Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:33

“Қора рўйхат”даги амалдорлар Европага бемалол сафар қилиши мумкин


Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Люксембургда ўтказилган йиғилишда Тошкент расмийларига нисбатан жорий қилинган виза чекловини тўхтатиб туриш қарорини яна олти ойга узайтиришга келишиб олди.

“Улар виза чекловини яна олти ой қўлламасликка қарор қилди. Уч ойдан кейин кенгаш Ўзбекистон ҳукумати ЕИ шартларини қандай бажараётгани масаласини кўриб чиқади”, – деди ўз исмини айтмасликни сўраган ЕИ расмийси.

У ЕИ шартлари нималардан иборат экани ҳақида гапириб: “Бу шартлар инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилаш, қонун устиворлигини таъминлаш, Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини бажариши, қамоқдаги инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилиш, “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг янги вакилини дарҳол аккредитациядан ўтказиб ташкилотнинг фаолият юритишига имконият яратиш, БМТнинг қийноқларга қарши махсус маърузачиси билан ҳамкорлик қилиш, матбуот эркинлигини таъминлаш ва нодавлат ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиши ва фаолият юритишига халал бераётган тўсиқларнинг олиб ташланишидан иборат”, – деди.

Андижон воқеаларидан кейин ЕИ Ўзбекистон ҳукуматига қарши қурол эмбаргоси ҳам эълон қилган эди. ЕИ расмийси санкциянинг бу қисми ўз кучида қолганини билдирди.

Кузатувчилар ЕИ вазирларининг бу қарори Ўзбекистон ҳукумати учун ижобий ишорадир, деган фикрда. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса ЕИ қарорини танқид остига олди. Хусусан, “Халқаро амнистия” ташкилоти эълон қилган баёнотда ЕИ Андижонда рўй берган оммавий қирғинни унутмаслиги кераклиги қайд этилган.

“Биз ЕИ хулосасида Андижондаги оммавий қирғин қайд этилмаганидан ташвишландик. Бу Европа кенгашининг 2007 йил октябрь ойидаги хулосасида қайд этилган эди. Бизнингча, санкциялар жорий қилинишининг асосий сабаби, яъни Андижон воқеалари юзасидан халқаро текширув ўтказилмагани масаласи эътибордан четда қолди. Андижонда қурбон бўлган одамларнинг оилалари ҳозиргача адолат қарор топишини кутяпти”, – деди “Халқаро амнистия” вакили Майзи Вайшадинг.

У ЕИ Андижон воқеалари хусусида мустақил халқаро тергов ўтказиш талабидан воз кечиб, виза чекловини вақтинча тўхтатиш қарори муддатини яна олти ойга узайтириши Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига нотўғри ишора бўлишини билдирди.

“Виза чекловини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги қарор муддатининг яна узайтирилиши, бизнингча, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига нотўғри мужда бўлади. Улар буни инсон ҳуқуқлари муаммоларига эътибор қаратмаса ҳам бўлаверади, деб қабул қилиши мумкин. Бизнингча, бу нотўғри”, – дейди Майзи Вайшадинг.
XS
SM
MD
LG