Линклар

logo-print

Она ўғли қийноққа солинаётганига чидай олмаяпти

  • Гулнора Равшан

Етти фарзанднинг онаси Меҳринигор Ризоева тўнғич ўғли мамлакатда мавжуд қийноқлар қурбони бўлаётганидан эътироз билдириб, Душанбедаги Бош прокуратура биноси олдида ўзига ўт қўйишга қасд қилди.

Аёлнинг билдиришича, жорий йилнинг 8 апрелида ўғли Суннатулло Ризоев бир неча ўртоқлари билан биргаликда таниши Неъматуллоҳ Ҳакимовнинг туғилган кунини нишонлаш учун Ҳисор туманига борган. Кайфи ошиб қолган мезбон меъёридан ортиқ шароб ичгач, дастурхон атрофида ўтирган ўртоқларининг номини бирма-бир тилга олиб, сўнгра ҳушдан кетган. Бошқа меҳмонлар қаторида Суннатуллоҳ ҳам мезбон уйқуга кетди, деб ўйлаб уйига кетган. Бироқ эртаси куни Н.Ҳакимовнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқалиб, туман ҳуқуқ-тартибот ходимлари меҳмонда бўлганларни ҳибсга олган.

“Икки ҳафтадирки, ўғлим қилмаган гуноҳлари учун туман ички ишлар бўлимининг вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб турилиб, унга турли қийноқлар қўлланилмоқда”,- деди Меҳринигор Ризоева.

Шу давр мобайнида ҳуқуқ-тартибот ходимлари фақат Суннатулоҳга тегишли қонли кўйлакни қайтариб берган, яқинлари билан бир марта кўришишга рухсат этган.

“Учрашувда ўғлимнинг юзи, кўзи остлари кўкариб кетганини ва бош қисмида бир неча шишларни кўрдим. Ўғлим ҳам менга уни бу ердан олиб кетишимни, чунки милиционерлар кеча-кундуз калтаклашаётганини, бу азобларга чидай олмаслигини айтди. Мен бу борада бош прокурорга ҳам ариза ёзгандим. Чора кўрилмади. Ўғлим Неъматуллоҳнинг ўлимида айбдор эмаслигини тиббий ташхис хулосалари тасдиқлайди. Экспертиза натижаларига кўра, Неъматуллоҳ меъёридан ортиқ шароб ичиш оқибатида вафот этган. Боз устига, жигари ҳам касал бўлган”,- деди М.Ризоева.

Қайд этиш жоизки, жиноятда гумонланувчи шахснинг вақтинчалик сақлаш изоляторларида қийноққа солиниши Тожикистонда илк бор кузатилаётгани йўқ. Бундан бир неча вақт илгари Душанбе шаҳрининг Исмоил Сомоний туманида яшовчи балоғатга етмаган Нодир Набиев ҳам содир этмаган жинояти учун милиция ходимлари томонидан қийноққа солингани аниқланган эди. Бироқ жорий йил март ойига қадар давом этган суд жараёнида тўрт милиция ходимининг айби тўла тасдиқланса-да, суд уларга жарима белгилаш билан чекланди, холос.

Кузатувчилар Тожикистон қийноқларга қарши халқаро конвенцияга аъзо бўлишига қарамай, гумонланувчиларга қийноқлар қўлланилаётгани тез-тез қайд этилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдуқаюм Юсупов кўпинча диний-сиёсий фаолиятда гумонланиб қўлга олинган шахсларга нисбатан тергов чоғида қийноқлар қўлланилаётганини кўпроқ кузатилаётганини таъкидлади.

“Аксарият ҳолларда Ўзбекистон исломий ҳаракати ва “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда гумонланган шахслардан варақалар топилса, тамом. У, албатта, шу ташкилотга аъзоликда айбланади ва узоқ муддатларга қамалади. Аммо тергов чоғида бу шахс варақани қаердан олгани, тақиқланган ташкилотга аъзо ёки аъзо эмаслиги аниқ ўрганилмайди. Аксинча қийноққа солинган гумонланувчи айбни бўйнига олишга мажбурланади”,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

А.Юсупов сўзларига кўра, Тожикистон Жиноят кодексида қийноққа доир алоҳида модда йўқ, жабрланган шахс аризаси бўйича қийноқ усулини қўллаган терговчи айблари исботланса, у Жиноят кодексининг ўз вазифасини суиистеъмол қилганлик моддаси бўйича уч йилга қадар озодликдан маҳрум этилади ёки кўп ҳолларда жарима тўлаш билан чекланади.
XS
SM
MD
LG