Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:33

Ўзбекистонни хориждаги фуқароси қаерда ишлаши ҳам қизиқтиряпти


Ўзбекистонликларга хориждан келаётган пул манбалари ҳақидаги маълумот пул жўнатмалари билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан ҳукуматга ошкор этилаётгани камлик қилганидай, энди хориждан пул жўнатаётган ўзбекистонликлардан ҳам уларнинг қаерда ишлаши ҳақидаги маълумот талаб қилинаётир.

Бу ҳақда “Озодлик”ка Лондонда таҳсил олаётган талабалардан бири маълум қилди.

“Мен Ўзбекистонга 300 доллар пул жўнатиш мақсадимни айтганимда, Лондондаги пул жўнатмалари билан шуғулланадиган LCC компанияси ходимаси қаерда ишлашим ҳақида маълумот ҳам сўради. Мен илгари бундай талаб бўлмаганини айтдим. Ходима эса бу Ўзбекистон томони қўйган талаб эканини айтди”,- дейди “Озодлик” мактуб йўллаган Тўлқин исмли талаба.


2005 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси терроризмни ноқонуний маблағ билан таъминлашни чеклаш мақсадида ўзбекистонликларга хориждан келаётган маблағлар манбасини текшириш ҳақида қарор чиқарган эди. Шундан кейин Ўзбекистонга кирувчи барча маблағлар назорат остига олинди. “Вестерн юнион”, “Анелик” каби бутун дунёда фаолият юритадиган компанияларнинг Ўзбекистондаги филиаллари мамлакат хавфсизлик хизматларига барча маълумотларни тақдим этди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги хорижий банкларнинг бу фаолиятини изоҳлаб: “Бу ерда ортиқча ажабланишнинг ҳожати ҳам йўқ. Халқаро пул жўнатиш тизимлари Ўзбекистон банклари билан ҳамкорликда очилган. Ҳар битта банк ходими МХХ назоратида туради. Булар билан ишлаëтган одамларга шунақа талаб қўйилгандан кейин унинг Лондондаги ва бошқа жойдаги бўлимларига тўғридан-тўғри илтимосномалар жўнатади. Нима, улар Ўзбекистон учун алоҳида бош қотириши керакми? Бу жуда катта сиëсийлашган коррупция тизими”,- деди.

“Вестерн юнион” каби ташкилотлар ўз мақсадлари йўлида ақидаларидан воз кечиб, ҳамма мамлакатда ўша мамлакатнинг сиёсатига мослашади.

“Агар Ўзбекистонда “Вестерн юнион” ташкил қилинган бўлса, у Ўзбекистон банкларига ўхшаган бўлади. АҚШда бўлса, АҚШ банкларига ўхшайди. Халқаро ташкилотлар ҳам маълум даражада йиллар давомида қаерда бўлган бўлса, ўша ерга мослашади. Дейлик, Ўзбекистон 17 йил олдин мустақил бўлган бўлса ва банклар 15 йил олдин очилган бўлса, улар шу йиллар давомида мана шу сиëсатга кўникди, ўрганди”,- дейди А.Ташанов.

Бухоро гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, аслида Ўзбекистон банк тизимида қайсидир бир нарса сир, деб ҳисобланиши катта муаммо.

“Иккинчидан, банкларнинг ҳукумат талаби билан ўз сирларини очиши халқаро нормаларга тўғри келмайди”,- деди Ш.Ғаниев.

Ўзбекистонга ҳар йили четда ишлаб юрган мардикорлардан миллиардлаб пул кириб келади. Кузатувчилар ана шу пуллар ҳақидаги маълумот ҳам МХХга етиб боришини айтаётир.
XS
SM
MD
LG