Линклар

Пан Ги Мун инқирозга қарши курашга раҳбарлик қилади

  • Ҳасанжон

Дунёда юзага келган озиқ-овқат бўҳронини ҳал қилиш учун БМТ ташкилотлари, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси иштирокида Бернда ўтган икки кунлик саммитда БМТ бош котиби Пан Ги Мун раҳбарлигида махсус орган ташкил этишга келишилди.

Сўнгги ойларда дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг муттасил ошиб бораётгани халқаро ҳамжамиятни жиддий ташвишга солмоқда.
Дунёнинг аксар аҳолиси учун асосий озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган буғдой ва гуруч нархининг кескин ошиб кетишига нефть қимматлиги, озиқ-овқатга бўлган талаб кўпайгани, биологик ёнилғи ишлаб чиқариш учун далаларга бошқа экинлар экилаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Швейцария пойтахтида ўтказилган йиғилиш сўнггида БМТ бош котиби раҳбарлигида махсус орган ташкил этишга келишилди.

“Биз БМТ ҳузурида дунёда юзага келган озиқ-овқат бўҳронини ҳал этиш билан шуғулланувчи махсус орган тузишга келишиб олдик. БМТ ташкилотлари, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасини ўз ичига олган, мен раислик қиладиган ушбу орган ўзаро ҳамкорликда муаммони ҳал қилишнинг самарали механизмини ишлаб чиқади”, – деди БМТ бош котиби.

Пан Ги Мун дастлабки вазифа озиқ-овқат сотиб ололмаётган камбағаллар қорнини тўйғазиш эканини айтди. У донор давлатларни нархлар кўтарилгани сабаб юзага келган камомадни қоплаш учун БМТ Озиқ-овқат дастурига қўшимча 755 миллион доллар пул ажратишга чақирди.

“Фавқулодда харажатлар учун зарур бўлган маблағга эга бўлмасак, яна кенг миқёсда очарчилик ва мисли кўрилмаган даражада ижтимоий тартибсизликлар юзага келиши мумкин”, – деди БМТ бош котиби.

У БМТнинг Озиқ-овқат ва Қишлоқ хўжалик агентлиги дунёнинг камбағал давлатларидаги фермерларга бир миллиард 700 миллион долларлик уруғ етказиб бериш режасини ишлаб чиққанини сўзига қўшимча қилди.

Озиқ-овқат бўҳронини ҳал этишда ёрдам бериш учун Жаҳон банки Африка давлатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасига келаси йил берилиши мўлжалланган кредитлар миқдорини икки баробар ошириб, 800 миллион долларга етказиш режаланганини маълум қилинди.

Жаҳон банки президенти Роберт Зеллик эса дунё давлатларини озиқ-овқат экспортига чеклов қўймасликка чақирди.

“Биз давлатларни экспортни тақиқламасликка чақирамиз. Бундай чеклов захира тўплашни рағбатлантиради, нархлар ошишига туртки бўлади. Бунда дунёдаги зўрға кун кўраётган камбағаллар энг кўп азият чекади”, – деди Роберт Зеллик.
XS
SM
MD
LG