Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:52

Мактаблар ипак қурти боқмоқда


Андижон вилоятида мактаб ўқувчиларини меҳнатга жалб этишнинг янги турлари яратилди. Туман ҳокимликлари қарори асосида ҳар бир мактаб директори билан ипак қуртини ўстириш ва пилла етиштириш бўйича шартномалар туздирилгани маълум бўлди.

Мухолифат вакили Пўлат Охуновнинг хабар беришича, ҳар бир мактабга 40 граммдан қурт берилган. Қурт боқиш мактаб ўқувчилари зиммасига юкланган. Бундан ташқари, мактабларнинг синф хоналаридан қурт боқиш учун жой ажратилган.

“Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақида қарорлар чиқиб турган бир пайтда Андижонда мактаб ўқувчилари пилла етиштириш каби сермашаққат юмушга жалб қилинди,- дейди Пўлат Охунов. – Масалан, Шаҳрихон туманидаги 1-мактабга қурт берилибди. Ҳатто бир ўқитувчи бригадир қилиб тайинланибди. Бошқа туманларда ҳам бир-иккита мактабга, идоралар, корхоналарга ҳам қурт берилган экан. Умуман қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлмаган жойларга ҳам берилиб, шунақа ишлар бўлаëтган экан”.

Унинг сўзларига кўра, 40 грамм аслида кам кўрингани билан пилла бўлиб етишганда жуда кўп бўлади. Тажриба ëки ҳайвонлар ҳаëтини ўрганиш масаласида бир-икки дона қуртни ривожлантириш мумкин. Лекин бунча қурт 3-4 та хонани олади. Пилла боқиш жуда катта меҳнат ва сарф-харажат талаб қилади. Шунинг учун буни болалар меҳнатини суиистеъмол қилиш ҳисоблаш мумкин.

Андижонлик Умрзоқ отанинг айтишича, болаларнинг қурт боққан ота-оналарига ëрдамлашиши оддий бир ҳолат.

“Аввалдан кичик болалар қурт боққан, ҳозир ҳам боқаверади. Қурт олгандан кейин ўзбек биргалашиб боқади. Мен сизни тушундим. Сиз болалар меҳнати, демоқчисиз. Бу унақа гапмас. Уйга киргандан кейин қуртга ҳамма қарайди”,- деди Умрзоқ ота.

Пўлат Охунов эса қурт боқиш каби сермашаққат ишга болаларни жалб қилиш Ўзбекистон қонунларига ҳам, халқаро мезонларга ҳам зидлигини таъкидлади.

“Ëшлигимиздан биламиз, хонадонда қурт боқилганда бир ëки икки хона қурт учун ажратилади. Бу хоналарда одам яшамайди. Фақат қурт боқилади. Мактабларда боқилса, бу синф хоналарни банд қилади ва болаларнинг таълим олиш жараëнларига таъсир қилади. Андижон мактабларидаги ўқув хоналари қурт ҳисобидан камайган ва бунинг ҳисобига ўқув соатлари қисқартирилиб, мактаб ўқувчиларига баҳолар қурт боқишда кўрсатган хизматлари асосида қўйилмоқда”,- деди Пўлат Охунов.
XS
SM
MD
LG