Линклар

“Озодлик” исёнкор ўзбек шоири Юсуф Жума суд ҳукми билан беш йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса ҳам унга нисбатан қийноқлар давом этаётгани ҳақида хабар берган шоирнинг ўғли Алишер Жумаев билан суҳбатлашди.

Озодлик: Юсуф акадан нима янгиликлар бор?

Алишер: 28 апрель куни аммам Жумаева Роҳатой Бухоро шаҳридаги Отбозор ҳибсхонасига бориб, дадам билан учрашишни талаб қилган. Унга Отбозор ҳибсхонаси раҳбари Тамашукуров қаршилик қилиб, турма ходимларига аммамни калтаклатиб, шаҳарнинг бошқа бир чеккасига олиб бориб ташлатган.

Озодлик: Аëл кишини урганми улар?

Алишер: Ҳа, калтаклашган. Кейин аммам қўлига 1,5 литрлик баклашкага бензин олиб қайтиб, Отбозор олдида ўзини ёқиб юборишини айтгандан кейин дадам билан учрашишга рухсат беришган. Бу учрашувда дадам соғлиғидан шикоят қилган. Бир оëқларини зўрға босиб юрганлар. Бир оëғи йиринглаб, шишиб кетган экан. Кейин таналарида ҳам қийноқ аломатлари бор экан. Асли касби врач бўлган аммам дадамнинг юз-кўзларида қийноқ аломатлари борлигини айтяпти.

Озодлик: Демак, суд ҳукми чиққандан кейин ҳам қийноқлар давом этяпти, шундайми?

Алишер: Ҳа, шундай. Бунга сабаб дадамнинг апелляция судига қилган мурожаатини ва суддан норозиман, деб ëзганларини қайтиб олмаганлари экан. Апелляция суди бўлмаслиги ва дадамнинг суддан бош тортиши учун ҳозир ҳам руҳан ва жисмонан қийнаëтган экан.

Озодлик: Апелляция суди қачонга белгиланган?

Алишер: Дадамнинг апелляция тўғрисидаги аризаси судга топширилган бўлса ҳам на суд, на куни белгиланган. Суд ҳамманинг гувоҳлигида дадам берган аризани ҳам йўқ қилиб юбормоқчи экан.

Озодлик: Демак, энг сўнгги маълумотлар шу?

Алишер: Одамларнинг айтишича, қийноқлардан кейин дадамни юрак шифохонасига олиб боришган. Дадамнинг соғлиғи ëмонлашган. Бунга сабаб қийноқлар. Юраги ҳам ëмон бўлиб қолгандан кейин шифохонага олиб боришган. Ўзи дадамнинг юраги соғлом эди. Умуман юрак оғриғидан шикоят қилмаганлар. Дадамнинг ҳамма жойи соғлом эди. Дадамни марказий касалликлар шифохонасига олиб бориб, юрак касалликлари бўлимига регистрация қилдириб, юрак касалига чиқариб, уни жисмонан йўқотишга ҳаракат қилишаëтган экан.

Озодлик: Укангиз Машрабнинг аҳволи қандай?

Алишер: Укам Машраб Қаршидаги қамоқхонада. Унга ҳам қийноқлар қўлланиляпти. Уни аммам билан амаким бориб кўриб келди. Унинг аҳволи жуда оғир экан. Бошқаларга рухсат бериладиган нарсаларга унга рухсат беришмас экан. Айнан Машрабга бўлган назорат ва қийноқлар бошқаларга нисбатан бўладиган назорат ва қийноқлардан 2-3 баробар кучли экан.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15 апрель куни Бухоро вилояти суди томонидан беш йилга озодликдан маҳрум этилган Юсуф Жума ҳукумат вакилига қаршилик кўрсатиш ва милиция ходимларига тан жароҳати етказишда айбланди. Яна бир ўғли Машраб ҳам беш йилга озодликдан маҳрум этилган, шоирнинг уч ўғли ва хотини мамлакатни тарк этган.
XS
SM
MD
LG