва демократик тараққиëт йўли. Иккинчиси, минтақадаги интеграция жараëнини охиригача етказиш. Яъни интеграция моделини барпо этиш”,- дейди тошкентлик олим Фарҳод Толипов.

Анжуман ташкилотчиларидан бири бўлмиш Стратегик тадқиқотлар институтининг собиқ ходими Камолиддин Раббимов эса МОда барқарорлик омилларини билиш учун беқарорлик омилларига тўхталиш лозимлигини айтади.

“Биринчи ўринга ижтимоий масалалар, яъни ишсизлик, аҳолининг ойлик даромадлари етишмаслиги ва нарх-навонинг ошиб боришини қўйиш керак. Булар ҳаммаси бир-бири билан боғлиқ. Лекин айни пайтда бу сиëсий вазият билан боғлиқки, бугунги кундаги МО давлатларининг аксарият қисми жамиятга боғлиқ эмас. Жамиятдаги кайфиятларга ва жамиятда кечаëтган аҳолининг ўзини ҳис қилиш даражасига боғлиқ эмас. Чунки сўз эркинлиги ва эркин сайловлар каби демократик институтлар бугун тўлақонли ишламайди ëки мутлақо ишламайди”,- деди К.Раббимов.

Анжуман ишида Тошкент ислом университети уламолари ҳам иштирок этмоқда. Хўш, МОда ислом омили барқарорлаштирувчими ëки беқарорлаштирувчи?

“Келажакда Ўзбекистонда ва умуман МО минтақасида ислом омилининг роли ошишини кузатишимиз мумкин. Мўътадил ислом мутлақо беқарорликка олиб келмайди, деб ўйлайман. Барқарорликнинг нафақат бир муҳим омили, ҳаттоки барқарорликнинг бир кафолати сифатида ҳам кўрилиши мумкин”,- дейди Фарҳод Толипов.

Таҳлилчи К.Раббимов назарида ҳам ислом барқарорлаштирувчи ролни ўйнаши мумкин.

“Ислом беқарорликка хизмат қилади, дейиш мутлақо нотўғри. Чунки ислом дини маълум бир вазиятларда жамиятни барқарорлаштиради. Агар жамиятда ислом категорияларидан келиб чиқиб адолатсизлик кучаядиган бўлса, ислом қаршилик кўрсатиш мафкурасига айланиб боради. Шу нуқтаи назардан, исломнинг жамиятдаги вазифаси жамиятнинг ижтимоий-сиëсий ҳолатига боғлиқ”,- деди К.Раббимов.

Анжуманда МО барқарорлигига таҳдид солаëтган омиллар ҳақидаги турли фикр-мулоҳазалар ҳам янгради. Бу омилларга Фарҳод Толипов ҳам тўхталди.

Фарҳод Толипов: Таҳдидларнинг каттасини ҳам, кичигини ҳам кўрсатишим мумкин. Хусусан, дейлик таҳдидларнинг соҳалари бор: ҳарбий, экологик, иқтисодий. Мана, Орол денгизининг қуриб бориши МО минтақаси учун экологик жиҳатдан таҳдид солувчи омил ҳисобланади.

Озодлик: Бугун МОдаги амалдаги авторитар шахслар, жумладан, Ислом Каримов МОдаги барқарорлик учун таҳдидми?

Фарҳод Толипов: Назаримда, бу, албатта, таҳдид ва муаммо.

Анжуман ўз ишини 30 апрель куни ҳам давом эттиради. Таҳлилчи Фарҳод Толипов назарида бу анжуманнинг илм-тафаккур дунëсидаги нуфузи ўта паст.

“Ўйлашимча, бу шунчаки анжуман. Яъни илмий, жиддийлик савияси юқори бўлмаса керак. Мен бундай анжуманларнинг кўпларини кўрганман. Менимча, бизнинг олимларимиз, сиëсатшуносларимиз ҳали жиддий анжуманларга хос даражада илмий, академик тилда олиб боришга ҳали етиб борганича йўқ. Шунинг учун бундай анжуманларимиз қуруқ гаплар билан чекланиб, ноилмий фикрлар билан аралашиб кетади. Шу нуқтаи назардан, бундай анжуманларнинг қадри юқори бўла олмайди”,- деди Ф.Толипов.

Анжуман ишида ЕХҲТ ташкилоти вакили Рафаэл Френсис Перл ҳам иштирок қилмоқда.
XS
SM
MD
LG