Линклар

Ғарб қўғирчоқлари Эрон раҳбариятига ёқмай қолди

  • Абдулла Искандар

Эрон чет элдан келтирилаëтган қўғирчоқлар импортини чекламоқчи. Масалан, бундан 50 йил муқаддам яратилган Барби қўғирчоғи Теҳрон расмийлари таъбига ўтирмаган кўринади.

Барби қўғирчоғи Эрондаги қайси амакининг арпасини хом ўрибди?

“Озодлик” мухбири бу ҳақда радио таҳлилчиси Александр Генис билан суҳбатлашди.

Александр Генис: Расмий Теҳрон ғазабига дуч келган ўйинчоқлар рўйхати анча узун – Барби қўғирчоғи, Бетман, Ўргимчак одам, Ҳарри Поттер ва унинг ҳамтовоқлари акс этган қўғирчоқлар. Эрон расмийлари бу қўғирчоқлар импортини мусулмон болалар қалбига насронийликни сингдириш, ўзига хос салб юриши, деб баҳолаган.

Озодлик: Эрон прокурори имзо чеккан ҳужжатда хориж ўйинчоқлари ҳали жисман ва руҳан кучсиз бўлган болалар соғлиғига жиддий таҳдид қилиши таъкидланади.

Александр Генис: Айни пайтда қўғирчоқлар импорти маҳаллий ўйинчоқ ишлаб чиқариш саноати ривожига тўғаноқ бўлаëтгани айтилади. Расмий Теҳрон фикрича, хориж ўйинчоқларининг энг катта гуноҳи уларнинг ахлоқсизлиги билан боғлиқ. Бу ҳолат билан расмий Теҳрон анчадан бери курашиб келади. Икки йил аввал Эрон полициячилари ўйинчоқ дўконларида рейд ўтказиб, Барби қўғирчоқларининг шариатга кўра кийинишини талаб қилган эди.

Озодлик: Ғарб нуқтаи назаридан қарасак, бу гаплар кулгилидай кўринади. Ўйинчоққа ҳам паранжи кийгизадими?

Александр Генис: Шарқ нуқтаи назаридан ҳам айнан шундай. Ҳар ҳолда эронликлар назарида ҳам бу талаблар кулгили. Ўзига тўқ эронликлар фарзандларига Ғарб ўйинчоқларини мавжуд тақиқларга қарамай сотиб олиб бермоқда. Эрон прокурори бу эркинликка ҳам чек қўймоқчи, шекилли. Айни пайтда жаноб прокурор ўйинчоқ персонажларининг америкалик эмас, маҳаллий бўлишини истамоқда. Эронлик қизалоқларга Барби ўрнига Сорахон ва Дорохон, деган қўғирчоқлар тавсия қилинган.

Озодлик: Аммо 50 йилдан бери донғи дунëни тутган Барби билан маҳаллий Сорахон беллаша олармикин?

Александр Генис: Нимасини айтасиз. Барби ҳақиқатан ҳам мустабид режимга хавф солаëтган кўринади. Биласиз, феминист гуруҳлар талабидан кейин Барби хоним нафақат малласоч, мовий кўз, балки бошқа қиëфаларда ҳам намоëн бўлди. Масалан, қора танли Барби бор. Кўзи қисиқ капкир юзли Барби бор. Барби ҳиндларнинг сарисини, католик роҳибаларнинг жуббасини ҳам кийишга изн олган эркин қўғирчоқдир. Бу қўғирчоқ маҳаллий аҳоли фольклори билан боғлиқ қадриятларга қарши эмас. Бу эса онг остига таъсир қилувчи самарали омилдир.

Озодлик: Демак, Эрон расмийлари хавотирида жон борга ўхшайди.

Александр Генис: Балки шундайдир. Ахир ҳар бир эртак қаҳрамони бу жамият орзу армонларини ўзида акс эттиради. Масалан, Золушка ўз тақдирини меҳнат ва тиришқоқлик воситасида акс эттирган, ўз мавқеини ҳимоя қилган қизалоқ тимсолидир. Микки Маус эса бизга демократиядан сабоқ беради. Ҳатто майда ҳашаротларнинг ҳам кучли ҳокимият қаршисида ҳуқуқи борлигини кўрсатувчи образ бу. Барби бўлса аëллар камситилишига қарши бўлган, ўз ҳусни жамолини жамиятга эркин намоëн қиладиган ўсмир қизалоқ рамзи. Эрон прокурори баëнотида қўғирчоқлар билан уруш “исломий маданият” ва “инқилибой қадриятлар” билан изоҳланади.

Озодлик: Хўш, расмий Теҳрон Барби ва Ҳарри Поттер каби ўйинчоқлар ҳужумидан ўзини ҳимоя қила оладими?

Александр Генис: Бу саволга жавоб топиш учун совет тажрибасига қараш лозим. Ëшлигимда мен кинотеатрда америка ковбойлари ҳақидаги “Қулинг ўргулсин еттилик” фильмини томоша қилишга орзуманд эдим. Аммо ëшим 16га тўлмагани учун бу фильмга қўйишмаган. Бу менга аҳмоқона туюлган эди. Ўқитувчиларим америкача тимсолдан холи чиллак ўйнашимизни истаган, аммо мен ковбой–ковбой ўйнаганман. Тақиқланган таом ширин бўлади.
XS
SM
MD
LG